Мақолалар

Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ўн икки ойнинг султони, раҳмат ва мағфират ойи бўлган Рамазонни дилларда шодумонлик билан ўтказмоқдамиз. Аллоҳ таоло бу ойни яхшилик ва тақво ойи қилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бу ойда барчани фаол бўлишга, унинг ҳар бир куни, соатини ғанимат билишга чақириб, бу ойни тоату ибодат, кўнгил сўраш, бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш ва раҳм-шафқат ойи эканини баён қилганлар.

Рамазон – бу рўза ойи! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар ҳамда “Сизларга Рамазон кириб келди, муборак ой. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди”, дердилар. Рамазон рўзаси мусулмон одамга, ақлли инсонга, балоғатга етганга, соғлом ва муқим одамга, ҳайзу нифосдан пок аёлга фарздир. Мусулмон бўлмаган, ақлидан зойил бўлган мажнунга, балоғатга етмаган ёш болага рўза фарз эмас.

Бемор соғайганидан сўнг қазо рўза тутиб беради. Шунингдек, мусофир юртига келганидан кейин, узрли аёллар ҳайзу нифосдан тозалангандан сўнг тутмаган рўзанинг қазосини тутиб берадилар. Ҳомиладор ёки эмизикли аёллар ўзларига ва болаларига зиён етмайдиган бўлганда, рўза тутадилар, ўтказиб юборган рўзаларининг эса қазосини тутадилар. Шайхи фоний, улуғ ёшдаги кексалар рўза тутишга қийналадиган бўлсалар, рўза тутмай қўя қоладилар. Унинг ўрнига фидя берадилар. Қийналмайдиган бўлсалар, рўзаларини (ёки қазосини) тутадилар. Шунингдек, тузалмайдиган беморлар фидя берадилар.

Рамазон – тарбия ойи! Бу ой ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилади. Инсонларга Аллоҳнинг чексиз раҳмати ёғилиб, уларга яхши имкониятлар яратилади. Улардан оқилона фойдаланиб, рамазон ойини ибодатда ўтказган ҳар бир банда дўзаҳдан озод қилинади. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини фарз, тунлардаги ибодатларни суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди».

Рамазон тинчлик элчиси, гўзал ахлоқ ва яхши одоб фурсатидир. Биров билан тортишиш, жанжаллашиш асли яхши иш эмас. Рамазонда бундай амаллардан янада узоқроқ бўлиш, ҳатто биров сўкса ҳам, ҳақорат қилса ҳам, унга рўзадорлигини айтишдан бошқа жавоб қайтарилмайди.

Рамазон – саховат ойи! Динимизда бошқа ойларга нисбатан Рамазон ойида хайр-саховатга алоҳида эътибор беришга тарғиб қилинади. Сабаби бу ойда қилинган амалга жуда кўп ажру мукофотлар берилади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг саховатларини мадҳ этиб шундай деганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийроғи эдилар. Айниқса, Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетар эдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда ёмғирли шамолдан ҳам сахийроқ бўлардилар (яъни, ёмғирли шамол барчага баробар фойда келтиргани каби, У Зотнинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди” (Муттафақун алайҳ).

Бу ойдаги ҳар бир кунимиз эзгу амалларга, хайр-саховатга бой бўлмоқда. Масжидларимизда таровеҳ намозлари ўқилмоқда. Илоҳо, бу ойда тутаётган рўзаларимиз, қилаётган тоату ибодатларимиз, хайру саховатларимиз ҳамда дуо-ю илтижоларимизни Аллоҳ қабул қилсин! Жонажон ватанимизни тинч-осойишта, халқимизни фаровон айласин!

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби

ЎзА

1114 марта ўқилди

Мақолалар

Top