Ибратли ҳикоялар

Бир мусибатми, минг насиҳатми?

Ҳамма нарсани тажриба қилиб кўришга инсоннинг умри етмайди. Шунинг учун  инсон азиз умрини аллақачонлар тажрибадан ўтиб бўлган нарсаларни қайта бошдан тажриба қиламан деб бой бериб қўймасдан, ўтган аждодларнинг ҳаётий тажрибаларидан, билимларидан фойдаланиб дарҳол тўғри йўлга тушиб олгани маъқул.

Тажрибадан ўтган ишларни такрор тажриба қилишга уринган киши кўплаб хато ишларга йўл қўйиб бошига ташвиш орттириб олиши ҳам мумкин.  Шундай экан, тажрибадан ўтган тўғри ишларни қабул этмоқ ва уларни келажак авлодларга етказмоқ фойдалидир. Тарихда ибрат олшга арзийдиган мисоллар кўп.  Уларни ўқиб тўғри хулоса чиқарилса, инсонга кўп нафи тегади. Ана шундай мисоллардан бири Хорун ар-Рашид ва боғбони ўртасида бўлиб ўтган  “Излаган топади” воқеасидир.

Излаган топади

Аббосий ҳукмдорлардан Хорун ар-Рашид  боғбонини бир куни ёнига чақирибди ва боғдаги бир гулни унга кўрсатиб: “Бунга қара, мана шу гул мен боғда энг яхши кўрадиган гулдир. Бу гулни кўзингнинг қорасидек эҳтиёт қил. Агар шу гулга бир зарар етса, унинг бадали жуда оғир бўлади”, дебди.

Кунлар ўтаверибди. Боғбон ҳам парваришни энг аъло шаклда бажариш учун ҳаракат қилаверибди ҳамда ҳукмдор кўрсатган гулга ғамхўрлик қилишда давом этибди.   Фақат бир куни бир булбул келибди-да айнан ўша гулнинг шохига қўниб япроқларини битта-битта юла бошлабди. Боғбон бу ҳолни кўрса ҳам, ҳеч нарса қила олмасдан қараб туришга мажбур бўлибди. Бечора боғбон қўрқса ҳам воқеадан ҳукмдорни хабардор қилишга мажбур бўлгани боис булбулнинг қилган ишини Хорун ар-Рашидга бирма-бир айтиб берибди. Унинг гапларини диққат билан тинглаган ҳукмдор ғоят хотиржам оҳангда “Қани, индамай турайлик-чи, нима бўлар экан, излаган топади”, дебди.

Бу гапни эшитган боғбон боққа қайтиб ишини давом эттирибди. Аммо орадан бир неча кун ўтиб ўша булбул яна келиб бошқа бир гулнинг шохга қўнибди ва гулнинг япроқларини уза бошлабди. Шу вақтда бир илон пайдо бўлиб булбулни ютиб юборибди. Бу ҳолни ҳайратлар ичида кўрган боғбон боғдан югуриб чиқиб халифанинг олдига борибди ва бўлиб ўтган воқеани гапириб берибди. Ҳаётда кўп нарсани кўрган, тажрибали ҳукмдор сокинлик ила: “Бўпти, излаган топади”, дебди.

Бу жавобни эшитган боғбоннинг ҳайрати икки баробар ортиб боққа қайтиб келибди. Боғбон ишларини аъло даражада бажаришга уринар экан, “гул”, “булбул” ва “излаган топар” деган сўзларни хаёлидан чиқара олмабди. Яна бир куни хаёл суриб сарой боғчасини тозалаб юрар экан, ўша илон пайдо бўлиб унга ташланиб қолибди. Боғбон илоннинг ҳужумидан ўзини ҳимоя қилиб, ғайритабиий тезликда унинг бошини қўлидаги анжоми билан мажақлаб ташлабди.

“Булбул”, “гул”, “илон” “излаган топади” ва “ҳодисаларнинг давомийлиги”дан ҳайратини яшира олмаган боғбон яна ҳукмдорнинг олдига бориб: “Ҳукмдорим, сарой боғида куймаланиб юрган эдим, дафъатан, ўша булбулни еган илон пайдо бўлиб менга ташланиб қолди. Қўрққанимдан ўзим сезмаган тарзда тез ҳаракат қилиб унинг бошига уриб ўлдирдим”, деди. Ҳукмдор яна мутлақо хотиржам оҳангда: “Бўпти. Бўлар иш бўлибди, ваҳимага тушадиган ҳеч нарса йўқ, излаган топади, ишингни давом эттиравер”, дебди.   

Боғбон яна боққа қайтиб келиб ишини давом эттирибди. Фақат бу орада нимадир бўлиб иши қозига тушиб қолибди. Қози боғбонни қатл этиш ҳақида ҳукм чиқарибди. Ҳукмни султон тасдиқлаши керак экан. Боғбон қатл этиладиган кун келибди ва қатл олдидан унга сўнгги сўзни берибдилар. Боғбон: 

“Ҳукмдоримга ва буюк давлатимга узоқ йиллар хизмат қилдим. Қўлимдан келганини аъло даражада бажаришга астойдил ҳаракат қилдим. Охирги дамларда ҳукмдоримдан ва унинг тимсолида миллатимдан розилик олишни истайман”,  дебди.  Унинг бу тилаги ҳақида Хорун ар-Рашидга хабар беришибди. Ҳукмдор кўп йиллар давлатга хизмат қилган кекса боғбоннинг сўнгги истагини бажо келтиришга ҳаракат қилибди. Қатлгоҳдаги боғбон ҳаяжонланибди, фақат ўзини тутиб олиб:  “Ҳукмдорим, ўзингизга маълум: булбул гулни еди, илон булбулни ютди, илон менинг қўлимда ўлди, менинг қатлимни эса сиз тасдиқламоқдасиз...” дебди. 

Бу сўз қаршисида ҳукмдор нима қилишни билмай ҳайратга тушибди. Бир тарафда қатл столида йиллар давомида хизматини қилган боғбони; бир тарафда эса адолат талаби; яна бир тарафда афу этишнинг буюклиги. Буларнинг барчасини адолатнинг ҳассос чизгисига тортган султон гуноҳига тавба қилган боғбонни афу этибди. Унинг кечиримлилигидан  халқ миннатдор бўлибди. Албатта, бу билан у ўз бошига келаётган бир мусибатнинг ҳам олдини олибди.

Аҳли суннат йўлидан оғишмаган аждодларимиз ҳаёти бизлар учун ҳаёт синовларидан ўтган ибрат мактабидир. Улар қилган тўғри ишлардан бизлар дарслар оламиз.  Ўрнак олганимиз инсонларнинг қилган яхши ишлари каби келажак авлодларга  фақат яхшиликларни мерос қилиб қолдиришимиз керак. Ана шунда ўзимизни ва авлодларимизни ёмонликлардан ҳимоя қилиб яхшиликлар эшигини очиб қўйган бўламиз.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади. 

 

6736 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Аёл илмли бўлиши керакми? Чексизлик »

Мақолалар

Top