Мақолалар

Ислом молияси: тараққиёт босқичлари, афзалликлари, истиқболлари

Ислом дини мусулмонларни нафақат ибодат масалаларида, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида, жумладан оила, мерос, касб-ҳунар, савдо-тижорат ва ўзаро молиявий муносабатларда ҳам шариат аҳкомларига амал қилиб яшашга буюради. Ҳозирги умумжаҳон глобаллашув жараёнида, минтақавий ва давлатлараро иқтисодий-молиявий интеграциялашиш жараёни кескин авж олиб бораётган пайтда мусулмонларнинг эътиқодига мувофиқ ва шариат кўрсатмаларига уйғун бўлган молиявий хизматлар бозорини шакллантириш ва ривожлантириш катта аҳамиятга эга.

Ислом молиясининг ривожланиш тарихи

Ўтган асрнинг 1950-1960 йилларида Осиё, Африка ва Яқин Шарқ мусулмон ўлкаларининг мустақилликка эришишлари ҳамда 1970-йилларда жаҳон бозорида бўлиб ўтган нефт инқирозлари ҳозирги замонавий Ислом молияси тизимининг вужудга келишига туртки бўлди. Нефт экспорт қилувчи Форс кўрфази давлатларининг молиявий аҳволи яхшилана бошлади. Ислом оламининг давлат арбоблари, сиёсатшунослари ва диний уламолар бир неча марта йиғилишиб, мусулмонлар учун зарур ислом молияси ва ислом банк тизимини яратиш ҳақида анжуманлар ўтказишди. Натижада, 1975 йилда мусулмон давлатларининг ҳамкорлигида Саудия Арабистонида жойлашган Ислом Тараққиёт Банки ташкил этилди. Мазкур йилнинг ўзида шу минтақанинг бир қанча тадбиркорлари иштирокида дунёнинг биринчи хусусий ислом банки – Дубай Ислом Банки ташкил этилди. Икки йилдан сўнг яна учта ислом банклари: Мисрнинг Файсал Ислом Банки ва Суданнинг Файсал Ислом Банки ҳамда Кувайтнинг Kuwait Finance House номли ислом банклари фаолият бошлади.

Кейинги ўн йилликларда ислом молиями тизими янада тараққий эта бошлади. 1980-йилларда Эрон ва Судан ўз молия тизимларини тубдан ислоҳ қилишди, натижада, мамлакат банк тизимида умуман фоиз деган тушунча қолмади. Ҳозирги кунда Эрон дунёнинг энг катта ислом молиявий бозорига эга: 2021 йил якунига кўра, мамлакатнинг ислом молиявий активлари 1235 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди[1].

Малайзияда илк ислом молиявий муассасаси 1963 йилда ташкил этилган. Бу муассаса Мусулмон Ҳожиларнинг Жамғарма Ташкилоти сифатида таъсис этилиб (ҳозирги Tabung Hajj ташкилоти), ҳажга бормоқчи бўлган мусулмонларнинг пул маблағларини жалб қилиш, бошқариш ва уларни инвестиция қилиш билан шуғулланади. Бу ташкилот жуда муваффақиятли фаолият олиб бориб, 1983 йилда Малайзия Ислом Банкининг ташкил этилишида катта рол ўйнади.

Ҳозирги кунда Малайзия банк тизимида анъанавий банклар ҳам, ислом банклари ҳам бирдай фаолият юритади. Илгари Баҳрайн ислом молиявий тизимининг “пойтахти” саналган бўлса, ҳозирги кунда Малайзия бу етакчиликни ўз қўлига олган. Мамлакатда ислом молияси ва ислом банк фаолиятини тўла-тўкис мувофиқлаштирувчи қонунчилик базаси ишлаб чиқилган, ислом молияси бўйича олий таълим ва малака ошириш дастурлари халқаро стандартлар бўйича йўлга қўйилган. Мамлакатнинг Bursa Malaysia биржаси сукук листинглари бўйича дунёнинг энг катта фонд биржаси ҳисобланади. Жаҳон Банкининг таҳлилига кўра, 2022 йилда Малайзия Islamic Economic Indicator (Исломий Иқтисодий Кўрсаткич) бўйича тўққиз йил узлуксиз равишда дунёнинг энг пешқадам мамлакати бўлиб келмоқда. Ундан кейин Саудия Арабистони, БАА ва Индонезия давлатлари ўрин олган. Ушбу рўйхатнинг 15 талигига Буюк Британия ва Қозоғистон ҳам киришга муваффақ бўлган[2].

