Мақолалар

Қўшниси оч мўмин ухламас

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Исломда ҳар бир иш Қуръони карим ва суннати набавия таълимоти асосида бажарилади. Ислом динининг жамиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга муносабати ҳам шу икки манбада ўз ифодасини топган. Ижтимоий ҳимоя деганда аввало аҳоли орасида моддий жиҳатдан қийналган, ўзининг эҳтиёжини қоплай олмаётган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш тушунилади. Шу жиҳатдан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимояга нақадар катта эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин.

Қуръони каримда “фақирлик” ва “фақирлар” лафзи моддий маънода 13 марта такрорланган. Уларнинг баъзиси одамларнинг Аллоҳга фақир (муҳтож) эканини баён қилса, баъзилари шайтоннинг одамларга фақирликни ваъда қилишини баён қилади, бошқалари эса фақирларга молнинг маълум бўлагидан садақа беришга буюради. “Бойлик” ва “бойлар” лафзи 26 марта келган. Бундан 21 таси Аллоҳнинг беҳожат зот эканини таъкидласа, 5 таси инсонларнинг сифати маъносида ворид бўлган. “Мискин” лафзи кўплик ва бирлик сийғаларида 33 марта такрорланган. “Соил” (тиламчи) лафзи 4 марта келган ва унинг барчасида уларга садақа беришга буюрилган. Иқтисодий жиҳатдан “заифлар” лафзи 4 марта зикр қилинган ва унда заифлардан муайян мажбуриятларни соқит қилиш ва улардаги заифлик сабабларини бартараф этиш ҳақида гапирилган. Иқтисодий жиҳатдан “маҳрум” лафзи 2 марта келган ва иккисида ҳам бойларнинг молида уларнинг ҳам ҳаққи борлиги таъкидланган. Барча турдаги муҳтожларнинг насибаси бор бўлган “закот” лафзи 32 марта такрорланган. Гоҳида закот лафзининг, гоҳида эса нафл садақанинг маънодоши сифатида келадиган “садақа” лафзи 16 марта келган, унинг ҳаммаси ҳам садақа беришликка ундаган ва буюрган. Муҳтожларга молиявий ёрдам кўрсатиш маъносидаги “эҳсон” лафзи 63 марта зикр қилинган. “Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш” жумласи 70 марта ворид бўлган.

Юқоридаги рақамларни жамлаб чиқсак, Қуръони каримда ижтимоий ҳимоя мавзусида 263 ўринда сўз юритилгани маълум бўлади.

            Ижтимоий ҳимояга оид ҳадисларни таҳлилий ҳисоб-китоб қилиб чиқиш мушкул иш. Чунки бир томондан ҳадис китобларининг хилма-хиллиги бўлса, иккинчи томондан ривоятларнинг такрорланиши натижасида айнан ўхшаш ҳадислар ҳам такрорланиб келган. Лекин шунга қарамай, ҳадис китобларини кўздан кечириб чиқиш натижасида ушбу мавзуга оид сўзлар 157 марта ворид бўлганини кўриш мумкин ва уларнинг аксарида фақирларга хайрихоҳлик қилиш тўғрисида сўз юритилади.

            Мусулмонлар авваламбор ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло яратган, бандалар эса шу нарсаларни тасарруф қилишга тайинланган, деган тушунчага суянади. Шундай экан, банда қўлидаги молни унинг ҳақиқий эгаси бўлган Зотнинг розилиги йўлида тасарруф этмоғи лозим бўлади. Шундай қилиш зарурлигини Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”, деб баён қилади (Қасас сураси, 77-оят).

            Ушбу оятдан ҳамма нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло экани ва бизни Ўзи белгилаб берган меъёрга мувофиқ иш юритишга буюргани маълум бўлади. Бу меъёр охиратда Аллоҳнинг розилигига эришиш умидида бу дунёда унга итоат қилишдир. Ибодатларни тўла адо этиш, хайр садақа ва закот бериш шулар жумласидандир. Бойларга яхшилик тариқасида Аллоҳ берган молдан жамиятдаги муҳтожларга эҳсон қилишга буюриши эса шу молда Аллоҳнинг ҳам ҳаққи борлигини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шу ҳақни фақир ва муҳтож бандаларига беришга буюради. Фақир ва мискинлар бойлардан садақаларни олишни ўзларига ор деб билмасликлари учун муҳтожларнинг молдаги насибаларини уларнинг ҳақлари деб қарайди. Чунки улар Қуръон оятига биноан ўз ҳақларини худди шерикчилик орқали топилган даромаддаги ўз улушларини олгандек қабул қилишлари лозим бўлади.

            Ислом динида фақирлик муаммоси аввало ўша фақирларни меҳнат қилиш, касб-ҳунар билан шуғулланишга тарғиб қилиш, дангасаликдан қочишга чақириш билан ҳал этилади. Чунки меҳнат қилиш бу асосий вазифа ҳисобланади. Бироқ жамиятда меҳнатга ярамайдиган ёки муносиб иш топа олмаётган ёхуд иши бор-у, бироқ ундан оладиган даромади эҳтиёжини қоплашга етмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга нисбатан ҳам Ислом дини ўзига хос тарзда раҳнамолик қилишга йўллайди. Масалан, закот, яқин қариндошларга берилиши вожиб бўлган нафақа, нафл садақа, хайрия, вақф ишлари, назрлар, каффоратлар, қўшнилар ҳаққи, меҳмондорчилик ҳаққи, эммигрантлар (ибн сабиллар) ҳаққи, етимларга ғамхўрлик қилиш, тиламчилар (соил) ҳаққи, давлат томонидан ижтимоий таъминот учун ажратадиган ҳақлари шулар жумласидандир.

