Мақолалар

Динда ғулувга кетишнинг айрим сабаблари

Динда ғулувга кетиш, яъни ҳаддан ошишга бир қатор сабаблар мавжуд бўлиб. Уларнинг барчаси шариатга хилоф бўлган ҳолатлардир. Қуйида ғулувга сабаб бўладиган нарсалар ҳақида мухтасар сўз юритамиз:

Биринчи сабаб. Барча иллатларнинг боши бўлган жаҳолат, яъни билимсизлик. Аллоҳ таолонинг Қуръони карими ва Пайғамбар алайҳиссалом Суннатларини, салафи солиҳлар йўлини, шариат мақсадларини, жамият манфаатига доир тартиботларни, ғайридин, мунофиқ, фосиқ, бидъатчи ва мусулмон кишига тааллуқли қоидаларни билмаслик.

Шундан келиб чиқиб, ўз вақтида хаворижлар гуноҳ ва маъсият соҳибларини куфрда айблашган. Хаворижлар маслагининг асл-илдизи мўътадилликдан чиқиб, динда ғулув кетишга бориб тақалади. Уларнинг йўлдан озиб, залолатга кетишларига асосий сабаб илмсизлик, носоғлом онг билан бир қаторда динга нисбатан ҳаддан зиёда жонкуярлик, ортиқ даражадаги ғайрат ва шижоат эди.

Ҳаддидан ошган ҳар бир нарса зиддига айланади, деганларидек, хорижийларнинг динга ўта ҳамиятли ва ғаюрликлари ҳатто ўз йўлларига юрмаган саҳобаи киромларни ўлдиришни савоб деб билишга ва бу ишни Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгу амаллардан деб ҳисоблашга олиб келди. Катта гуноҳ содир қилганларни кофирга чиқаришди.

Хорижийларнинг баъзи фирқалари ҳатто кичик гуноҳ туфайли ҳам кишини кофирга ҳукм қилиб юбораверишади. Ҳазрат Алини, Усмонни, Талҳани, Зубайрни ва Муовияни (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) ва ҳазрат Али ва Муовия (розияллоҳу анҳумо)га эргашган ёхуд уларни куфрга нисбат бермаган барчани кофир деб эълон қилишди. Сўнгра уларга қарши уруш очиб, молу жонларини ҳалол санашди. Хаворижлар ўзларининг илмсизликлари туфайли Қуръони карим оятларини нотўғри талқин қилишарди. Умумий маънодаги ояти карималарни фақат зоҳири бўйича тушуниб, уларни муайян кимсаларга ҳам тегишли ҳисоблашарди.

Иккинчи сабаб. Уламолардан юз ўгириш, улардан узоқлашиш, улар билан мулоқотда бўлишдан қочиш. Уламолар илмидан фойдаланмаган тоифалар албатта тўғри йўлдан адашиб ҳаддан ошишга мойил бўладилар ва динда ғулувга кетадилар.

Учинчи сабаб. Шариатга доир қонун-қоидаларга тааллуқли маъноларни ўзгартириш ёки уларни нотўғри талқин этиш, барча далилларни жам этмаслик, балки, бир далилни қўллаб, иккинчи далилни инобатга олмаслик. Бу айниқса ғулувга борган хавориж ва муътазилий сингари оқим тарафдорларида яққол кўринади. Улар ваъид, яъни азоб ҳақидаги далилларни қабул қилишади, аммо башорат ва умид борасидаги хужжатлардан батамом юз ўгиришади.

Тўртинчи сабаб. Фаҳму идрок ва фиқҳ илмида камолотга етмаганларнинг етук уламоларга мурожаат қилиш ўрнига ояти карималар ва ҳадиси шарифларнинг зоҳирий маъносига мувофиқ иш тутишлари. Булардан ташқари ижтиҳод қилишга лойиқ бўлмаганлар томонидан ижтиҳод қилиш, ихтилофли масалалар, фитналарга доир ҳадислар билан машғул бўлиш, шахсий ғаразларга мувофиқ фикр юритиш, хавойи нафс ва асоссиз ғоялар атрофида талашиб-тортишиш, тоифагарчилик, миллатчилик, амри маъруф, наҳий мункарни тарк этиш, дин аҳли ва уламоларни ҳурмат қилмаслик, қонун устуворлиги йўқолиши, ахлоқсизлик, беҳаёлик ва андишасизлик кабиларнинг барчаси жамиятда диний ғулувга сабаб бўлиши мумкин.

Ислом шариати осонлик ва енгилликка асосланган бўлиб, улар ҳеч қачон умматни оғир ва машаққатли амалларга ва йўлларга чорламайди, балки енгил ва осон амалларга ундайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб шундай дейди: “... Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”. (Бақара сураси, 185-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам башорат бериб бундай деганлар: “Мен (жаҳолат ва ғулувдан пок бўлган) бағрикенглик ва олийжаноблик дини билан юборилдим” (Имом Аҳмад ривояти).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини ифрот ва тафритдан холи бўлган мўътадил дин бўлиб, ҳар ишда васатийлик ва мўътадилликка тарғиб қилади, динда ҳаддан ошиш ва ғулувга кетишдан қайтаради. Мусулмонларни ўзаро меҳрибон, шафқатли ва муҳаббатли бўлишга даъват этади.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

1027 марта ўқилди

Мақолалар

Top