Мақолалар

Жаноза боби

Халаф ибн Айюбдан ривоят қилинади: «Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдан “Бир аёл мерос ҳам, мол ҳам қолдримасдан вафот этса, уни кафанлаш (харажатлари) эрининг зиммасида бўладими?” деб сўрадим. У киши “Йўқ”, деб жавоб берди».

Халаф яна айтади: «Имом Абу Юсуфнинг “Кафанлаш (харажатлари) эрининг зиммасида бўлади. Агар эр вафот этган бўлса, иккала имомнинг сўзларига кўра, уни кафанлаш (харажатлари) аёли зиммасида бўлмайди”, деганини эшитдим.

Ибн Самоа Имом Муҳаммаддан ривоят қилади: “Бир одам мазлум ҳолда ўлдирилган бўлса, унинг жанозаси ўқилади, лекин у ювилмайди. Аммо ўзи золим бўлиб ўлдирилса, унга жаноза ўқилмайди, бироқ ювилади”.

Халаф ибн Айюб Имом Абу Юсуфдан, у киши Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: “Ҳар бир мусулмонга (жаноза) ўқилади. Лекин боғийлар, қотиллик қилувчи (молларни тортиб олувчи) йўлтўсарларга (жаноза намози) ўқилмайди. Шунингдек, бўғиб ўлдирувчи кишига ҳам жаноза йўқ”.

Муҳаммад ибн Самоа Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: “Агар бир аёл вафот этса, унинг катта ўғли, акаси ва эри бўлса, катта ўғли онасининг жанозасини ўқишга отаси ва тоғасидан кўра авлороқ бўлади. Отасини жаноза (намози)га (имомликка) ўтказиш макруҳ саналади. Агар маййитнинг ота-онаси бир ака-укалари бўлса, жанозада имомликка катта акаси ўтишга ҳақдор бўлади. Катта ўғил ўзидан бошқани жаноза(ни ўқиш)га имомликка ўтказишни хоҳласа, кичик ўғил уни ман қилишга ҳаққи бор. Чунки иккаласи жанозада имомлик қилишга шерик ҳисобланади. Бундай вазиятда катта (ўғил)нинг муқаддам қилиниши унинг ёши туфайлидир. Унга шериги (укаси)нинг рухсатисиз бошқа (киши)ни имомликка ўтказиши мумкин эмас. Агар фарзандлардан бирининг ота-онаси бир, иккинчи фарзанднинг эса фақат отаси бир бўлса, ота-онаси бир фарзанднинг жанозада имомликка ўтиши ҳақлироқдир. Агар ўзининг туғишган акаси бўлмаса, аммо бошқа бировни имомликка ўтишини ёзиб кетган бўлса, ота бир ука уни ман қилишга ҳаққи бор. Гарчи маййит шуни васият қилиб кетган бўлса ҳам. Бундай ҳолатда маййитнинг васияти ботил бўлади”.

“Наводир” китобида айтилади: “Бир киши шаҳарда таяммум қилиб, жаноза намозини ўқиса-ю, ўша вақтда бошқа жаноза ҳам ҳозир бўлса, таяммум қилиб намоз ўқиган инсоннинг атрофида таҳорат оладиган миқдорда сув бўлса, у ўша сувдан таҳорат олиб, сўнгра қайтиб келиб намоз ўқийди. Агар таҳорат олишга етадиган сув бўлмаса, ўша таяммум билан (жаноза) намозини ўқийди”.

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ эса ҳар қандай ҳолатда ҳам таяммумни қайта қилади, деган.

Агар маййит ғусл қилдирилса, аммо унинг бир аъзоси (ювилмай) қолиб кетса ва у (шу ҳолда) кафанланса, унинг кафани очилиб қайтадан ювилиб, яна кафанланади. Агар ғусл қилдирилганда, бармоғи ёки шунга ўхшаш кичик аъзоси (ювилмай) қолиб кетса, бундай ҳолатда кафан қайта очилмайди ва қайта ғусл қилдирилмайди.

Фақиҳ  Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ғусл қилдирилади, деган.

Агар гўдакнинг жасади саватда уловга юкланган ҳолда жанозаси ўқилган бўлса, дуруст бўлмайди.