            Ислом дини – эътиқод, шариат ва ахлоқдан ташкил топган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга раҳнамолик қилиш ана шу учовининг ҳар бири билан чамбарчас боғлиқдир. Эътиқод ва имон билан боғлиқлик жиҳати – Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг эгаси деган ақидага таянади. Албатта, Аллоҳ бандаси қўлидаги молидан бир қисмини муҳтожларга беришни амр қилган. Мўмин киши эса ўз ақидасига содиқ қолган ҳолда ушбу буйруқни бажаради. Чунки Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб қорни тўқ ётган киши мўмин эмас”, дедилар” (Ҳоким ривояти).

            Ижтимоий ҳимоянинг шариат билан боғлиқлиги Исломнинг арконларидан бири бўлмиш закотда яққол намоён бўлади. Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли бўлган кишиларни Қуръони каримда бирма-бир баён қилган:

“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. (Тавба сураси, 60-оят).

            Ижтимоий ҳимоянинг исломий ахлоқ билан боғликлигини бошқа садақалар борасида кўриш мумкин.

“Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): Бизлар сизларни фақат Аллоҳ юзи учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз. (Инсон сураси, 7-9-оятлар).

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исломдаги ижтимоий ҳимоя фақат моддийлик билан чекланиб қолмайди, балки ижтимоий ва руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади.  

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақа, яхшиликка буюришинг ҳам садақа, ёмонликдан қайтаришинг ҳам садақа, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб юборишинг ҳам садақа, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам садақа, йўлни юзида ётган тошни, тиканни, суякни четга олиб қўйишинг ҳам садақа, челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг ҳам садақадир, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

            Шунингдек, Ислом динида беморларни зиёрат қилиш, таниган-танимаганга салом бериш, жанозада иштирок этиш, марҳумнинг яқинларига таъзия билдириш борасида ҳам кўрсатмалар берилган ва бу амаллар учун улуғ савоблар ваъда қилинган. Буларнинг барчаси инсонларнинг кўнглига хурсандчилик бағишлайдиган, ижтимоий алоқани янада мустаҳкамлайдиган исломий фазилатлар саналади.

            Айни пайтда Ислом динида муҳтожга ёрдам қўлини чўзишдан қочиш қаттиқ қораланади. Қуйидаги ҳадисдан шу маънони англаш мумкин:

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла айтади: Эй, Одам боласи! Мен бетоб бўлдим, сен эса мени кўргани келмадинг! У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай кўргани бораман? У айтади: Фалон бандам бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, ўша ерда мени топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Сендан таом сўрадим, сен эса бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай таомлантирай? У дейди: Фалон бандам сендан таом сўраганда сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни ҳозир шу ерда топган бўлар эдинг. Эй, Одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг. У айтади: Эй, Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, сенга қандай қилиб сув берай? У дейди: Фалон бандам сендан сув сўради, сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни мени ҳузуримдан топишингни билмасмидинг?” дедилар” (Муслим ривояти).

            Исломда ижтимоий ҳимоя нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида бўлиши, балки мусулмон жамиятида яшаётган бошқа дин вакилларига ҳам ғамхўрлик қилиниши лозим экани таъкидланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: Ким зиммийга азият етказса мен у билан хусуматлашаман. Мен ким билан хусуматлашсам қиёмат кунида ундан ҳаққимни оламан, деганлар.

            Зикр қилинишича, Умар ибн Абдулазиз Басра шаҳридаги волийси Адий ибн Артоътга мактуб йўллаб, унда жумладан шундай ёзади: “...Сўнгра, қарамоғингдаги аҳли зиммалардан қайсиларининг ёши кексайиб, қуввати заифлашиб, касб қилишга қурби етмай қолган бўлса, уларга  байтул молдан етарли миқдорда нафақа ажратилишини жорий қилгин. Шунинг учунки, мен эшитган эдим, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уйма-уй юриб, одамлардан тиланчилик қилиб юрган аҳли зиммалардан бўлмиш бир қарияни кўриб: Ёшлингда сендан жизя олсаг-у, кексайганингда қаровсиз қолдирсак, сенга нисбатан инсофсизлик қилган бўламиз, деганлар ва байтул молдан унга етарли миқдорда нафақа беришни жорий қилганлар”. Демак, Ислом тарихида биринчи марта давлат хазинаси ҳисобидан кексаларга ижтимоий таъминот учун нафақа тайинланиши Умар ибн Хаттоб давридан бошланган экан.

            Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини ижтимоий ҳимоя борасида ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этишга кенг тарғиб қилган диндир.

Ҳ. ИШМАТБЕКОВ, Фатво бўлими мудири  

 

 

5113 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Комиллик мақоми Қайнота – оила бошидир »

Мақолалар

Top