Мақолалар

Рамазон ҳайитидан сўнг Шавволнинг олти кун рўзасини тутиш шартми?

Шаввол ойида олти кун рўза тутиш суннат (мустаҳаб) бўлиб, фарз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

من صام رمضان ثمّ أتبعه ستا من شوّال كان كصيام الدهر

«Кимки Рамазон рўзасини тутса, сўнг унга Шавволдан олти кун (нафл) қўшса, худди бир йиллик рўза каби бўлади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадиснинг мазмуни мутлақ келгани учун бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайити эртасига бошласа ҳам бўлади ёки бир неча кун ўтказиб кейин рўза тутса ҳам бўлади. Шаввол ойида олти кун рўза тутса, бўлди.

Баъзи уламолар хайрли ишларни қилишга шошилиш лозимлиги, мусобақа қилиш афзаллигини инобатга олиб, ҳайит эртасига Шавволнинг рўзасини тутишни бошлаш керак, деб ҳисоблайдилар. Одамлар ҳам шунга ўрганиб қолишган.

Баъзи уламолар эса, (Бу уламолар орасида Имом Абу Юсуф ва Имом Молик ҳам бор) одамлар бу ҳам Рамазон рўзаси таркибига киради ёки тутмаса бўлмас экан, деган фосид хаёлларга бормасликлари ва асосийси, насронийлар каби фарз рўзаларга ўз ихтиёрлари билан рўзалар қўшиб олганларига ўхшамаслик учун ҳайитдан бир неча кун ўтказиб тутишни маъқул кўрадилар ва ҳайит эртасига бошлаб, улаб тутишни кариҳ кўрадилар. Бу «Шарҳи Виқоя»да ҳам ўз ифодасини топган. Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий шунга фатво берган. Демак, эҳтиётан ҳайитдан сўнг бир-икки кун ўтказиб Шаввол рўзасини тутишга киришмоқ маъқул.

Шаввол ойида рўза тутишга одатланиш вожиб эмас, балки афзал ва маъқул ишдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

أحبّ العمل الى الله ما دام عليه صاحبه وان قلّ

«Аллоҳга амалларнинг энг севимлиси амал эгаси, гарчи у оз бўлса-да, доим бажариб юрганидур», дедилар.

Шаввол ойида рўза тутиш, шунингдек, Рамазондан бошқа ойларда рўза тутиш нафл ибодат бўлгани учун уни бажармаса, қазо тутиб ўтирмайди. Чунки у ихтиёрий ибодатдир.

Шавволда рўза тутмаса бўлмайди, албатта тутиш керак, дейиш, шунингдек, тутмаганларни маломат қилиш, Шаввол рўзасини тутганлик билан фахрланиш ёмон иллат бўлгани учун ҳатто Имоми Аъзам Шавволда рўза тутишни кариҳ кўрган эканлар. («Мавсуъат ул-фиқҳийя»).

 

islom.uz

1136 марта ўқилди

Мақолалар

Top