Мақолалар

Шукр қилиб яшаш саодатдир

Бу йилги Рамазони ойи ўзгача  файз, ўзгача тароват билан кириб келди.  Рамазон ойининг кириб келишида муҳтарам Президентимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш тўғрисидаги қарорлари бу табаррук ойининг файзига файз қўшди. Чунки Рамазони шариф ойининг кириб келиши Давлат раҳбарининг эътиборида бўлиши бу мўъмин-мусулмонларга эътибор демакдир.

Рамазони шариф-хайру-эҳсон, хайру-саховат, яхшиликлар ойидир. Шуни назарда тутган ҳолда бу йилги Рамазони шарифда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан кам таъминланган оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзилди. Бу хайрли амал ҳам динимиз кўрсатмаларига, ҳам халқимиз анъаналарига тўла мутаносиб десак муболға бўлмайди. Бу ифторлик дастурхонларида имом-хатиблар қатнашиб, ўксик қалбларнинг хурсандчилигига шерик бўлдилар. Ифторлик вақти дуолар ижобат бўладиган фурсатдир. Ана шу фурсатларда ифторликдан баҳраманд бўлган фуқароларимиз имом-хатиблар билан биргаликда хайрли дуоларда бардавом бўлдилар. Улар бу хайру саховатга бош-қош бўлганлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в,) “Рамазон шариф умматимнинг ойидир” деган муборак ҳадислари мазмунига мувофиқ бу йилги Рамазон ойида юртимизда ҳақиқий хурсандчилик бўлди.  Президентимизнинг  ташаббуслари билан кам таъминланган фуқароларимиз Умра зиёратига боришди. Улар Умра зиёратини амалга оширар эканлар, кўзларида қувонч ёўлари билан хайрли дуолар қилишди.

 Бу йилги Рамазон ойида хатму-қуръонларнинг юртимиздаги масжиддарда бир кунда бошланиб, бир кунда тугаши ҳам ўзгача тароват касб этди. Чунки мамлакатимиз мўъмин-мусулмонлари диёримизнинг қайси бурчагида бўлишмасин ўттиз пора Қуръони Каримни тўлиқ хатм қилиш бахтига муяссар бўлдилар. Шунингдек, хатму-қуръонларнинг Рамазоннинг муборак кечаларида бўлиши, дуолар ижобат бўладиган фурсатларда бутун юртимиз миқёсида мўъмин-мусулмонлар масжидларда йиғилиб дуойи хайрлар қилишлари бу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаравонлиги, фарзандларимиз камоли, бир сўз билан айтганда нимаки яхши тилаклар бўлса уларнинг ижобатига боис бўлиши, шубҳасиз.              

Бугунги кунда беҳисоб неъматлар ичида яшар эканмиз, албатта, бу неъматларга шукр қилишимиз лозим. Дарҳақиқат,Аллоҳ таолога кўп шукр қилишлик саодатдир. Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Албатта, қиёмат куни Аллоҳ таборака ва таолонинг энг афзал бандалари кўп ҳамд(шукр) айтувчилардир” (Ибн Ҳиббон, Ибн Можа ривояти).

Албатта, берилган неъматларга шукр қилишлик неъматни яна зиёда бўлишига сабабчи бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта. (уларни янада) зиёда қилурман...”.                ( Иброҳим сураси, 7-оят). Бу оятнинг тафсирида шундай дейилади:“”Шукр” сўзи  аслида миннатдор бўлиш, раҳмат айтиш маъноларида бўлиб, неъматларни ёлғиз Аллоҳ таолодан деб билиш ва У рози бўладиган тарзда сарфлашни англатади. Аллоҳ таоло бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйган. Ҳаммамиз энг афзал неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамизнинг соғлиги, юртимизнинг тинчлиги, етарли озуғимиз ва кийим-кечагимизнинг боргиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, фарзандлар бериб қўйгани-буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. У моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани-Ўзига итоат қилишнимизни, неъматларига шукр айтишимизни талаб қилади, холос”.    

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Албатта,  неъмат шукр ила улангандир. Шукр эса зиёдага боғлангандир.  Уларнинг иккиси бир жойга жойлаштирилгандир. Бандадан шукр узилмаганча Аллоҳ таолодан зиёда қилиш узилмайди”(Имом Байҳақий ривояти). бордир” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳар биримиз берилган неъматларга шукр қилиш билан дунё ва охират бойлигини, саодатини изҳор қилган бўламиз. Бу ҳақда ўз даврида ҳазрати Алишер Навоий бобомиз ҳам шундай ёзган эдилар:                                                                     

Шукр айлади шиддатда рижо изҳори, 

Ҳар меҳнат аро дафъи бало изҳори,

Мол истасанг эт шукру сано изҳори,

Ким шукр демак қилур ғино изҳори.                                                                                                                               

Хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилинаётган хайрли ишларни, хайру-эҳсонларни Ўз даргоҳида мақбул айлаб, барчаларимизни берилган неъматларга шукр қилиб яшаш саодатига муяссар қилсин!

               Р. УСМОНОВ,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили

1237 марта ўқилди

Мақолалар

Top