Немис журналисти Карима Жордан Жанубий Кореяга боргани ва у ердаги мусулмонлар ҳаёти билан қандай танишганини қуйидагича ҳикоя қилади.
Мен Корейс халқи ва маданияти билан танишишга жуда қизиққан эдим. Жанубий Корея ярим оролида жуда кам мусулмон аҳоли борлиги ҳам менинг бу мамлакатга бўлган қизиқишимни пасайтира олмас эди. Қулоқларим корейча сўзларни эшитган ва кўзларим корейсларнинг ёзув тизими – хангилни кўрганидан бошлаб ана шу мамлакат аҳолиси гаплашадиган тилда гаплашишни орзу қилар эдим...
Ўзимни бу тилда гаплашиш борасида ҳаваскор ҳисобласам-да, аммо ханбок (корейсларнинг одмигина кийими) кийиб олган аёлнинг менга ҳайратланиб ва севиниб қараб турганидан хурсанд бўлиб кетдим. Мен ундан корейс тилида халқаро аэропортга олиб борадиган поездга қаердан ўтиришим мумкинлигини сўраган эдим. Унинг менинг ҳолатимни тушунгани кўнглимнинг тубидан жой олди. Шунингдек, маҳаллий аҳоли ҳам мен билан самимий муносабатда бўлди ва уларнинг хайрихоҳлиги туфайли ярим тунда Сеулдаги унчалик қиммат бўлмаган меҳмонхонани топиб жойлашиб олдим.
Сеулда тахминан 150 000 мусулмон яшайди ва уларнинг деярли учдан бири – маҳаллий кореслардир. Бу ерда 1976 йилда қурилган Сеулнинг Марказий масжиди бор. Шунинг билан бирга, кўплаб ҳалол ресторанлар ҳам мавжуд. Хусусан, ажойиб мусулмон корейс оиласи юритадиган Eid Halal Restaurant ресторани ҳам шулар жумласидан.
Кореянинг Марказий масжиди Кореядаги ўн бешта масжиднинг бири саналади. Улардан ташқари аэропорт, университет ва савдо марказларида 60 дан ортиқ намозхоналар ҳам бор. Шуниси ажабланарлики, бу мамлакатдаги масжидлар мусулмонлар ва номусулмонларни бирлаштирувчи маскан вазифасини ўтамоқда.
Бунга араб тилидан дарс берадиган ва Ислом динига қизиққан кишилар берган саволларга билими етганча жавоб берадиган Бора Сонгни мисол қилиб келтириш мумкин. Менинг у билан масжидда бўлган учрашувим корейс мусулмонлари билан анжуманлар залида учрашишга тайёргарлик кўраётган чоғимда бор-йўғи бир неча дақиқа давом этди. Аммо айнан шу фурсатда маданиялар қанчалик фарқ қилмасин Ислом ўз хусусиятини сақлаб қолишини англадим.
У кореялик муслима эди. Буни ўқиган кўпчилик киши бошида ажабланиши мумкин. Бироқ мен корейс халқининг анъанавий либоси – ханбокни кўргандан кейин бу ҳолга ажабланмадим. Эҳтимол, ханбок муслима аёлларнинг одмигина либосига ўхшагани учун шундай бўлгандир.
Яқинда ёшгина бир корейс аёли телевизорга чиқиб унинг учун ханбокни кийиб юриш бурч эканини айтди. У ханбокни кийганда ўзини енгил ва қулай ҳис қилар экан. Ханбок муслима аёлларнинг камтарона кийимига ўхшайди. Айрим корейс аёлларининг европа услубида тикилган кийимларни афзал кўришига қарамасдан, корейс бичувчилари ханбокни янада такомиллаштириш ва арзонлаштириш устида иш олиб бораётир.
Оммавий ахборот воситаларида Ислом ва мусулмонлар аксар ҳолларда салбий тасвирланаётган бўлса-да, кореслар фаоллик билан Ислом динига кирмоқда. Мен ҳозирги вақтда Бирлашган Араб Амирликларида яшаб ижод қилаётган, ўзининг бадиий маҳоратидан Ислом дини ва унинг анъаналари корейс халқига қанчалик яқин ва тушунарли эканини англатиш йўлида фойдаланаётган кореялик муслима рассом Муну Бэни жуда ҳам яхши кўраман.
Ислом ва она ватани ўртасидаги муносабатлар унинг ҳаётининг маъносига айланган. Ислом динига кирган дастлабки кезларда у ўзини ҳар тарафи ўралгандек ҳис қилган эди. “”Аммо суннатни ўрганиб, ҳадиси шарифларни ўқий бошлаганимдан кейин Исломий билимим бойиб борди. Бу таълимотлар менга болалигимда ота-онам берган тарбияга жуда ҳам ўхшаш эди”, дейди у.
Кореяда Ислом бу – нисбатан ёш дин, Лекин корейс мусулмонлари тарихи кўрсатишича, Ислом дини таълимоти умумэътирофга молик тушунча. У сайёрамиздаги барча инсонларга, барча ирқларга ва барча миллатларга – эркаку аёл, ёшу қари, бадавлату камбағал, бемору соғломларга бирдек тўғри келади.
Мамлакати ва маданияти, яшаш жойи ва ижтимоий аҳволига қарамасдан ҳар бир инсон Ислом динидан ўзига фойда олади, қалби хотиржамлик топади ва Аллоҳ таоло, одамлар ва ўзи билан ўзи ўртасидаги уйғунликни ҳис қилади.
Корейс мусулмонлари исломий тамойилларга асосланиб ҳаёт кечирмоқда. Шунинг билан бирга, улар диний анъаналарни ўзларининг миллий урф-одатларига уйғун деб ҳисоблайди.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА таржима қилди.