Мақолалар

Ғафлатда қолманг! Кун қисқарди, тун узайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн. Вас-солату вас-саламу аъла ашрафил мурсалийн ва аъла алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қиш фасли кириб келса: “Марҳабо, хуш келибсан қиш. Бу фаслда барака тушади. Кечалари ибодат учун узун, кундузлари эса рўза учун қисқа бўлади”, деб айтардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузи қисқа, унда рўза тутади. Кечаси узоқ, унда қоим бўлади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Мўмин банда қанча кўп яхшилик қилса, тоат-ибодатда бардавом бўлса унинг руҳи шунча куч-қувватга тўлади, дили яшнаб, қалби роҳатланади. Аллоҳ таоло: Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур” (Раъд сураси, 28-оят) деб марҳамат қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Билол, намоз билан бизни роҳатлантир” деб айтардилар (Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Чунки бу ойда мўмин банда тоат боғларида роҳатланади, ибодат майдонларида сайр қилади ва қалби осон қилиб қўйилган амаллар билан ҳаловат топади”.

Қиш – кўпроқ рўза тутиш учун энг қулай фурсат. Чунки бу ойда рўза тутувчи қуёшнинг жазирама иссиғидан қийналмайди, ёз кунларидек чанқамайди. Қолаверса, совуқ ҳаво ташналикнинг олдини олади, кундузи қисқа бўлгани учун бир зумда ифторлик вақти келиб қолади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аслида бирор ўлжани қўлга киритиш учун меҳнат қилиш, тер тўкиш талаб этилади. Аммо қишда кўплаб ўлжа (ажр-мукофот)ларни, охиратга захира бўладиган солиҳ амалларни қийинчилик ва машаққатларсиз қўлга киритиш мумкин. Айниқса, қазо рўзаларни тутиб олишга, фарзандларни рўза тутишга ўргатишга, энг муҳими – Аллоҳ таолога яқин банда бўлишга энг қулай фурсатдир.

Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Қиш обиднинг ғаниматидир!” деганлар (Абу Нуъайм. “Ҳилятул авлиё”).

Убайд ибн Умайр раҳимаҳуллоҳ: “Эй Қуръон аҳли! Ибодат қилишингиз учун тун узайди, кундузи эса рўза тутишингиз учун қисқарди. Бу фурсатларни ғанимат билинг!” деб айтардилар.

Қиш – кечалари ибодат билан бедор бўлиш учун ғанимат фурсат. Кечалари узун бўлгани учун кечаси ухлаб туриб, бемалол уйғониб таҳажжуд намозини ўқиш мумкин. Бугунги кунда масжидларда хуфтон намози 18:40да ўқилаётган бўлса, бомдод намози эса 06:40да адо этилмоқда. Демак, хуфтон намозидан сўнг кейинги ибодатгача 12 соат вақт бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Иордания кардиология илмий-тадқиқот маркази тиббиёт олимлари узлуксиз узоқ вақт ухлаш инсон саломатлиги, юрак-қон томирлари учун зарарлигини, хусусан, қон қуюқлашиши, инфаркт, миокард касалликларига олиб келишини аниқладилар. Кардиолог олимлар юрак, юрак-қон томирлари касалликларини олдини олишда кечанинг тонгга яқин қисмида уйғониб, ўқилган намоз энг самарали усул эканини таъкидлайдилар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фаришталар қиш келганда мўмин банданинг туни узун бўлиб қоим бўлиши ва кундузи қисқа бўлиб рўза тутишидан хурсанд бўлиб шодланишар экан”, деганлар (Абу Хотим. “Зуҳд”. 26/1).

Аллоҳ таоло бу ойдан унумли фойдаланиб, охиратимиз учун кўпроқ захира тўплашимизга тавфиқ ато этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

1196 марта ўқилди

Мақолалар

Top