Инсон табиатнинг гултожи сифатида ҳамиша озодлик ва ҳурриятга интилиб яшайди. У қалбида ўзини ҳамиша эркин ҳис қилишга, таҳликасиз турмуш кечиришга эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳам кишилик тарихи турли даврларда ер шарининг турли минтақаларида озодлик учун курашнинг шаклан турлича, моҳиятан ўхшаш бўлган ҳодисаларини кўп кўрган.
Мустақиллик дунёқарашларимизни тубдан ўзгартириб, фикримиз, тафаккуримизни бойитмоқда. Воқеалар ривожини бутун моҳияти билан англашни, дунёга кенгроқ ва зийракроқ назар билан қарашни ўргатмоқда. Зотан, истиқлолнинг буюк моҳияти, беқиёс қадр-қиммати ҳам ана шунда.
Истиқлол йилларида диний соҳада ҳам катта ислоҳотлар қилинди. Дин эркинлиги, Виждон эркинлиги қонуний кафолатланди, диний нашрлар жорий қилинди, истибдод даврида ўз калимасини баландроқ айтишга чўчиб қолган халқимиз Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ, ақидадан таълим олиб, ўз тилимизда ўқий бошладик.
Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ ўтмиш маданияти ва қадриятларини тиклаш, ноҳақ жабрланган инсонларнинг муборак номларини юзага чиқариш, миллий онгни ўстириш каби вазифаларга кенг эътибор берилди. Динга, диний ташкилотларга кенг йўл очилди.
Аллоҳ таоло назар солиб турган бу жаннатмонанд диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, ватаннинг корига яраш, ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, деб энг, аввало, инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишини сўраб, дуо қилиши зарурлиги тўғрисида кўрсатма берганлар.
Айнан шу мазмунда Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Тинчликни, oзoдликни вa миллий истиқлoлни oрзу қилиб aзиз жoнлaрини фидо қилган қанчадан-қанча аждодларимиз ўтиб кетдилар. Бугун дунёнинг кўплаб бурчакларида тинчликни, осойишта тонгни орзу қилиб яшаётганлар ҳам кўп. Бизлар тинч ва осойишта диёримизда ҳукм сураётган тинчлик неъматининг қадрига етиб, унинг янада мустаҳкам бўлишига ҳиссамизни қўшиб яшашимиз зарур.
Азалдан яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик каби қарама-қарши кучлар бўлганидек, инсон ҳаётига раҳна солувчи офатлар ҳам мавжуд. Улардан бири эса диний ақидапарастлик ва террорчиликдир. Бу балою офат ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва ХХI асрга келиб, ўзининг манфур қиёфасини яққол намоён эта бошлади.
Аллоҳнинг бизга бераётган тинчлик неъмати ва бошқа неъматларига доимо шукрда бўлишимиз керак. Бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Киши эрталаб уйқудан уйғониб турса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”. Демак, саломат ҳолда тонг оттирсангиз, оила ва фарзанларингиз тинч-осойишта бўлса, ризқингиз тўкис бўлса, чин инсонлик ҳаққи фақат шукр келтириш билан мазкур неъматлар давом этиши эслатиб қўйилмоқда.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари