Мақолалар

Тазкия ва тарбия: Менга эргашингилар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади – 7 қисм

Машқ ва ўргатишга эҳтиёж. Муршидим Доктор Абдулҳай Орифий айтардилар:

“Мен бунга ўзимни ўргатиш учун йиллар машқ қилдим. Нафс қаттиқ очликдан ейишга ошиқиб, мазали таом олдимга қўйилганда қалб дарров бошлашни хоҳларди. Лекин, мен тийилиб, бироз тўхтаб: “Бу Аллоҳ берган неъмат, нафсимни менда унга ҳалол ризқдан едириш ҳаққи бор, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол таомлардан тановул қилиб Аллоҳга ҳамд айтганлар”, деб ниятни ҳозирлардим. Бора-бора бу ният нафсимда дарҳол пайдо бўладиган бўлди. Бу билан ҳам суннатга эргашиш ва ҳам шаръий вожибни адо этган ҳолда таом тановул қилишни бошлардим.

Шунингдек, уйга кирганимда болаларни ўйнаб кулиши ёқиб кетиб, уларни қучоқлаб олгим келарди. Лекин бир тўхтаб: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кичикларга раҳмли эдилар, уларни меҳр билан эркалардилар”, деб ниятни ҳозирлаб, кейин суннатга эргашган ҳолда уларни ўпиб эркалардим. Нафсда ўрнашиб қолгудек малака ҳосил бўлгунча йиллар давомида машқ қилиб нафсни тарбиялаб бордим. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Эндиликда бу одатий амалларда фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиш нияти ҳозир бўладиган бўлиб қолган”.

Ҳа, ҳар бир амални адосига суннатга эргашиш нияти билан киришиш керак. Шунда у амалга суннати мутаҳҳара туси кириб, Аллоҳ таоло олдида ажрга эришамиз иншааллоҳ. Олдинлари бозор ва дўконларга ниятсиз бориб юрган бўлсак, эндиликда зиммамизга шаръан фарз бўлган нафс ва аҳли аёл ҳаққини адо этиш нияти билан касб-кор қилайлик. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол касб талабида бўлиш фарздан кейинги фарздир”, деганлар[1].

Юқорида айтилганлар суннатга эргашиш бўйича биринчи босқичда баён қилиниши керак бўлган очиқламалар хулосасидир.

Иккинчи босқич. Шахсий, ижтимоий, уйда ва ташқарида, хуллас, ҳамма жабҳада Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўз ичига олган китобдан фойдаланиш керак. У китоб билан яхшилаб танишиб, ҳаётингизни ва қиладиган амалларингизни унда баён қилинган суннатларга мос келтирасиз. Сиз бу йўлда икки ҳолатга учрашингиз мумкин. Биринчиси шуки, сиз китобда келган суннатга қийинчиликсиз ўша заҳоти амал қила оласиз. Масалан, ҳожатхонага кириш вақтида дуосини ўқинг. Унга чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқинг. Чиққандан сўнг дуосини ўқиб қўйинг. Бу амал қийинчилик туғдирмайди. Шу каби суннатларни кечиктирмай дарров амалга татбиқ қилишингиз лозим.

Аммо иккинчисига амал қилиш бироз қийин бўлиши мумкин. Бу пайтда сиз Аллоҳдан ўша суннатнинг йўлидаги тўсиқларни йўқотиб, осон қилишини сўраб, унга амал қилишни бошлайсиз. Шайх Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, шу каби суннатга амал қилишда Аллоҳдан тавфиқ беришини сўраб ҳаракатда бўлган киши бу амалда бардавом бўлса, қирқ кун ўтиб мослашишини, қалбида фасоддан ислоҳ тарафга мойилликни топиши аниқ. Шундан сўнг у инсонга барча суннатларга амал қилиш осонлашиб қолади.

 

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг асар ва мақолалари асосида

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс тайёрлади.

 

 

[1] Сунан Байҳақий, “Киши ўз қўли билан касб ва амал қилиши боби”, 11695-ҳадис.

1071 марта ўқилди

Мақолалар

Top