Айюб алайҳиссалом 80 йил яшади. 14 ўғил-қиз кўрди, саломатликка ва одамларнинг муҳаббатига сазовор бўлди.
Сўнг Аллоҳ таоло бу неъматларни олишни ирода қилди. Натижада Айюб алайҳиссаломнинг фарзандлари вафот этди, ўзи эса қаттиқ касалликка чалинди. Ҳатто ҳаракат қила олмайдиган даражагача етиб борди. Тана аъзолари бирин-кетин тўкила бошлади. Одамлар ундан қочадиган бўлди. Аёлидан бошқа ҳеч ким атрофида қолмади. Айюб алайҳиссаломнинг бу хасталиги 18 йил давом этди. Қандай оғир кунлар! Бунга ким сабр қила олади?! Ҳатто аёли барча мол-мулкини сарфлади, пайғамбарнинг уйида ейиш учун ҳеч нарса қолмади! Шунда аёли кўчага чиқиб, одамларнинг хизматини қила бошлади. Мусибатларнинг кетма-кетлигини кўринг! Аёл тўшакка михланиб қолган эрига луқма олиб келиш учун ишлаяпти! Аёли: «Аллоҳга шифо беришини сўраб дуо қилмайсизми?», деганида, Айюб алайҳиссалом: «Аллоҳ менга 80 йил неъмат берди. Мен саккиз йил сабр қила олмасдан Унга қандай қилиб дуо қиламан», деди. Айюб алайҳиссалом аёли сочини кесиб сотишга мажбур бўлгунича сабр қилдилар. Аёлининг сочини сотганини билгач, Аллоҳга дуо қилдилар. Лекин «Ўн саккиз йил сабр қилдим» ёки «Нега менга бунча балоларни юбординг?» деб миннат қилмади. Балки «... «(Эй, Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан», деди (Анбиё, 83). Дуосининг ижобати эса қуйидаги оят бўлди: «Бас, Биз уни (яъни дуосини) ижобат қилиб, ундаги заҳматни кетказдик ҳамда ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилувчиларга эслатма бўлсин, деб (Айюбга) оиласини ва улар билан қўшиб, яна уларнинг баробарида аҳлу авлод ато этдик» (Анбиё, 84).
Ривоятларда келишича, Аллоҳ Айюб алайҳиссаломга 28 та фарзанд ато этди ва сиҳатини қайтариб берди. Субҳаналлоҳ! Сабрнинг ажойиблигини қаранг! Шунинг учун ҳам орадан минглаб йиллар ўтган бўлса-да, Айюб алайҳиссалом сабр қилиш борасида ибрат бўлиб келмоқда. «Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи деб топдик. У нақадар яхши бандадир! Ҳақиқатан, у (Аллоҳ йўлига) бутунлай қайтувчидир» (Сод, 44). Сабрни Айюб алайҳиссаломдан ўрганинг.
Юсуф алайҳиссаломнинг сабрига ўзингизнинг сабрингизни тенглаштириб кўринг! Юсуф алайҳиссаломга ёғилиб келган балоларни эсланг! У зот ўз оиласини йўқотди, ватанидан жудо бўлди, 20 йил ғурбатда юрди, акаларидан зулм кўрди, қудуқда азобланди, қул бўлиб сотилди, ҳолбуки, ота-боболари ҳур ва мартабали пайғамбарлардан эди, аёлларнинг фитналарига учради, 9 йил зиндонда азият чекди, мол-мулк ва ижтимоий мавқе билан имтиҳон қилинди. Бу мусибатлар ҳар қандай инсонни ҳам қулатади, айниқса, қудуқдаги азоблар. Қуръонда Юсуф алайҳиссаломнинг қудуқда кечирган ҳолати «Улардан бир сўзловчи деди: «Юсуфни ўлдирмангиз, балки агар (бирор нарса) қилмоқчи бўлсангиз, уни қудуқ қаърига ташлангиз, (шунда) уни баъзи йўловчилар олиб кетар!» (Юсуф, 10), дея тасвирланган. Сўнг аёл фитнасига учради. Аёлнинг ўзи рағбат билдирса, фитнанинг қанчалар оғир бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Шуларга қарамай, Юсуф алайҳиссалом бу мусибатларнинг барчасига сабр қилдилар. Аллоҳ у зотга нажот берди! Сиз қанча мусибатга йўлиқдингиз? Сиз ҳам Юсуф алайҳиссаломга ўхшаб сабр қилдингизми?
Шу ўринда бир масалага ойдинлик киритиб ўтиш лозим. Юқоридаги пайғамбарларнинг қиссаларини ўқиб «Ахир, улар пайғамбар-да, мен эса оддий одамман», деган хаёлга боришингиз табиий. Йўқ, оддий инсон ҳам пайғамбардек сабр қилишга қодир. Масалан, саҳобийлардан бири Имрон ибн Ҳасин розияллоҳу анҳу қаттиқ касал бўлиб, тўшакка михланиб қолдилар. Бир неча йил шу ҳолда ётдилар. Зиёратига келганлар унинг аҳволини кўриб, йиғлаб юборардилар. Саҳобий уларга қараб қуйидаги ажойиб сўзни такрорлар эди: «Аллоҳ нимани яхши кўрса, мен ҳам шуни яхши кўраман».
Бирларини «Улар пайғамбар-ку» деб, бошқасини «Ахир, у киши саҳобий» деб ўзингизни оқлашга уринманг! Энди мана бу ҳикояга эътибор қилайлик.
Бир аёлнинг қўли кесилди. Аёл қўли кесилганда кула бошлади. Одамлар: «Оғриқни сезмаяпсанми?» деб сўрашди. У эса: «Савобнинг ҳаловати оғриқнинг азобини сездирмаяпти!» деб жавоб берди. Бу қандай ҳам чиройли сабр!
Мана яна бир мисол. Саҳобий аёллардан бири Умму Салим розияллоҳу анҳонинг бир фарзанди бор эди. Эр-хотин фарзандини жуда яхши кўрардилар. Бир куни тунда фарзанди касалликдан вафот этади. Аёл шу кеча узоқ сафардан қайтган эрининг бу мудҳиш хабардан изтиробга тушишини хоҳламайди. Фарзанд доғида қовурилаётган аёл эрининг ишдан келиб: «Боланинг аҳволи яхшими?» деган саволига: «Тинчиб қолди», деб жавоб беради. Эри «Аёлим бола дам олаяпти, демоқчи, шекилли», деб ўйлайди ва: «Аллоҳга шукр», деб қўяди. Аёл зийнатланиб, гўзал ҳолатда кечани эри билан бирга ўтказади. Тонг отгач, аёл эрига: «Агар бизда қўшнимизнинг омонати бўлса ва уни сўраб келса, қайтариб берармидингиз?» деб сўрайди. Эри: «Албатта, қайтариб бераман», дейди. Аёл шунда Аллоҳ ўз омонатини олганини айтади...
Бу қандай гўзал сабр! Сиз шундай сабр қила оласизми?
Азиз синглим, сиз-чи? Ҳаракат қилинг! Аллоҳ сиз билан бирга.
Таваккалжон МУКАРРАМОВ,
Марҳамат туманидаги “Шомат” масжиди имом-хатиби