Мақолалар

Ибрат ёҳуд Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кун тартиблари...

 

– Мендан ҳазратнинг вирдлари ҳақида кўп сўрашади. Ҳазратнинг асосий вирдлари илм эди. У киши: “Оддий мўминнинг вирди зикр, қорининг вирди Қуръон, толиби илмнинг вирди талаби илм, олимнинг вирди илм тарқатиш”, деб қўярдилар.

Кун тартибларига келсак, ҳазрат қи­шин-ёзин саҳарлаб турардилар. Бироз таҳажжуд ўқиб, сўнгра ишга ўтирардилар. Бомдод вақти кирганда намозни ўқиб, вирдларига ўтирарди­лар. Вирдлари суннатда келган тонгги зикрлар, Ёсин тиловати ва ўзлари ихтиёр қилган муайян зикрлардан иборат эди. Воқеа сурасини ҳам ҳар куни ўқирдилар.

Кўпинча эрталаб соат 7 ларда маросимга боришлари керак бўларди. Ҳазратни олиб кетгани келган кишининг келга­нини хабар қилиши ёки дарвоза қўнғироғини чалиши ҳазратнинг наздларида катта беодоб­лик ҳисобланарди. Улар айтилган вақтга келиб турар, ҳазрат ҳам келишилган вақтга ташқарига чиқардилар. Маросимга олиб кетадиган маши­на 6:30 га яқин келарди. Ҳазрат 3 дақиқада кийимларини алмаштириб, роппа-роса 6:30 га ташқарига чиқардилар. Вақтни тежаганларидан кийимнинг тугмасини ҳам йўл-йўлакай тақиб борардилар.

Маросимдан келибоқ, яна ишга ки­ришардилар. Сўнгги бир йилдан бери парҳезда бўлганлари учун кўпинча маросимдан келиб, уйда чой ичардилар. Чой ичишлари узоғи билан 15 дақиқага борарди. Кейин тушгача ишларди­лар. Ўзлари учун кунда 10 саҳифа китоб таълиф қилишни вазифа қилиб олгандилар. Вазифалари тугамагунча тўхтамасдилар, не бўлмасин, уни бажарардилар. Ҳатто сафарда ҳам имкон топди дегунча ишларини давом эттирардилар.

Одатда, пешиндан кейин ҳафтанинг баъзи кунлари дарс ҳалқалари бўлар, баъзи кунлари эса сузишга борар эдилар. Шунингдек, яна баъзи кунлари шомдан кейин дарс берсалар, бошқа кунлари шомдан кейин баскетболга борардилар. Ҳафтада икки марта сузиш, икки марта баскетбол, бешта дарс ва бир нечта мажлис бўларди. Бу бардавом ва бир маромдаги тадбирлар бўлса, ундан ташқари, турли йиғинлар, сафарлар ҳам кетма-кет бўлиб турарди.

Ҳазратнинг вақтига Аллоҳ таоло барака бериб қўйган эди. Буни у киши билан ҳамнафас бўлган инсон ҳам ўз вақтидаги ўзгаришдан сеза оларди. У кишининг вақтга бўлган эътиборларидан Аллоҳ таоло у кишини бу каромат билан сийлаган бўлса, ажаб эмас. Ҳазратнинг вирдларидан яна бири – ҳар доим таҳоратли юрардилар ва ҳар бир таҳорат кетидан икки ракъат нафл ўқирдилар.

Кечқурун соат ўнда, кечикиб кетса, ўн ярим-ўн бирларда уйқуга ётардилар. Баъзан хуфтонни эртароқ ўқиб, кейин ётиш олдидан таҳоратни янгилаб, витрни ўқирдилар. Ҳазрат бирор лаҳзани ҳам зое қилмас эдилар. Вазифаларни ўтаб бўлган пайтлари Қуръон тинглар эдилар. Қуръони каримни кўп ўқир ва эшитар эдилар. Озгина фурсат бўш бўлиб қолсалар, зикр қилиб ўтирар эдилар. У киши бадиий адабиётга ҳам қизиқардилар. Илмий ишлардан бўшаган пайтлари турли бадиий асарлар билан ҳам танишиб турар, ҳикматли шеърларни ўқишни, тинглашни яхши кўрар эдилар.

Шайх ҳазратларининг умр йўлдошлари:

Исмоил махдум қизи Фотима ҳожи онамиз.

1645 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ғазаб жаҳаннам оловидандир Бугунги ўйлар... »

Мақолалар

Top