Ислом молиясининг бугунги кундаги ҳолати

Ўтган давр давомида ислом молияси бозорининг ҳажми анча ўсди. 2021 йил якунига кўра, жаҳон ислом молиявий бозори активларининг қиймати 4,0 трлн. АҚШ долларига етди, ислом молиявий муассасалар сони эса 1700 га яқинлашди. Таққослайдиган бўлсак, 1990-йилларнинг ўрталарида ислом молия тизими фақат Яқин Шарқ ва Малайзияда мавжуд бўлиб, ислом молиявий муассасалар сони 144 та, активларининг йиғиндиси эса бор-йўғи 150 млрд. АҚШ доллари атрофида эди.

Дунё мусулмон аҳолисининг сони ва даромадлари ошиши, иқтисодий-молиявий инқирозларга нисбатан чидамлилиги, ислом банкларига, ва умуман, ислом динига дунё халқларининг қизиқиши ва бошқа бир қанча омиллар сабабидан ислом молияси тизимининг аҳамияти кундан-кун ошиб бормоқда. Пандемиядан олдин ислом молия тизимининг йиллик ўсиш суръатлари ўртача 10-12% ни ташкил қилган бўлса, пандемия даврида ислом молиявий бозорининг ўсиши янада жадаллашди (2020 йилда – 14%,  2021 йил – 17%).

Ислом молиявий муасасалар нафақат Яқин Шарқ ва Малайзияда, балки бошқа мусулмон ўлкаларда, ҳатто Ғарб ва Шимолий Америка давлатларида ҳам фаолият юритиб келмоқда. Мисол учун, АҚШда JP Morgan, The Bank of Whittier, American Finance House, Standard Chartered Islamic Banking ва бошқалар, Буюк Британияда эса Islamic Bank of Britain, European Islamic Investment Bank, HSBC, Halal Mortgages сингари тижорат банклари шариат талабларига жавоб берувчи молиявий хизматлар кўрсатмоқда. Буюк Британия, Гонконг, Жанубий Африка давлатларининг сукук облигациялари чиқаргани, АҚШнинг Goldman Sachs инвестицион банки сукук облигациялари орқали 500 млн. долларлик капитал жалб қилганлиги номусулмон давлатларнинг ҳам ислом молиясига қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. 2013 йилда Лондонда бўлиб ўтган 9-чи Жаҳон Исломий Иқтисодий Форумида (9th WIFE) Буюк Британиянинг ўша пайтдаги Бош вазири Дэвид Кэмерон “Лондон ҳозир ҳам мусулмон олами ташқарисида ислом молиясининг энг катта маркази. Мен Дубай ва Куала Лумпур қатори Лондон ҳам ислом молиясининг бутун жаҳонда энг катта марказига айланишини истайман”, деган эди.

Исломий молия бозорининг энг йирик иштирокчи давлатлари – Эрон, Саудия Арабистони ва Малайзия. 2021 йил натижасига кўра, бу уч давлатнинг жаҳон ислом молиявий тизимидаги улуши 70%ни ташкил қилди. Учликдан кейинги асосий иштирокчилар БАА, Кувайт, Қатар, Индонезия ва Баҳрайндир.

Ислом молиявий тизими асосан қуйидаги хизмат секторларидан иборат: ислом банклари, такофул суғурта бозори, ислом финтек компаниялари, сукук қимматли қоғозлар бозори ва инвестицион фондлар.

Ислом банклари ислом молиявий тизимида жалб қилинган активларнинг ҳажми бўйича энг пешқадам сектор бўлиб, уларнинг ҳиссаси 70% ни ташкил этди. Ислом молиявий тизимида 18% улушга эга бўлган сукук облигациялари, ислом банклардан кейин исломий инвесторларнинг маблағларини жалб қилувчи энг катта молиявий инструмент ҳисобланади.

