Мақолалар

Ифторликдан сўнг Расулуллоҳ қандай дуо қилганлар?

Рамазон ойида мусулмонлар кўплаб руҳий, маънавий манфаатлар оладилар. Бу ойнинг яна бир фазилати шуки, саховатпеша мусулмонлар яқинларига, бева-бечора, етим-есирларга қўлларидан келганча эҳсону садақа ва ифторликлар улашадилар. Рўзадорларга ташкил этиладиган ифторлик дастурхонларининг файзи бўлакча. Албатта, ифторликдан сўнг хонадон соҳиби ҳаққига хайрли дуолар қилинади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам Саъд ибн Убоданикига ифторлик қилгани борганларида, у нон ва ёғ қўйди. Пайғамбар алайҳиссалом улардан тановул қилиб:
أفطر عندكم الصَّائمون، وأكل طعامكم الأبرار، وصلَّت عليكم الملائكة
"Афтора ъиндакум сооимуна ва акала тоъамакумул аброро ва соллат ъалайкумул малааикаҳ", яъни: "Рўзадорлар сизларнинг ҳузурингизда ифтор қилишди. Яхшилар овқатларингиздан тановул қилишди. Фаришталар сизларга салавот айтишди", деб дуо қилдилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Анас розияллоҳу анхудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам бирор қавм ҳузурида ифторлик қилиб, оғизларини очсалар: "Афтора ъиндакумум соимун..." деб юқоридаги дуони айтар эдилар.
Биз ҳам Пайғамбаримизнинг суннатларига амал қилиб, ифторликларга борганимизда, мазкур дуоларни айтсак, манфаатли бўлади, иншоаллоҳ.

Мустақим ИСОЕВ,
Шофиркон тумани «Қори Фазлиддин» жоме масжиди имом-хатиби

1609 марта ўқилди

Мақолалар

Top