Мақолалар

Қизингиз турмуш қуришга тайёрми?

Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимга амал қилмаса, у мен (умматим)дан эмас” (Ибн Можа ривояти).

Турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга, мамлакатимиздаги жорий қонун-қоидаларга амал қилган ҳар бир киши, аввало, ўз ҳаёт тарзи тинч-осойишта кечиши учун ишончли асосга эга бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” тўғрисидаги фатвосида: “Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилади. Масалан, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлишлари лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган, ФҲДЁ гувоҳномасига эга бўлмаган ёш оилалар ажрашиб, она боласи билан кўчада қолишини ҳисобга оладиган бўлсак, шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган ФҲДЁ гувоҳномасининг бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътибор қилиш ўринлидир. Имомларнинг ФҲДЁ гувоҳномасини суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, гувоҳномани кўриб, сўнгра никоҳ ўқишлари ҳуқуқий жамият барпо қилаётган бир вақтда ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир...”, дейилади.

Мамлакатимизда амалда бўлган Оила кодекси ҳамда қонунларда белгилаб қўйилган талаблар, шунингдек, ёшларнинг турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари шарт қилиб белгиланишидан мақсад йигит ва қизларни оилавий ҳаётга ҳар жиҳатдан тайёрлашдир. Бу муҳим ижтимоий вазифани ота-оналар чуқур ҳис этишлари, фарзанд­лари­ни оила қуришга тайёр эканига тўла қаноат ҳосил қилиб, сўнгра никоҳдан ўтказишлари шарт.

Оилавий ҳаётнинг остонаси бўлмиш никоҳ доимо кенг мушоҳада ва тажрибали инсонлар билан кенга­шиб амалга оширилишининг фазилатлари кўп. Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) турмушга чиқаётган хотин-қизларнинг ўзлари билан маслаҳатлашиш кераклигини айтганлар. Маслаҳатлашиш қиздан куёвликка танланаётган йигит ҳақидаги фикрларини билишдангина иборат бўлиб қолмай, унинг келинлик масъулияти вазифаларини қандай тушуниши, уларни адо этишга уқуви, малакаси, соғлиги, хоҳиш-иродаси қай даражада эканини ҳисобга олиб, йўл тутишни ҳам тақозо этади.

Агар бўлажак келин балоғат ёшига етган бўлса-да, аммо оила, эр ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини англаш, теран тасаввур этиш даражасида бўлмаса, у оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўрнини топа олмайди. Худди шу мулоҳаза йигитларга ҳам тааллуқлидир.

Балоғат ёши – бу камолот ёши дегани эмас. Турмушда моддий ва маънавий жиҳатдан қийналмай  ўрнини топиб олиши учун ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари, ундан сўнг уч йил коллеж ёки лицей таълимини олиб, маълум бир ҳунарни эгаллашлари керак. Зеро, динимиз таълимотларида ҳам илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ҳосил қилиш ҳар бир қиз болага зарурлиги айтилган. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш, оила юмушлари, уй бекалиги ва бошқа ишларни бажаришга улгурмай қийналадилар. Илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандларига яхши тарбия бера олади.

Жисмонан ва маънан вояга етмасдан турмуш қурган қизларнинг ҳаёти оғир кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлиги боис унга айтиладиган таънаю дашномлар охир-оқибатда аҳволини янада оғирлаштириб, тинкасини қуритади.

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) Соиб авлодларининг бир-бирлари билан қуда-анда бўлишларини кўрганда: “Фарзандларингиз заиф бўлмаслиги учун бегоналардан уйланинглар”, деганлар (Иброҳим Ҳарбий, “Ғариб ал-Ҳадис” китобидан). Бу насиҳат касаллик тарқалиб, одамлари заиф, нимжон бўлиб қолган қавмга қарата айтилган бўлса-да, ибратли томонлари кўплиги ҳаётда тасдиқланиб келмоқда. Чунки қуда-андачиликдан келиб чиққан муаммолар туфайли яқин қариндошлар орасига совуқчилик тушиши, улар юзкўрмас бўлиб кетишлари  кўп кузатилган. Қондошлик ришталари бўлмаган одамлар қуда бўлганда, қариндошлару қадрдонлар сафи кенгаяди. Яна муҳим жиҳати, тиббиёт соҳаси олимлари илмий изланишларининг натижаларидан келиб чиқиб,  яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳдан туғилганлар орасида нимжон, ақли заиф болалар нисбатан кўп эканини айтадилар. “Ирсият етти пушт суради”, дейдилар. Статистик маълумотларга кўра, қариндош бўлмаган оилаларда ҳар мингта гўдакдан иккитаси ногирон бўлиб дунёга келса, яқин қариндошлар эру хотин бўлган оилаларда бу кўрсаткич икки-уч баробар юқори экан.

Маълумки, биз, ота-оналар учун ўғлимиз, қизимизни қандай қилиб бўлмасин тезроқ уйлантириш ёки турмушга узатиш  эмас, балки уларни чин оилавий бахтга сазовор этадиган хислат, фазилатлари борлигига тўла ишонч ҳосил қилгандан кейин мустақил ҳаётга йўллаш муҳимдир. Зеро, жамият истиқболини соғлом, ақлли, маънан баркамол фарзандлар яратадилар. Улар тарбияси, ҳаёт йўлини танлашида халқимизнинг ибратли анъаналари ва диний-миллий қадриятларига асос­лансак, иншоаллоҳ, хайрли ниятларимиз амалга ошади.

 

Марям АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

6282 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Тадқиқот хиёнатни фош қилди Ibn al-Haytham »

Мақолалар

Top