Мақолалар

Меҳр-оқибат, ҳиммат ва саховат айёми

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Сиз азизларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ва ўз номимдан хурсандчилик айёми бўлган муборак Рамазон ҳайити – Ийдул фитр билан чин қалбдан самимий муборакбод этамиз.

Аллоҳ таолонинг амрини адо этиб, руҳий покланишга эришган, Расул алайҳиссаломнинг суннатига эргашиб, имон ила савоб умидида рўза тутганларга жаннатнинг Райён дарвозасидан кириш насиб этсин!

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон умматига Рамазон ва Қурбон ҳайитлари Аллоҳ таоло томонидан ҳадя этилганини марҳамат қилганлар.

Шундай файзли кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтамиз. Қодир Аллоҳдан дуолар ижобат бўладиган дамларда халқимизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб, дуолар қиламиз.

Ҳақ таолога беҳисоб шукр, бу йилги Рамазон кунлари ва тунлари жуда файзли ўтди. Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг қут-баракаси ёғилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришди. Файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, қалб роҳати — таровеҳ намозларини адо этишди. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.

Бу йил юртимизда 1500 дан зиёд масжидда таровеҳ намозларида хатми Қуръон ўқилди. Рамазон ойининг 27 куни давомида масжидларда Каломуллоҳнинг саҳифалари бир хил ададда ўқиш анъанаси жорий қилинди. Мусулмон дунёсида тадбиқ этилмаган ўзига хос ушбу ажойиб тажриба кўпчилик томонидан юксак эътироф этилди.

Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси, яъни Қадр кечаси куни хатми Қуръонлар якунланиб, барча масжидларда бир вақтнинг ўзида бир неча миллион халқимиз Ҳақ таолога юзланди. Мана шундай жамул-жам илтижолар ижобатидан, юртимиз янада равнақ топади, ҳаётимиз фаровон бўлади ва икки дунёимиз саодатли бўлади, инша Аллоҳ.

Мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, янги очилаётган масжид-мадрасалар, қайта чирой очаётган қадамжолар ва кўпайиб бораётган Қуръони карим курслари мўмин-мусулмонларни чексиз мамнун этмоқда. Шундай улуғ неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.

Рамазон ойи халқимиз учун эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Президентимиз ушбу ойда кам таъминланган оилалар учун ифторлик ташкил этиб, кўнгли ўксик фуқаролар оғирини енгил қилиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу ташаббус Рамазон ойида кенг қулоч ёзиб, диёримизда кам таъминланган оилалар учун ифторлик дастурхонларини ёзиш, уларнинг кўнгилларини олиш ажойиб анъанага айланди. Жумладан, республикамиздаги 9 400 дан ортиқ маҳаллаларда истиқомат қиладиган эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож 900 мингдан ортиқ рўзадорлар учун ифторлик дастурхонлари ёзилди.

Қутлуғ ойдаги савобли ишлардан яна бири давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Умра зиёратига боришни ният қилиб, имкон тополмай юрган эҳтиёжманд ҳамюртларимизнинг орзуси руёбга чиқди. Рамазон ойида ёрдамга муҳтож оилалар, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган хонадонлар вакиллари, фахрийлар давлат томонидан берилган йўлланма асосида Макка ва Мадина шаҳарларида Умра зиёратини адо этиб, Байтуллоҳнинг олдида дуою илтижолар қилдилар. Республикамизнинг барча ҳудудларидан 1,5 минг нафар эҳтиёжманд фуқароларни мана шундай бепул Умра сафарига юборилди.

Бундан ташқари, республика бўйича аҳолининг эҳтиёжманд қатламидан жами 4 минг нафар, шу жумладан узоқ вақт давомида навбатда турган 2 мингта ёши катта беморларга юқори технологик операцияларни амалга ошириш ҳамда 2 мингта юрагида нуқсони бор болаларни бепул операция қилиш ишларини ташкиллаштириш мақсадида беморлар рўйхати шакллантирилди ҳамда 91 млрд. сўм миқдорида пул маблағлари ажратиб берилди.

Имом Табаронийдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

إِنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللهِ بَعْدَ الْفَرَائِضِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى الْمُسْلِمِ

“Фарз амалларидан кейин Аллоҳга энг маҳбуб амал мўминнинг қалбига хурсандчилик киргизишдир”.

Шунингдек, Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَبْغُونِي ضُعَفَاءَكُمْ فَإِنَّكُمْ إنَّمَا تُرْزَقُونَ وَتُنْصَرُونَ بِضُعَفَائِكُمْ

“Менинг розилигимни заифларга яхшилик қилиш билан истанглар! Зеро, сизлар заифларингиз туфайли ризқланасиз ва нусратга эришасизлар”, деганлар” .

 Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида “Заифлар ва эҳтиёжманд инсонларнинг  қалблари синиқ, дуода ихлосли бўлганлари учун Аллоҳ таоло уларнинг дуоси ва ибодатлари сабабидан мусулмонларга нусрат ва ризқ беради”, деганлар.

Шундай экан, муқаддас жойларда дуою ибодатлар қилган ҳамюртларимиз баракасидан Аллоҳ таоло юртимизга нусрат ва мадад беради. Халқимиз ҳаёти фаровон бўлиб, ризқ-рўзга барака ёғилади.

Рамазон ойи ва ҳайити юртимизда кечаётган тарихий жараёнлар билан ҳамоҳанг ўтмоқда. Айни кунларда жамиятимиздаги янгиланишларга бефарқ бўлмасдан, дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримизга лозим бўлади.

Таъкидлаш жоизки, барча ислоҳотлардан кўзланган мақсад – она Ватанимизни янада обод этиш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш ва тинчлик-осойишталикни асрашдир. Мухтасар айтганда, барча соҳа ва йўналишларидаги ишлар “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этишни кўзда тутади.

Албатта, бундай неъматларнинг қадрига етиб, динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни Аллоҳ таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.

Ийдул Фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсатдир.

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадиси шарифда Муҳаммад алайҳиссалом

لِكُلِّ قَوْمٍ عِيْدٌ وَهَذَا عِيْدُنَا

“Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир” деб марҳамат қилганлар.

Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Борий” асарларида шундай деган: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”.

Ийд  Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар туфайли, У зотнинг бандаларига кўрсатган раҳмату мағфирати боисидан хурсандчилик изҳор қилиш учун бир муносабатдир.

Аллоҳ таоло ўз Каломида:

قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِمَّا يَجْمَعُونَ

“Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир”, деб айт”, деб марҳамат қилган (Юнус сураси, 58-оят).

Аллоҳнинг фазлидан хурсанд бўлиш ҳам У зотга қурбат саналади.

Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам бахту саодатдир. Шунинг учун бу байрам имон ҳаловати, ибодат ва дуо-истиғфор байрами. Бу байрамда мусулмонлар жоме масжидларга тўпланиб, Ийд намозини жамоат билан ўқийдилар. Сўнг дуолар қилиб, ўтганларнинг руҳини шод этади, эл-юртга, Ватанга, бутун дунёга осудалик тилаб, илтижолар қилади.

Ҳайит – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва, умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш лозим. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.

Рамазон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни мунаввар этади. Бу улуғ айём меҳр-оқибат, ўзаро биродарлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримизга янада қувват беради.

Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул этсин, она Ватанимизни обод, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилсин!

Азизлар, Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

 

Нуриддин домла Холиқназаров,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

1100 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top