Ибн Самоа Имом Муҳаммаддан ривоят қилади: “Агар маййитнинг қабри очилганда, унинг кафани ўғирлаб кетилган бўлса, унинг мероси тақсимланган бўлса, шунда қози меросхўрларни меросдан кафан (сотиб) олиб, маййитни қайтадан кафанлашга мажбурлайди”.

Агар маййитнинг зиммасида қарзи бўлса, (иш) кафан(ни сотиб олиш)дан бошланади. Агар (меросда) ҳақдорлар кафан олишга улгурмасдан ўзларининг ҳақларини олиб қўйишган бўлса, улардан (мерос) қайтариб олинмайди. Лекин кафан меросхўрларнинг ҳаққидан олинади.

Имом Муҳаммаднинг сўзига кўра, эр(нинг маблағи)га тегинилмайди.

Ҳасан ибн Зиёд Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: “Агар (киши) жаноза намозининг биринчи такбирини топса, лекин у такбир айтмаган бўлса, у биринчи такбирни айтади, лекин иккинчи такбирни кутмайди. Агар имом иккинчи такбирни айтган бўлса, иккинчи такбирни айтади, биринчисини имом тугатмагунча айтмайди. Агар имом билан бирга биринчи такбирни айтсаю, иккинчи ва учинчи такбирларни айтмаса, имом такбир айтиб бўлса, имомга эргашиб айтаверади. Қолган (такбирлар)ни имомдан кейин айтиб қўяди”.

Агар имом билан бирга биринчи такбирни айтса-ю, лекин иккинчи ва учинчи такбирни айтмаган бўлса, имом иккаласи (иккинчи ва учинчи такбир)ни кетма-кет айтса, (муқтадий) имом билан бирга қолган (такбирлар)ни айтади.

Агар (бир киши жаноза намозига келганда) имом тўрт такбирни ҳам айтган-у, бироқ салом бермаган бўлса, у намозга қўшилолмайди. Чунки у жаноза такбирларига етишолмаган ҳисобланади.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар имом жанозанинг тўртала такбирини ҳам айтиб, бешинчи такбирни ҳам айтмоқчи бўлса, муқтадий шу ерда намозини тўхтатиб, салом беради ва жанозадан айрилади”.

У киши (Имоми Аъзам)дан яна бундай ривоят бор: “(Муқтадий) кутиб туради, намозини тугатмайди ва такбир ҳам айтмайди”.

Имом Зуфар айтади: “Имом билан бирга бешинчи такбирни ҳам айтади”.

Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳаззадан, у киши Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: “У киши ўлик туғилган болага (жаноза) намози ўқилиши ҳақида сўралганида, йўқ, (ўқилмайди), деган”.

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Шу ҳукмни оламиз. Агар у тирик ҳолда туғилмаган бўлса, мерос олмайди, мерос ҳам қолдирмайди, лекин ювилади ва кафанланади. Агар тирик туғилса, мерос олади, мерос қолдиради, ғусл қилдирилади ва кафанланади, исм қўйилиб, дафн қилинади”, деган.

Бишр ибн Ғиёс Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: «У киши айтади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ўлик туғилган бола ҳақида сўрадим. У киши бола ўлик ҳолатда туғилган бўлса, унга намоз (жаноза) ўқилмайди, исм қўйилмайди, мерос олмайди ва мерос ҳам қолдирмайди. Агар тирик туғилиб, кейин ўлган бўлса, ювилади, кафанланади, исм қўйилади ва намоз ўқилади, мерос олади ва мерос ҳам қолдиради”.

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шундай деган.

Бишр ибн Валид Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: “Агар бир киши аёлини зиҳор қилса (жаҳолат даври араблари одатидек хотинга “сен онамдексан” дейиш) ва эри ўлса, хотини уни ғусл қилдиради. Эҳромдаги ва рўзадор аёл ҳам шундай қилади”.

Агар бир кишининг икки аёли бўлса, у: “Иккингиздан бирингиз уч талоқсиз” деса, иккаласи билан ҳам эр-хотинлик муносабатида бўлган бўлса, кейин қайси бирига талоқ айтганини айтмасдан ўлиб кетса, шунда иккала хотини ҳам уни ювиши мумкин ва мерос ҳам иккаласига тегади. Иккаласи ҳам икки идда (вафот ва талоқ иддаси) ўтиради.

 

Толибжон НИЗОМ таржимаси

1408 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Дунё бу Қизиқ воқеа »

Мақолалар

Top