Мақолалар

Шаъбон ойининг фазилатлари

Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг саккизинчиси бўлиб, у рамазондан битта олдинги ой ҳисобланади. Бу ойнинг бундай ном билан аталиши пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бешинчи боболари Кулоб ибн Мурра яшаган давр, яъни 412-милодий йилга бориб тақалади.

У вақтларда араблар ҳар бир ойни унда рўй берган муҳим воқеа-ҳодиса ва ҳолатларга қараб номлар эдилар. Масалан, кетма-кет келувчи жумода-л-увло ва жумода-л-охира (биринчи жумодо ва кейинги жумодо) ойларини ўша вақт қишнинг энг совуқ пайтига тўғри келиб, сувлар ва ерлар музлаб қолганлиги учун шундай номлаганлар. Жумодо сўзи музлаш, қотиш маъносини англатувчи “тажаммада” феълидан олинган. Ойларга ном берилаётган даврда Рамазон ойи ёзнинг жазирамасига тўғри келганлиги боис, унинг номини қаттиқ қизиб, чўғ бўлиш маъносини англатувчи “рамаз(ун)” сўзидан олганлар. Худди шунга ўхшаб, шаъбон ойининг номланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор эди. Унинг номланиш сабаби борасида турли хил қарашлар мавжуд бўлса-да уларнинг бари тарқалмоқ маъносини ўз ичига олувчи “ташаъъаба” сўзидан олинганлигини ривоятлар тасдиқлайди. Зеро, айнан шу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетардилар. Яна бир қавлга кўра бу вақтда араблар тарқоқ ҳолда турли ғорларга кириб олар эканлар. Бошқа бир қавлга биноан араблар шаъбондан битта олдинги уруш ҳаром қилинган ражаб ойида уруш-юришларни тарк этиб, уйда ўтириб қолганликлари боис шаъбон келиши билан яна жангу жадалларда қатнашиш учун тарқалиб кетарканлар. Шунингдек, шаъбон ойи ражаб билан рамазон ўртасида бамисоли шоҳ каби ўсиб чиқиб, уларни бир-биридан ажратиб турганлиги учун ҳам шундай ном билан аталган деган сўзлар ҳам бор.

Шаъбон мусулмонлар қошида ғоят аҳамиятли ва муборак саналган ойлардан бири ҳисобланади. У рамазондан битта олдинги ой бўлганлиги туфайли ҳам унда рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилади. Кўп нафл рўзалар тутилади. Қуръони карим тиловатига киришилади. Хайрли амалларга қўл урилади. У рўзаси фарз бўлган рамазон ойи учун бамисоли фарз намозларини ҳаммаёғидан ўраб турувчи ва нуқсонлардан ҳимоялаб турувчи аввалги ва кейинги суннатлари кабидир. У рамазоннинг муқаддимасидир. Бу ойда нафл рўзалар тутиш билан машғул бўлган киши Рамазон рўзасини ортиқча машаққат ва қўрқувсиз бошлайди. Балки, бу иш унга бирмунча енгил бўлиб қолади. Натижада фарз бўлган рамазон рўзасига ғайрат ва шижоат билан киришади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда кўп нафл рўза тутардилар. Оиша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади (мазмуни): “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл рўзаларни тутишни бошлаганларида шундай кўп тутардиларки, ҳатто энди доим рўза тутиб юрсалар керак, деб ўйлаб қолардик. Кейин рўза тутишни тўхтатардилар ва шундай узоқ пайт тутмай юрардиларки, ҳатто энди рўза тутмасалар керак, деб айтардик. Расулуллоҳни рамазондан бошқа бирор ойни тўлиқ рўзадор бўлиб ўтказганларини кўрмадим. Ва у кишини шаъбондан бошқа бирор ойда шаъбондагичалик кўп нафл рўза тутганларини ҳам кўрмадим” (Имом Бухорий. 1833-ҳадис; Имом Муслим. 1956-ҳадис).

Шаъбон ойида кўп нафл рўза тутишга доир шу ва бошқа ҳадиси шарифлар мазкур ойда нафл рўзаларни кўпайтириш мустаҳаб эканлигига далолат қилади. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан нақл қилинган баъзи ҳадиси шарифларда ҳатто шаъбоннинг ҳамма кунида рўза тутишлари, ривоят қилинган. Аммо, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазондан бошқа бирор ойда тўлиқ рўза тутмаганлари ҳақида бошқа ривоятлар ҳам мавжудлиги туфайли уламолар юқоридаги сўзни Набий алайҳиссалом шаъбонда тўлиқ бўлмаса-да бироқ аксар қисмида рўзадор бўлганликларига йўядилар. Зеро, бирор нарсанинг аксарини “ҳаммаси” дея ифода этиш араблар тилида жоиз ва учраб турадиган нарсадир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима учун бу ойда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ рўзадор бўлишларининг сабаби эса қуйидаги ҳадиси шарифда очиқланади.

Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Ё Расулуллоҳ, бирорта ойда шаъбондагидек (кўп) рўза тутганингизни кўрмадим”, дедим. У зот: “Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Ҳолбуки, унда амаллар оламлар Роббига кўтарилади. Шундай экан, амалларим рўзадор бўлган ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, дедилар” (Имом Насоий, Абу Довуд ва Ибн Хузайма ривоятлари).

Ушбу ҳадисдан олинадиган сабоқлардан бири шуки, одамларда икки буюк ой – ражаб ва рамазоннинг ўртасида келувчи шаъбон ойига нисбатан унинг фазилатларидан ғофиллик мавжуд бўлган экан. Зеро, ражаб уруш ҳаром қилинган муқаддас ойлардан бири, рамазон эса рўзаси фарз қилинган, унда Қуръони карим нозил бўлган ва энг улуғ тунни ўз ичига олган ойдир. Шаъбон эса уруш ҳаром қилинган ойлардан эмас ва рамазон каби кўп фазилатларга эга ҳам эмас. Шу нарса, одамларни мазкур ойга нисбатан эътиборсизроқ бўлишга ундаб қўйиши мумкин. Аммо, бу хато бўлиб, шаъбоннинг ҳам ўзига яраша фазилатлари бисёрдир. Улардан бири ҳам бўлса, унда барча бандаларнинг амаллари Аллоҳга арз қилинишидир. Шунингдек, мазкур ой юқорида санаб ўтилган ва қуйида зикр қилинажак яна бошқа фазилатларга ҳам эгадир.

Билолиддин Абдуллаев,
Наманган шаҳри ''Имом Бухорий'' жоме масжиди имом-хатиби.

1876 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top