Мақолалар

Яхши сўз

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши сўз садақадир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Яхши сўз асалдан лаззатли, жазирама иссиқда муздек сувдан ҳам тотли бўлади. Баъзилар асални ёқтирмаслиги ва совуқ сувдан сақланиши мумкин, лекин ширин сўзни яхши кўрмайдиган инсонни ҳаргиз учратмайсиз. Ёш болалар ва эмизикли чақалоқлар ҳам ширин сўзнинг гадоси бўлади. Яхши сўзни эшитиши билан ҳурсанд бўлиб, қалби фараҳ ва сурурга тўлганининг аломати юзида акс этади.    

Бирор инсонга мол берилса, унинг қалби сурурга тўлиб, ҳадия берган одамга нисбатан қалбида муҳаббат пайдо бўлади. Натижада унга бўлган баъзи гина-кудратларни ҳам унутади. Шунингдек, яхши сўз яхши ҳам инсон қалбигa ҳурсандчилик ва фараҳ бахш этади. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхши сўзни садақадир деганлар. 

Ҳадиси шарифда зикр қилинган яхши сўздан умумий маъно тушунилади. Оддийгина салом бериш ва унга алик олиш кабилар ҳам яхши сўздир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар билан ўтирган эдилар. Бир киши келиб: “Ассалому алайкум”, деди. Унга алик олдилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ўн”, дедилар. Бошқа одам келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”, деди. Унга ҳам алик олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “йигирма”, дедилар. Учинчи одам келиб: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”, деди. Унга жавоб бердилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўттиз”, дедилар. Саҳоба (розияллоҳу анҳум)лар: “Ё Расулуллоҳ, ўн, йигирма ва ўттиз нима?” деб сўрадилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Битта яхшилик ўн баробар бўлади. Яъни, биринчи киши “Ассалому алайкум”, деди бу битта калима, иккинчиси “Раҳматуллоҳ”ни зиёда қилди, кейингиси “Баракотуҳу”ни қўшди ҳар бир калима яхшиликдир. Бир яхшилик ўн баробар бўлади. Яхши сўз қандай бўлса ҳам у садақадир”, дедилар (Имом Нававий ривояти).

Тилнинг яхши сўзларни гапириши Аллоҳ таолонинг буюк инъомидир. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар доимо яхши сўзларни зикр қилиб, ҳақ бўлса ҳам ёмон сўздан сақланишлари лозим. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтонга ланат айтманглар! Унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар!” деганлар. Тилимиз ланатга одатланмасин. Ҳар онда иблисга, шайтонга ланат айтилса, кейин инсонларга сўнгра бошқаларнинг ота-онасига, ланат айтилади. Шунинг учун банда тилини яхши сўзга одатлантирмоғи лозим. Баъзилар яхши сўзни одат қиладилар. Натижада узр сўрашга ҳаргиз муҳтож бўлмайдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“…одамларга ширинсўз бўлинг…” (Бақара, 83).

Яхши сўзнинг изи қалбда боқий қолади. Ёмон сўз эса ғазабни келтириб, унинг изи нафсда бўқий қолади. Тиғ билан берилган жароҳат вақт ўтиши билан битади. Тил билан берилган жароҳат эса абадий битмайди.

Инсон фарзандлар, эр-хотин, қўни-қўшни, ёру дўст кабилар билан мулоқотда бўлади. Улар билан чиройли услубда гўзал ва ширин сўз билан муомала қилмоғи садақадир. Уларга айтган ҳар бир ширин сўзи садақа деб ёзилади. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари мобайнида умматларга намуна бўлдилар.

 Бирор кишини сизда ҳожати бўлса, унга ёрдам беришга сизни имкониятингиз бўлмаса, яхши сўз билан тушунтиринг. Шунинг учун Али (розияллоҳу анҳу): “Инсонларга молингиз билан ёрдам бера олмасангиз, уларга чиройли хулқингиз билан ёрдам беринглар” деган. 

Қуръони каримда марҳамат қилинади:

(Садақа бермасдан) яхши гап (қилиш) ва (бера олмагани учун) кечирим (сўраш) кетидан озор етказиладиган садақадан яхшироқдир. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир” (Бақара, 263).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дўзахни зикр қилиб, ундан паноҳ сўраб, юзларини бурдилар. Сўнгра яна дўзахни зикр қилиб, ундан паноҳ сўраб, юзларини бурдилар. Бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар! Агар уни тополмасангиз яхши сўз билан сақланинг!” дедилар.                    

Манбалар асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ЎҒЛИ тайёрлади

9723 марта ўқилди

Мақолалар

Top