Мақолалар

Ҳақиқатни рад этиш (9 қисм)

Инсон хоҳиш-истаклари ва ғурурига зид бўлган ҳақиқатни рад этиши энг даҳшатли нафс касаллиги саналади. Бунга чалинган одам нафсини жиловлай олмайди ва унга қарши туролмайди. Нафсининг бундай касаллигига қарши курашмаган киши мағлуб бўлади ва ғолиб нафс ўз эгасини бошқара бошлайди. Банда нафсини назоратда тутиши учун Аллоҳ таоло бундай буюради: “Энди сизни йўқдан бор қилувчи Зотга тавба қилинг, ўзингизни ўзингиз ўлдиринг. Шундай қилмоғингиз сизни йўқдан бор қилувчи Зот ҳузурида сиз учун яхшидир” (Бақара сураси, 54-оят).

Ишорий тафсир муфассирлари “ўзингизни ўзингиз ўлдиринг” оятини “Инсон нафсини поклаши учун уни хор қилиши ва қоралаши”, деб тафсир қилганлар.

 

Муолажа услуби

Бу касалликнинг энг яхши давоси – бекорчи ва фойдасиз ишларни тарк қилиш, Аллоҳ таолога бутун қалб ила интилиш ва Унинг иродасига тўлиқ бўйсуниш.

Aллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломдан Исмоил алайҳиссаломни қурбон қилишни талаб қилганида пайғамбарининг итоатини синаб кўрмоқчи эди. Иброҳим алайҳиссалом Роббининг амрига тўлиқ бўйсунди ва синовдан муваффақиятли ўтди:

«Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида. Биз унга нидо қилдик: “Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, Биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”». (Соффаат сураси, 103-105-оятлар).

Шундан сўнг Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қурбонлик қилиш учун бир қўчқор ато этди. Исмоил алайҳиссаломнинг ҳаётлари сақланиб қолинди.

Жунайд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ: “Ким бу дунё билан алоқани сақлаб қолса, Аллоҳ унга жаннатни ман қилади”.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ар-Розий менга бундай деган эди: “Абулқосим ал-Мисрий Бағдодда унга бундай деган экан: “Ибн Ёздониёрдан сўрашди: “Банда қандай ният билан Аллоҳга интилиши керак? У жавоб берди: “Аллоҳ ризолиги учун воз кечган нарсаларига ҳатто ўгрилиб ҳам қарамаслик ва қутулишга муваффақ бўлган гуноҳларга асло қайтмаслик”. Бу жавобдан кейин яна сўрадилар: “Бу сўзларингиз гуноҳларидан тавба қилган гуноҳкорларга тегишли. Аллоҳга ишончи заиф одам қандай ният билан интилиши керак?”.

Олим жавоб берди: “Ўтмишдаги муваффақиятсизлик ва қайғуларга ғарқ бўлишни тўхтатиб, келажакдаги ҳолатининг яхши бўлишини қалбида чуқур ҳис қилиб, Аллоҳга интилсин”.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

983 марта ўқилди

Мақолалар

Top