Мақолалар

Яхшилик тепада, ёмонлик пастда бўлади

Инсон олдида икки йўл бор: у шундан бирини танлашга мажбур. Бирида лаззат ва роҳат нақд, иккинчисида лазззат ва роҳат озроқ бўлса ҳам, кейинроқ тўлиқ қилиб берилади. Инсонга ақл берилган, у шу ақл туфайли фойда ва зарар, яхши ва ёмонни фарқлаб олади. Қай бири фойдали эканини ажратиб олсагина,ҳаёти маъно-мазмун касб этиб, унинг фарқига бормайдиган, яъни унга ақли етмаган киши аҳмоқ ва нодондир. Аллоҳ таоло мрҳамат қилиб деди: “Ва  Биз  уни  икки  баландликка йўллаб қўйдик-ку!” (Балад сураси, 10-оят). Муфассирлар буни яхшилик ё ёмонлик довонлари деб шарҳлашган. Инсон “икки баланлик” дан бирини танлаш ва қай бирига кўра ҳаётини барпо этиш инсон ақлу фаросатига ҳавола. Агар инсон ўз инон-ихтиёрини нафсга топширса, уни ёмонлик сари етаклайди. Нафс роҳат ва лаззатга ўч, ҳеч қачон машаққат ва уқубатни истамайди. Лаззат ва роҳат эса ёмон амалда яхши амалдагидан кўра кўпроқдир. Яхши амал ва яхшилик қилиш инсон фитратида мавжуд ғаризий (туғма) дир. Ёмон амал ва ёмонлик қилиш эса муктасаб (ўзлашган) дир. Дунёга келган гўдак фитрати соф ва маъсум, ёмон амал унга улғайиб борган сари ота-она ё бошқа таъсирлар воситасида ўзлашиб боради. Ёмонга яқин юрсанг, қораси юқади, деган халқ мақоли топиб айтилгган. Шунинг учун инсон яхши амални қилишдан асло хижолат тортмайди, қайтага хурсанд бўлади, ўзини руҳан енгил ҳис этади. Лекин ёмон амал қилса, бу табиатида йўқлиги боис бировлар кўриб қолишини хоҳламай уялганидан ерга кириб кетгудек бўлиб, бу қилиғини ҳеч ким кўрмаслиги, махфий ҳолда қолишини истайди. Биров кўрмаган тақдирда ҳам, охир-оқибат қилган ишидан афсус-надомат чекади. Ўзини кечира олмай, виждони қийналиб яшайди. Яхши инсон бирон гуноҳ ишни қилиб қўйса, ўз ҳавойи нафсини айблаб, маломат қилади ва уни қайта қилмасликка азму қарор этади ва истиғфор айтади. Лекин ёмон амални қилганлар муваффақият қозонса ҳам, қиёмат куни йўлиқадиган катта хатарни унутиб, фахр-ифтихор қилса, бундан зиён кўради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 وَمَنْ يَكْسِبْ إِثْمًا فَإِنَّمَا يَكْسِبُهُ عَلَى نَفْسِهِ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا. وَمَنْ يَكْسِبْ خَطِيئَةً أَوْ إِثْمًا ثُمَّ يَرْمِ بِهِ بَرِيئًا فَقَدِ احْتَمَلَ بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا

«Аниқки, ким бирон гуноҳ қилса, уни ўз зиёнига қилган бўлади. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир. Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнгра уни пок одамга (туҳмат қилиб) отса, муҳаққақки, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди” (Нисо сураси, 111-112-оятлар).

Инсон бирон кишига ёмонлик қилиб, зулм билан дунёвий роҳатга эришдим, деб ўйласа, қаттиқ адашади. Бир донишманд айтади: “Бир кишининг икки ўғли бор. Золим ўғил укасини урса ёки пулини ноҳақдан тортиб олса, отаси тўғри қилибсан, ўзидан кўрсин, дейдими? Бундай ҳолатда отаси қайси бирининг тарафини олади? Албатта, мазлум ўғлининг-да. Уни рози қилишга ва кўнглини олишга ҳаракат қилади. Золим ўғли тортиб олган пул ўрнига кўпроқ маблағ бериб, мазлум ўғлини хурсанд қилади. Золим ўғил буни кўриб қаттиқ ҳасрат-надомат чекади. Агар у отаси мазлум инисини икром қилишини билганида борми, унга ҳеч қачон зулм қилмаган бўлади. Демак, зулм аҳмоқликнинг ўзгинасидир.

