Мақолалар

Аяжон, ёлғон гапирманг, Аллоҳ кўриб турибди

Беш ёшли боламнинг “Аяжон, ёлғон гапирманг, Аллоҳ кўриб турибди” деган гапидан уялиб кетдим. Аслида унинг соғлигини ўйлаб, ширинлик бермаслик мақсадида шоколад тугаганини айтган эдим. Демак, фарзандим ёлғон, алдаш ёмон одат эканини тушуняпти. Шундай экан тарбияни, аввало, ўзимдан бошлашим керак.

Балки сиз фарзандингиз ота-оналар йиғилиши ҳақида сўз очса, “вақтлари йўқ дейсанми, бирор нима деб баҳона топарсан”, – дея қўл силтарсиз. Ёки ўқитувчи берган вазифаларни тайёрлаб ўтирган болангизни “Эртага яхшиси мазам бўлмай қолди, дея бормай қўяверасан” – деб уй ишларни бажаришга мажбурларсиз. Тўғри, булар оддийгина мисоллар холос. Аммо ҳаммаси оддийликдан бошланади-да. Шунинг ўзи бола онгида “ёлғон гапирсам бўлаверади, аям айтяпти-ю” деган тушунчани туғдирмайдими? Бу мурғак қалбнинг маънавий қарашларига ҳали шаклланиб улгурмасиданоқ болта урилмайдими?

–Фарзандларимизга бирор нарса ваъда қилдикми, албатта, уни бажаришимиз керак, - дейди. – Акс ҳолда биз ёлғончи бўламиз. Имом Аҳмад  ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан  қилган ривоятда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага “мана буни ол” деса-ю ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дейдилар. Ёлғон гапириш мўминликка хос бўлмаган амалдир. Бу йўсиндаги тарбия фарзандингизнинг сизга бўлган ишончини йўқотади. Ҳар бир ўғил-қиз учун энг идеал одами, табиийки, бу унинг ота-онасидир. Бола улғаяр экан уларнинг гап-сўзи, хатти-ҳаракатларидан ўрнак олади.

Афсуски, кузатишларга кўра, инсонлар ҳаракатининг кун давомидаги кўп фоизи ёлғондан иборат экан. Шу ўринда псилохология ҳам ҳақиқатдан кўра, ёлғонга ишониш инсонларда осонроқ кечишини таъкидлайди. Бу сизни таажжублантириши табиий. Шу он хаёлингизда “мен ҳеч қачон ёлғон гапирмайман-ку, ёки ким менга ёлғон гапириши мумкин...” деган ўйлар кечаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Хулоса чиқаришга шошилманг. Ўша ёлғон ортидан ака-ука, опа-сингиллик ришталарининг узилиши, оилалардаги ажралишлар, ўсиб келаётган ёш авлоднинг тўғри йўлдан адашиши каби ачинарли ҳолатлар афсуски жамиятимизда йўқ эмас.  

Динимиз ҳар бир мусулмонни ростгўйликка чақиради. Рост гапирган инсонга ҳамиша яхшиликлар ёғилиши, жаннат эшиклари очилиши ҳадисларимизда келтирилади. Донишмандлардан бири бундай деган экан: “Агар ёлғон ҳам ҳақиқат сингари бир хил бўлганда-ку, аҳволимиз анча енгиллашарди. У ҳолда биз ёлғон сўзлаётган одамнинг гапини тескари тушуниб қўя қолардик. Лекин ҳақиқатнинг акси бўлган ёлғоннииг минглаб қиёфаси бор ва унинг ҳад-чегараси йўқдир”.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки бир банда ёлғон гапирса, фаришта у гапнинг сассиқлиги учун у бандадан бир мил масофага узоқлашади”, дедилар. Тасаввур қилинг, инсонни доимо ҳимоялаб турадиган фаришталар ҳам ёлғончидан узоқлашар экан.

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА,

журналист

2357 марта ўқилди

Мақолалар

Top