Мақолалар

Кулги кўпайса, ҳайбат озаяди

Ўз ўрнида бўлган кулги, албатта, мароқлидир. Лекин бу ҳаргиз мўминни ҳазил-ҳузул, мазахлаш, хандалар ўқиш билан вақтини ўтказишига ундамаслиги лозим. Боиси “Кимнинг кулгиси кўпайса, ҳайбати озаяди” (Ҳазрат Умар).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом феълларининг аксари табассум бўлган. Баъзи-баъзида кулганлар ҳам. Лекин ҳеч қачон қаҳқаҳа отиб кулмаганлар.

Кулги мўминни Аллоҳнинг ибодати, тоати, зикри каби қурбат ҳосил қилувчи амаллардан машғул қилмаслиги керак. Аммо меъёрда кулиш, табассум қилишнинг зарари йўқ. Масалан, кишининг фарзандлари ёки аёлига кулиб қўйиши мустаҳабдир. Ҳадисда: “Биродаринг юзига табассум қилишинг садақадир” (Имом Термизий ривояти), дейилади.

Кишиларга танилиш даражада кулгини кўпайтириш ёмон амаллардан. Мўмин ҳаётда ҳам амалда жиддий бўлиши лозим.

Шариатнинг шиорларини (азон, намоз, рўза каби ибодатларни) масхаралаш, истеҳзо қилиш эътиқодга зарар етказади. Нубувват даврида мунофиқлар мусулмонларни истеҳзо қилишар, ҳазил-мазах қилиб бир-бирларини кулдиришарди. Истеҳзоларига жавобан Аллоҳ таоло бундай деди: “... Узр айтманглар. Батаҳқиқ, имонингиздан кейин куфр келтирдингиз...” (Тавба сураси, 66-оят).

Аммо мубоҳ ишда ёлғон аралаштирмасдан ҳазил қилиш жоиз.

Баъзилар ҳазил қилишда ҳаддан ошиб, ўзгаларнинг фикрини инобатга олмай қўйишади. Гоҳида бир кишини, баъзида эса бошқани масхара қилишади. Оқибатда нафратга дучор бўлишади. Мунъий ҳазил ҳаромга олиб боргани учун жоиз эмас.

Шу ўринда “Кулги таҳоратни синдирадими?” деган савол туғилади. Уламолар намоздан ташқарида хоҳ баланд, хоҳ паст овозда кулиш таҳоратни синдирмайди, дейишган.

Намоз асносида кулиш уч турга бўлинади:

– Балоғатга етган кишининг намозда эшиттириб кулиши таҳоратини синдиради ва намозини бузади. Аммо балоғатга етмаган одамнинг кулиши таҳоратини синдирмайди, намозини бузади. Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамлар билан (масжидда) намоз ўқиётган эдилар. Тўсатдан кўзи ожиз киши келиб, чуқурга тушиб кетди. (Уни кўриб) намоз ўқиб турганлардан кўпчилиги кулиб юборди. (Намоз тугагач) Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ким кулган бўлса, таҳоратини янгиласин ва намозни бошидан ўқисин”, деб буюрдилар» (Имом Табароний ривояти).

Фақат ўзи эшитиб, бошқалар эшитмайдиган даражада кулиш намозни бузади, лекин таҳоратни синдирмайди.

Табассум намозни бузмайди, таҳоратни ҳам кетказмайди. Жобир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан аср намозини ўқиётганларида табассум қилдилар. Намоздан сўнг у зотга: “Ё Расулуллоҳ, намоз ўқиб туриб табассум қилдингизми?!” дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Менинг олдимдан Микоил алайҳиссалом ўтди. Унинг икки қанотида чанг бор эди. У менга кулган эди, мен унга табассум қилдим”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларига меҳрибон, насиҳатгўй ва раҳмлидирлар. Шариатимизда ҳеч қандай қийинчилик, машаққат йўқ. Зиён ва машаққатларни кетказиш фойда ва манфаатларни жалб қилишдан устун туради.

Манбалар асосида
Абдулвоҳид ВАЛИЕВ
тайёрлади.

"Ҳидоят" журналининг 12-сонидан олинди

1682 марта ўқилди

Мақолалар

Top