Мақолалар

Огоҳлантирилган уч тоифа

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Аллоҳ таоло уч тоифа кишиларни қаттиқ ёмон кўра­ди: Ҳарамда катта гуноҳ қилувчини, Исломда бўлатуриб, жоҳилият урф-одат­ларига эргашувчини ва ноҳақдан кишининг қонини тўкишга интилганни” (Имом Бухорий ривояти).

Макка – муқаддас ер. Парвардигор уни одам­лар тўпланадиган, омонлик манзили қилди. Ким у жойга кирса, омонликдадир. Шунинг учун Маккада, Ҳарам ҳудудида маъсият ва тўғри йўлдан оғишни қасд қилган кимса, гарчи ниятини амалга оширмаса ҳам, аламли азобга учрайди”. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “У ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни торттирурмиз” (Ҳаж сураси, 25-оят).

Ислом динининг таълимотларини пой­мол қилиб, жоҳилият одатларини ўзи ва оила­си учун ҳаёт йўли қилиб олган ки­шини На­бий алайҳиссалом: “Исломда бў­латуриб жо­ҳилият урф-одатларига эргашувчи” деб атадилар. Жоҳилият урф-одати миллатчилик, унинг учун курашиш, фол очиш, шумланиш, мунажжимларни тасдиқлаш, Аллоҳ таолодан ўзгадан сўраш, Қуръони каримда бўлмаган йўлни тутиш каби бузуқ эътиқодлардир.

Айбсиз одамдан ҳақ талаб қилувчи ва ундан шубҳаланувчи шахс ки­шининг қонини но­ҳақ тўкишга интилувчидир. У худди бир киши­дан гумон қилиб, исботи­ни топмасдан Аллоҳ таоло ҳаром қилган қонни ноҳақдан тўкишга интилган кимса кабидир.

Мана шу уч амални қилган бандадан Аллоҳ таоло ғазабланади. Мўмин ўзининг обрўси, қадр-қимматини сақлаши, Аллоҳ таоло ғазабланадиган амаллардан узоқ бўлиши лозим.

 

Мансур МАМАТОВ,

Хатирчи тумани “Изомиддин

мударрис” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журнали 2023 йил 1-сонидан

 

Hidoyat.uz  http://Hidoyatuz.taplink.ws;

Muminalar.uz https://t.me/muminalaruzb

Online obuna bo’ling! – https://obunahidoyat.taplink.ws

 

2179 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top