Мақолалар

Ибодат риё учун қилинмайди

Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда минглаб юртдошларимиз эзгу ниятларига етиб, ҳаж ва умра ибодатларини адо этиб келишмоқда. Умра зиёратига квотанинг олиб ташлангани ва ҳаж сафарига квотанинг сезиларли оширилгани юртдошларимиз дилига катта қувонч улашди.

Минг афсус, айримларнинг ҳаж ва умрадан сўнг ташкил этилаётган турли дабдабали кутиб олиш маросимларию исрофгарчиликлари халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам алоҳида мурожаат билан чиқиб, ҳаж ёки умра сафаридан қайтган инсонларни кимўзарга дабдабали тадбирлар қилишдан қайтариб, исрофгарчиликлардан огоҳлантирди.

Дарҳақиқат, бугун умра амалларини адо этиб қайтганлар орасида дабдабали исрофгарчилик тадбирлари, “ҳожи оши” каби турли маросимлар, риёкорона “байрам”лар, хўжакўрсин зиёфатлар ўтказиш тобора одат тусини олмоқда. Маҳаллаларда зиёратдан қайтганларни етти ухлаб тушга кирмайдиган бемаъни кўз-кўз қилишлар билан кутиб олиш ҳолатлари кўпайганини қандай тушуниш мумкин?! Гўё “Ҳамма кўриб қўйсин, мен муқаддас жойларда бўлдим”, демоқчими?! Бу ахир кибрланиш, риёкорлик, хўжакўрсинчиликдан бошқа нарса эмас-ку!

Аслида умра гуноҳлар кечирилишидан, жаннатдан умидвор бўлган ҳолда адо этилади. Қайтгандан сўнг эса барчага ўрнак бўлиб, хайрли ишларни кўпайтиради. Афсуски, бугун айримлар бу йўлдан эмас, динимизга ёт исрофгарчилик, риё каби иллатлар билан овора бўлмоқда.

Қуръони каримда: “…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” деб амр этилган (Аъроф сураси, 31-оят).

Исро сурасининг 26–27-оятларида эса: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”, деб огоҳлантирилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Умрани адо этган киши улуғ фазилатларга эришиб келсаю, юртимизга қайтиши билан исрофгарчиликка берилса, унинг ибодати, Каъбатуллоҳ олди қилган дуолари ижобат бўлармикин?! Риёга йўл қўйса-ку, қозонган савоблари ҳам йўққа чиқмайдими?

Зеро, мусулмон инсон одамлар мақтасин деб риё қилаётганида Аллоҳнинг фазлу карамидан маҳрум бўлиб қолиши мумкинлигини ўйласин. Одамларнинг гап-сўзидан қўрқиб риё қилаётганда Раббисининг қораловидан ва ғазабидан қўрқсин.

Имом Шамсуддин Заҳабий “Ал-Кабоир” китобида: «Риёкорлар қиёмат куни тўртта ном билан чақирилишини, яъни “Эй риёкор, эй хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор! Боравер, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ”», дейилишини таъкидлайди.

Бобур МУҲАММАДИЕВ 

тайёрлади. 

“Ҳидоят” журналининг 2022 йил 12-сонидан олинди

1148 марта ўқилди

Мақолалар

Top