Ислом молиявий тизими соҳалар кесимида (2021 йил)

Ислом молияси соҳаси Жами активлар (млрд.долл.) Улуши (%) Муассасалар / инструмент сони
Ислом банклари 2 765 70% 566
Такофул суғурта компаниялари 73 2% 335
Ислом финтек компаниялари 169 4% 778
Сукук бозори 713 18% 4 426
Ислом инвестиция фондлари 238 6% 1 903

 

Манба: ICD – Refinitiv Islamic Finance Development Report 2022

Ислом инвестиция фондлари (6%), ислом финтек компаниялари (4%), такофул (2%) секторлари эса секинлик билан ривожланиб бораётган, аммо улкан ўсиш салоҳиятига эга бўлган молиявий хизматлардан саналади.

Соҳа экспертларининг айтишича, ислом молиявий тизими кейинги йилларда ҳам сезиларли суръатларда ўсиши кузатилади. Ислом молиявий муассасалар сафига қўшилаётган янги компаниялар, ислом молияси қонунларини қабул қилаётган давлатларнинг сони кўпайиб бориши бу тизимнинг кенг истиқболларга эга эканлигидан далолатдир.

Ислом молиясининг афзалликлари

Ислом молиявий тизимнинг ўсишига, оммалашувига, географик кенгайишига унинг анъанавий молияга нисбатан бир қанча афзалликлар ва устунликларга эга эканлигидир. Хусусан, ислом молиявий тизими:

  • Молиявий адолатни тарғиб қилади ва қўллаб-қувватлайди

Молиявий адолат ислом таълимотининг бош тамойилидир. Ислом молиявий муассасалар фойда ва зарар тақсимотида мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади. Улар лойиҳада тадбиркор билан тенг ҳуқуқли шерик сифатида иштирок этишади. Лойиҳадан тушадиган даромадлар ҳам, лойиҳа билан боғлиқ рисклар ҳам томонлар келишуви асосида адолатли тақсимланади. Агар ислом банки молиялаштириш орқали керакли фойдани кўзлаётган бўлса,  албатта, зарарга ҳам шерик бўлишга тайёр бўлиши шарт.

  • Молиявий фаолликни оширади

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Аллоҳ байъ (тижорат)ни ҳалол, рибони ҳаром қилган”, деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 275-оят). Рибо ёки бизнинг тилда судхўрлик фаолияти ҳаром қилингани сабабли, кўпчилик мусулмонлар анъанавий банкларга омонат жамғармаларини қўйишдан ҳам, банк кредитларини олишдан ҳам четланишга ҳаракат қиладилар. Айрим таҳлилчиларнинг таъкидлашича, дунё мусулмонларининг тўртдан уч қисми анъанавий банклар билан деярли алоқа қилмайди. Ислом банк тизими эса бу тўсиқни олиб ташлашга ва мусулмонларнинг банклар билан фаолроқ ҳамкорлик қилишига ёрдам беради.

  • Ҳаром ва зарарли нарсаларнинг таъсирини камайтиради

Ислом молиявий муассасалар спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, қимор ўйинлари, беҳаё фильмлар савдоси ва бошқа жамиятга зарарли фаолиятларни молиялаштирмайди. Яхшироқ эътибор берилса, ислом молияси нафақат мусулмонларга, балки бошқа эътиқод вакилларига ҳам манфаат келтиради.

  • Молиявий барқарорликни мустаҳкамлайди

Ислом банклари мижозлар рискларининг маълум қисмини зиммаларига олишлари сабабли ҳар бир аризани, лойиҳани пухтароқ ўрганишади, уларнинг қарор қабул қилиш жараёни ҳам анча кенг қамровли. Рисклари ҳаддан зиёд катта бўлган лойиҳалар, ислом банклари томонидан рад этилади.

