Мақолалар

Ҳаё имондандир

Ҳаё – ҳаёт асоси

Ҳаё инсон зийнати

Инсон табиатидаги гўзал фазилатлардан бири – ҳаёдир. Ҳаё кишининг имон-эътикоди, одоб-ахлоқининг даражасига қараб, кўп ёки кам бўлади. Кишининг беъмани ишлардан ўзини тортаётганини ёки бирор нолойиқ ишни бажариб, ҳижолатдан юзи қизарганини кўрсангиз, билингки, у ҳаёли инсондир. Бордию қилаётган ишларига бепарво бўлса, яхши-ёмонлигига эътибор бермай қилаверса, халқимиз ундай одамдан яхшилик чиқмайди, унинг ҳаёси йўқ дейди.

Ҳаё динимизнинг гўзал хулқидир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар бир диннинг ҳулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир”, дедилар (Ибн Можа ривоят қилган).

Ҳаё барча яхши хислатларни ўзида жам қилган, гўзал фазилатларнинг асосидир. Инсон ҳаёсига қараб яхшиликлар ҳосил бўлади. Унинг заифлигига қараб ёмон иллатлар ҳосил бўлади. Ваъдага вафо қилиш, ибодатларни вақтида адо этиш, сабрли бўлиш, рост сўзлаш каби барча яхшиликларга ҳаё ундаб туради.

Унинг акси бўлган ёлғончилик, чақимчилик, ғийбат, тухмат, ношукрлик, кибру ҳавога берилиш каби гуноҳларнинг замирида ҳаёсизлик ётади. Агар инсонда ҳаёси бўлса мана шу салбий хислатларни иложи борича  узоқ бўлади. Ҳаё бу ҳаёт сўзидан олинган бўлиб маъноси бир-бирига яқин. Яъни, ҳаёт, тириклик дегани, ҳаё уялиш дегани икковининг ўзаги бирдир. Бироқ маъноси айтилишига қараганда бир-бирига узоққа ўхшайди тириклик билан ҳаёни бир-бирига қандай алоқаси бўлиши мумкин дейилиши мумкин. Аммо бироз тафаккур қилинса улар ўртасидаги боғлиқликни фаҳмлаш мумкин. Ҳаё инсондаги сезги ҳиссиёт туйғуларининг қувватидан пайдо бўлиб, тирикликни билдиради. Инсондаги нозик ҳиссиёт, сезгиларнинг мажмуаси ҳаётни ташкил этади. Тирик одам сезади, ўлик одам эса ҳеч нарсани сезмайди. Чунки унинг сезги туйғулари кесилган бўлади. Бу билан унинг ҳаёти ҳам тўхтайди. Демак, ҳиссиёт, сезги, туйғу, англаш бу ҳаёт аломатидир. Ҳаё сўзи тирикликдан олинганининг маъноси шунда.

Ҳаё ҳам шундай нозик сезги, туйғулари бор одамда бўлади. Туйғуси йўқ одам ҳаёт бўлиши мумкин, лекин ҳаёси, уяти бўлмайди, унча- мунча нарсага аҳамият бермайди, сезмайди, ҳатто, ҳижолат ҳам бўлмайди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Инсонларга аввалги пайғамбарлардан етиб келган бир гап бор: “Уялмасанг билганингни қил”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаёли инсон кўнглига нима келса шу нарсани қилиб кетаверишдан ўзини тияди. Шунда у ҳайвонга ўхшашдан сақланади. Ҳазрат Навоий бундай деганлар:

Олдига келганин емок хайвоннинг иши,

Огзига келганини демок нодоннинг иши.

Ҳайвон олдига келганини кайтармайди, ҳаёсиз инсон эса оғзига келганини қайтармайди. Эшитган гапини уйламайди, бироз таҳлил қилиб кўрмайди.

Шундай экан, ҳаёга эътиборсиз бўлмайлик ва ундан ғaфлaтдa ҳам қолмайлик. Шунда икки дунё саодатига эришамиз, иншоаллоҳ.

 

 Муҳаммаджон ХОДИЕВ,

Сирдарё вилояти Ширин шаҳри.

 

4942 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Комиллик сари Ота-она дуоси мустажоб »

Мақолалар

Top