Яхши ва ёмон амал – кенг тушунча. Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда яхшилик ва тақвога буюриб, ёмонлик ва гуноҳ ишлардан қочишга  тарғиб этилган. Яхшилик қилса ҳам ўзига, ёмонлик қилса ҳам ўзига. Биргина ғийбатни олиб қарайлик. Руҳий тарбия устозлари айтадилар: «Жуда ғийбат қилгинг келса, ота-онангнинг ортидан гапир. Буни эшитган киши: “Ота-она ҳам ғийбат қилинадими?” дейди. Ота-она ғийбат қилинса, уларнинг гуноҳлари ўчирилади. Шу жиҳатдан ота-она ғийбат қилишга ҳақли». Ҳасан Басрийни бир киши ғийбат қилганини эшитиб, у зот ғийбат қилувчига бир идишда хурмо жўнатди ва: “Сен менга яхшиликларингни ҳадя этибсан. Шубҳасиз, яхшиликларинг хурмодан қимматроқ”, деди.

Ҳозирги пайтда ёмон амал ва гуноҳ ишга чақирадиган, ундайдиганларга  имконият эшиклари кенг очилмоқда. Табиийки, бундадан жуда эҳтиёт бўлиш шарт. Ижтимоий тармоқлар ғийбатнинг уясига айланди. Биров бир кишини ёмонлаб, бирор нарса ёзса, бошқалар унинг муносабатига “коммент”лар қолдириши туфайли ғийбатчининг тугирмонига сув қуяяпти. Аслида, бу жараёнда ғийбат қилаётганлар ўзларича кўнгли таскин топшии мумкин, лекин барибир улар ютқизишади. Чунки ғийбат қилинган киши рози бўлмагунича уларнинг гуноиҳини Яратган ҳам афв этмайди.

Шайх Али Тантовийнинг айтишича, ёмонлик пастда, яхшилик тепада туради. Сув пастга қараб оққанидек, одамлар ёмонлик ва ёмон амалга қараб ёпирилиб тушаркан. Бироқ яхшилик тепада бўлгани учун одамлар унга чиқиш машаққатидан қочаркан. Ёмон ва гуноҳ амаллар унинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўяди. Абул Аъла ал-Маррий: “Яхшилик қилиш қанчалик қийин бўлса, тубанликка юз тутиш шунчалик осон”, деган.

وَمَنْ يَعْمَلْ سُوءًا أَوْ يَظْلِمْ نَفْسَهُ ثُمَّ يَسْتَغْفِرِ اللَّهَ يَجِدِ اللَّهَ غَفُورًا رَحِيمًا

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ким бирон-бир ёмон иш қилса, ёки (Аллоҳнинг буйруқларига итоат этмасдан) ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар-кўрар»  (Нисо сураси, 110-оят). Абу Дардо розияллоҳу анҳу деди: “Яхшилик қилганингизда Аллоҳга ҳамд айтинг, мабодо, бирор гуноҳ ишни қилиб қўйсангиз, албатта, Аллоҳдан мағфират сўранг”. Абдуллоҳ ибн аббос розияллоҳу анҳумо: “Яхшилик ҳақида ўйлаш ўша яхшиликка амал қилишаг ундади. Ёмонликка надомат эса ўша ёмонликни тарк этишга чорлайди”, деди. “Қадимда яхши ишларни кўп қилишардия, лекин гапиришмасди,. Кейин ҳам қиладиган, ҳам гапирадиганлар келди. энди эса фақат гапришмоқда”, деди Умар ибн Ҳорис.

Ҳазрати Алишер Навоий айтганидек:

Ҳар амалеким киши хайр айлагай,

Коми буким, равзада сайр айлагай.

Инсон ёмонлик ва гуноҳ амаллардан ўзини тийиб, яхши амал сари юзланса, Аллоҳ таоло унинг олдинги гуноҳларини кечиради.

Шундай амал соҳибларидан бўлиш барчамизга насиб этсин.

 

Бобомурод ЭРАЛИ

1242 марта ўқилди

Мақолалар

Top