Ислом молиявий тизимининг молиявий барқарорликни сақлашдаги энг катта омили – ислом молиясининг реал иқтисодиёт билан чамбарчас боғлиқлиги. Ҳали ишлаб чиқарилмаган ёки йўқ нарсани сотиш, опцион, деривативфючерс каби негизи реал бизнес билан боғланмаган қимматли қоғозлар савдоси, Short Sales сингари қарзга олинган ва ўзига тегишли бўлмаган активларни сотиш, шартнома муддатлари ва нархлари мавҳум бўлган нарсаларнинг тижорати, ва шунга ўхшаш барча молиявий спекуляцион фаолиятлар шариат томонидан тақиқланган. Анъанавий молия бозорларда кенг авж олган “қарзларни сотиш ва сотиб олиш” фаолияти ҳам қатъиян ман қилинган. Бундай фаолиятлар молия бозорининг ҳажмини сунъий тарзда “совун пуфагидай” шишириб, жуда катта иқтисодий муаммолар келтириб чиқаришини 2007-2009 йилларда АҚШда рўй берган ва бутун жаҳон молиявий инқирозига сабаб бўлган субкредитли ипотека инқирози мисолида кузатиш мумкин.

Ислом молиявий муассасалари реал иқтисодиётга асосланган, молиялаштириш шартлари барча иштирокчиларга бирдек равшан бўлган, кейинчалик томонларнинг низоларига сабаб бўлмайдиган инвестицион лойиҳаларга маблағ киритади. Шунинг учун ҳам, ислом молияси устувор бўлган миллий иқтисодиётнинг молиявий сектори ҳам барқарор бўлади.

2007-2009 йилларда ва ундан илгари ҳам бўлиб ўтган барча иқтисодий-молиявий инқирозлар мисолида ислом молияси тамойиллари асосида ишлайдиган молия бозорларининг ривожланиши барча мамлакатларнинг барқарорлиги учун жуда аҳамиятли эканлиги ўз исботини топди.

  • Иқтисодий тараққиётни кучайтиради

Барча бизнес вакиллари сингари ислом молиявий муассасалари ҳам ўз фаолиятидан фойда кўришни мақсад қилади. Аммо, ислом молиявий муассасалари даромадни бошқа бировнинг зарари эвазига эмас, балки иқтисодий қўшимча қиймат яратишга қаратилган ва ишлаб чиқариш самарадорлиги юқори бўлган лойиҳаларга адолат ва ошкоралик асосида пул киритиш орқали фойда топишни кўзда тутишади.

Ислом банки <-> мижоз, исломий инвестор <-> тадбиркор ўртасидаги олди-бердилар фақат ва фақат ўзаро манфаат устига қурилади. Молиявий спекуляция, реал иқтисодий секторга боғланмаган қимматли қоғозлар ва қарз олди-бердилари ҳамда шариат рухсат бермаган бошқа фаолиятлар, юқорида гувоҳи бўлинганидек, иқтисодий-молиявий мутаносибликка раҳна солганидек, ислом молиявий муассасалари мамлакатда соғлом ва самарали иқтисодий-молиявий муҳит яратилишига замин яратади ва ўша мамлакатнинг иқтисодий тараққиётига ҳам бевосита, ҳам билвосита ҳисса қўшади.

Ислом молияси тамойилларининг яна бир муҳим нуқтаси – тўлов қобилияти ёки молиявий аҳволи ёмонлашган қарздорларга енгиллик бериш, иложи борича, уларнинг аҳволлари яхшилангунча қарз муддатларини чўзиб, уларга ёрдамлашиш. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар, (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир», деб марҳамат қилган. (Бақара сураси, 280-оят).

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги умумжаҳон глобаллашув шароитида миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун ислом молияси тамойиллари асосида фаолият юритувчи самарали молиявий тизимнинг жорий этилиши тобора жиддий аҳамият касб этиб бормоқда. Ислом молиявий тизими миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш билан биргаликда халқ фаровонлиги ва саодати учун ҳам хизмат қилишни кўзда тутади.

Тошкент ислом институти,“Ижтимоий фанлар”

кафедраси катта ўқитувчиси Алижон Равшанов

Фойдаланилган адабиётлар

[1] ICD – Refinitiv Islamic Finance Developmen Report 2022

[2] Islamic Finance and the Development of Malaysia’s Halal Economy, World Bank Group Inclusive Growth & Sustainable Finance Hub in Malaysia, October 2022

1581 марта ўқилди

Мақолалар

Top