Аллоҳ таоло: «Албатта биз инсонни энг гўзал шаклу шамоилда яратдик» (Тин сураси, 4-оят), деб марҳамат қилган.
Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло кўп турдаги гўзал махлуқотларини яратган ва уларнинг орасида энг гўзали инсондир. Раббимиз бизга ақл юритиш, ўйлаш, сўзлаш ва бошқа қобилиятлар ҳам ато қилган. Инсон барча махлуқот ва мавжудотнинг чиройлиси бўлгани каби унинг исми ҳам чиройли ва маънодор бўлмоғи лозим.
Фарзанд дунёга келгач, унга чиройли исм қўйиш отанинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши мумкин. Бола туғилганида баъзи ота-оналар қандай исм қўйишга ўйланиб қолади. Айримлар эса бош қотириб ўтирмасдан тўғри келган нарсаларнинг исмини қўяди. Ўша исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ёки дўзахда ҳам бирга бўлишига эътибор қилмайди. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Батаҳқиқ, қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз билан ва оталарингизнинг исмлари билан чақириласизлар, исмларингизни гўзаллаштиринг”, деганлар. Ушбу ҳадисда бандалар қиёмат куни ўз исми ва отасининг исми билан чақирилиши таъкидланиб, фарзандларга чиройли ва маънодор исмлар қўйишга тарғиб қилинмоқда.
Олдинлари болага Ўроқбой, Тешавой, Болтабой каби исмлар қўйилган, бунда ўша исмли бола қиёматда ҳам кўпчилик ўртасида исмидан уялиб ота-онасига даъво қилиши мумкинлиги ўйлаб ҳам кўрилмаган. Болага чиройли исм қўйсак, албатта, фарзандларимиз бу дунёда ўз ўртоқлари орасида ҳам хурсанд бўлиб юради.
Шунингдек, уларнинг исмларини тўлиқ айтиб чақирсак, яхши исм болани, албатта, яхшиликка етаклаб, кўринишига кўрк ва зийнат бўлади.
Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,
Бекобод туманидаги “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби