Мақолалар

Бобур Мирзо – илм ва маърифат ҳомийси

XVI асрнинг етук намоёндаларидан бири, илм-фан ва маданият ҳомийси, олимлар дўсти, маърифат ва санъат шайдоси, улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг тарих зарварақларида ўчмас изи бор.

Бобур бобомизнинг ташвишли ҳаёти ва серқирра фаолияти сиёсий жиҳатдан инқирозга юз тутаётган Темурийлар давлатининг сўнгги дамларига тўғри келди. Мазкур давр азоб-уқубатларини бошдан кечириш Бобур Мирзо зиммасига тушди. Тарих майдонида кечган турли зиддиятлардан сўнг Бобур, Кобул сари йўл олди. Ватан соғинчи ва қайтиш истаги уни бир умр қалбини ўртасада, ҳозирги Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистоннинг тарихий ҳудудларида буюк салтанат барпо этди. Дунё аҳли хотирасида бу давлат Бобурийлар сулоласи салтанати номи билан жой олди.

Бобур қаерга қадам қўймасин ўша жойда хайрли ва бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий-хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Ночор, муҳтож аҳолига алоҳида эътибор қаратди. Бунёдкорлик ишларига бошчилик қилди.

Мирзо Бобур ижодкорлар, олимлар ва толиби илмларнинг ҳомийси бўлиш билан бирга, ўзи ҳам ижод қилиб, қалам тебратарди.

Бобурнинг ўз гувоҳлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган. «Ул фурсатларда бирор-иккирар байт айтур эдим», деб ёзади ўзи асарларидан бирида. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Жумладан, Биноий, Абулбарака ва Бобур ўртасидаги рубоий мушоираси Самарқанддаги қизғин адабий ҳаётдан дарак беради. Умуман, давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалларда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижодий ишга вақт топа билган, илм, санъат ва ижод аҳлини ўз атрофига тўплаб, ҳомийлик қилган, уларни рағбатлантирган.

Адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фозиллар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Ижод ва санъат аҳлига бундай меҳрли муносабат асло бежиз бўлмаган. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада, ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.

Бобур Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръони карим измига чин мусулмон сифатида қатъий амал қилиб, ҳар қадамида буюк мураббий Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўзига дастуруламал билган шариатпаноҳ шоҳ бўлган.

Бобур қаламига мансуб “Хатти Бобурий”, шунингдек, мусиқа санъати ва илми ҳарбга бағишланган қатор рисолалари ҳам бўлган. “Хатти Бобурий”да муаллиф араб алифбосини таҳрир қилиб, ёзувни соддалаштириш ва осонлаштириш мақсадида уни туркий тил ва талаффуз мезонларига мослаштирган.

Ўзи тузган салтанатни бошқариш, юртни обод этиш, ҳар соҳада тараққиёт сари одимлаш учун Бобур ҳазратлари доимо уламолар ва илм аҳли билан маслакдош, ҳамфикрлик билан иш тутган.

Аллоҳ таоло Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомиздан рози бўлсин, ул зотни жаннатда, Алишер Навоий ҳазратлари билан бирга жам қилсин!

 http://Vaqf.uz 

1195 марта ўқилди

Мақолалар

Top