Мақолалар

“Сузук ота” мажмуаси – улуғ авлиё қўним топган маскан

Она диёримиз бой тарих ва улкан моддий-маънавий меросга эга диёр ҳисобланади. Қолаверса, бу заминда муқаддас қадамжолар ва азиз авлиёлар маскан топган зиёратгоҳлар ҳам талайгина. Сўнги йилларда юртбошимиз томонидан ушбу муқаддас қадамжоларни, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиб бериш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилгани барчамизга сир эмас. Бугун ҳам шу хайрли ишларнинг давом этиб бораётгани бутун ўзбек халқини қувонтиради, албатта.

Мана шундай зиёратгоҳлардан бири пойтахтимиз Тошкент шаҳри марказида жойлашган “Сузук ота” мажмуасидир. Мажмуа тарихий ва янгидан бунёд этилган масжидлар, мақбара ва ҳунармандлар маҳалласини ўз ичига олган бўлиб, ташриф буюрган инсонларга ўзгача кайфият бахш этади.

Мазкур мажмуага юртимизда яшаб ўтган улуғ тасаввуф устозларидан бўлган  Сузук отанинг номлари берилган.  

Сузук ота номи билан машҳур бўлган бу зотнинг асл исмлари Мустафоқул бўлиб, улуғ валиуллоҳлардан бўлган. Сузук ота машҳур “Яссавия” тариқати асосчиси Хожа Аҳмад Яссавийнинг набираси, яъни қизи Гавҳари Ҳуштожнинг суюкли фарзанди бўлиб, 1140 йилда Сайрамда таваллуд топган. Аҳмад Яссавий ҳазратлари бу неварасини жуда яхши кўриб, доимо “сузугим” (суюклигим) деб атаганларидан бу ном у зотга тахаллус бўлиб қолади.

Соҳиби каромат Сузук ота вояга етганларидан сўнг, оталари Аҳмад ал-Қорачуғай Шайхнинг тавсиясига кўра, Шош воҳасига сафар қилиб, қадим Шош кентининг чеккасидаги бир маҳаллада муқим яшаб қоладилар. Ҳудуддаги кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат бўлган ерларни ўзлаштириш ва обод қилиш учун, Сузук ота туғилган юртидан қорилар, уста-ҳунармандлар ва яқин биродарларини олиб келиб, янги уй-жойлар қурдириб, янги маҳаллага асос солгач, илм ва ҳунарни кенг оммага жорий қилишни бошлаб юборадилар.

Маҳалла аҳолисининг доно маслаҳатгўйи, ҳунармандлар устози, толибларнинг пири муршиди бўлган Сузук ота 1217-йилда вафот этади ва шу жойда дафн этилди.

Салоҳиддин Тошқандийнинг “Темурнома” асарида қайд этилишича, соҳибқирон Амир Темур 1363-1364 йиллардаги ҳарбий юришлари пайтида Тошкентга ташриф буюради. Ташриф мобайнида маънавий пири бўлган Хожа Аҳмад Яссавийнинг эрка набираси, улуғ валий Сузук отанинг қабрларини ҳам зиёрат қилиб, у зотнинг хотирасига атаб мақбара ва жоме масжид қурилишига амр қилади.   

Асрлар давомида халқимизга маънавий озуқа бериб келган зиёратгоҳ ва масжидда, 2017 йил май ойидан Юртбошимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан тўла реконструкция ишлари бошлаб юборилди. 2 йил мобайнида олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида 6,5 гектар майдонда кириш портали, тарихий тарҳни сақлаб қолган ҳолда қайта таъмирланган ва барча замонавий қулайликларга эга зиёратгоҳ, масжид ва ҳунармандлар учун 30 та замонавий устахона ва яшаш жойларидан иборат кўркам мажмуа вужудга келди.

Айни дамда мазкур мажмуа “Вақф” фонди тасарруфидаги кўркам зиёратгоҳлардан бири сифатида, маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг севимли масканига айланмоқда десак муболаға бўлмайди.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

1312 марта ўқилди

Мақолалар

Top