Мақолалар

Ҳаммолнинг камтарлиги

Бир куни Бани Аббос қавмидан бир киши ҳозирги Ироқнинг Мадаин шаҳри бозорига кириб, шунчалик кўп нарсани сотиб олдики, юкларини кўтариш учун ҳаммол қидира бошлади.

Бир мунча вақт ўтгач, шундай одамни топиб, Аллоҳ сизга раҳм қилсин, юкларимни кўтариб олинг, деди.

Шундай қилиб, улар кетар эканлар, ҳар сафар йўлда учраган бир гуруҳ одамлар ҳаммолга қараб, ассалому алайкум, эй Абу Абдуллоҳ, дердилар.

Бани Аббос қабиласидан бўлган бу киши ҳаммолни Мадаиннинг барча аҳолиси таниганидан ҳайратда эди ва навбатда учраган нуфузли одамлар ҳам уни улуғлаб, катта ҳурмат билан қарши олдилар.

Юк кўтартирувчи одам, сиз кимсиз, Аллоҳ раҳм қилсин сизга, деб ҳаммолдан сўради.

Ҳаммол, мен Аллоҳнинг бир бандасиман, деб жавоб берди.

Улар яна бир гуруҳ одамларнинг олдидан ўтаркан, дарвозабон ҳам, ассалому алайкум, эй Абу Абдуллоҳ, деди.

Шунда Бану Аббослик киши одамлардан бирининг қўлидан ушлаб, унинг кимлигини сўради.

Ҳалиги одам, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси ва Мадаин ҳокими Абу Абдуллоҳ Салмон Форсийдир, деб жавоб берди.

Бану Аббослик киши хижолат тортиб, Салмонга, Аллоҳ раҳм қилсин, мен сени танимабман, нарсаларимни ўзим кўтараман, деди.

Салмон, йўқ, Аллоҳга қасамки, биз юкларни уйингизгача олиб борамиз, деб жавоб берди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

 катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

Манба: «Сияр аълам ван нубала», 1/546, Имом Заҳабий 

935 марта ўқилди

Мақолалар

Top