Мақолалар

Ҳадя улашинг, ўзаро иноқ бўласиз

Ҳадя (совға) улашиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарғиб қилган амаллардан биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Ҳадя кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ушбу амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши лозим. Мазкур амалнинг бир қанча одоблари бор:

Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир кишининг кўнглини шод этишни ният қилиши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, амалларнинг афзали қайси?” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишинг ёки ундан қарзини узишинг ёки унга таом беришинг”, дедилар  (Имом Табароний ривояти).

Иккинчи одоб – ҳадяни қавм-қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадя беришни яқин кишилардан бошлаш лозим. Бу ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга, жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг маҳкам боғланишига хизмат қилади. Қўни-қўшнилар орасидан ҳам, аввало, ён қўшнилардан бошлаш афзалдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Қўшнисига яхши муомала қилган, унга кўмакчи бўлган киши комил имон эгаси бўлади. Кишининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон ҳам унинг қўшнисидир.

Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор кичик нарса бериб бўлса-да,  мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилганлар: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин” (Имом Темизий ривояти).

Ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий тийилиш керак. Чунки бундай ноўрин ҳазил кишилар орасини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очади.

Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурматлаш белгисидир. Ҳадяни қабул қилмай  қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчининг чақирувини қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, ҳадя пора ўрнида ёки берилган ҳадядан кўпроғини “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятни амалга ошириш илинжида берилса, бундай ҳадяни қабул қилмаслик талаб этилади.

Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш. Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат амал. Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар” (Имом Термизий ривояти).

Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадя берувчини берган ҳадясидан афзали билан ёки ўшанинг мислидек нарса билан тақдирлаганлар.

Олтинчи одоб – ҳадяни муносиб вақтда бериш. Ҳайит байрамлари сингари муборак кунларда ҳадя бериш ундан кўзланган мақсаднинг  самаралари янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Шунга кўра, ана шундай улуғ кунларда яқинларни ҳадя билан севинтириш афзал саналади. Ҳадя беришни ота-она ва устозлардан бошлаш ҳам ҳадя одобига киради.

Еттинчи одоб – муносиб ҳадя танлаш. Муносиб ҳадя танлаб бериш ҳам муҳимдир. Шу маънода кимгадир кийим-кечак, кимгадир китоб ва бошқа  нарсаларни ҳадя қилинадиган кишининг табиатига қараб, у яхши кўрадиганини танлашга ҳаракат қилиш лозим.

Саккизинчи одоб – ҳадяни миннат қилмаслик. Ҳадя берувчи ҳадясини миннат қилмаслиги вожиб. Чунки миннат қилиш ҳадянинг савобини йўқ қилади. Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб, азобга дучор этади.
Аллоҳ таоло садақа қилувчиларга буюради: “Эй имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!”(Бақара сураси, 264-оят).

Ушбу буйруқ садақа қилувчиларга қарата айтилган бўлса-да, ҳеч шубҳасиз, ҳадя қилувчиларга ҳам тааллуқлидир.

 

Абдулқодир АБДУР РАҲИМ

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 1-сонидан

1409 марта ўқилди

Мақолалар

Top