Мақолалар

«Жонли» ва «жонсиз» тарбия

Албатта, халқимиз, жумладан ёш авлод ғарб фан-техникаси, маданияти, адабиёти, санъатининг илғор жиҳатларини инкор этмайди. Бироқ ғарбда дин ва одобга зид бўлган қарашларнинг кўпчиликка сингдирилиши оқибатида юзага келган «оммавий маданият» тушунчасини ғарб зиёлиларининг ўзи «ғарбнинг муаммоси» сифатида баҳолаётганини ҳамда «оммавий маданият»нинг маънавий-ахлоқий тубанликларини ёшларимиз қанча тез англаса, шунча яхши.
Бугунги кунда тарбия ҳам, минг афсуслар бўлсинки, икки хил бўлиб қолди: 1) «жонсиз» тарбия ва 2) «жонли» тарбия.
1) «Жонсиз» тарбия – бу интернет, компьютер, телефон, дисклар, телевизор. Минг афсус ва надоматлар бўлсинки, бу нарсалар ҳам кўп ёшларимизни, баъзи ўринларда сал каттароқларимизни ҳам тўғри йўлдан, ўз ота-оналари не-не машаққатлар чекиб ўргатган йўлдан, ота-боболаримиздан буюк ва беқиёс мерос бўлиб келаётган йўлдан оздириб ва адаштириб қўймоқда. Оқибатда «Яхшини шарофати, ёмонни касофати» деганидек, уларнинг касофатлари бутун эл-юртга етмоқда.
Бундай шаклдаги «жонсиз» тарбия – доно халқимиз дунёқарашига, миллий анъаналаримиз ва диний қадриятларимизга ҳам МУТЛАҚО ЗИД эканлигини унутмайлик.
Хорижий телеканалларда нима намойиш этилса ёки интернетда нима тарғиб қилинса, барчасини қабул қилавериш асло мумкин эмас! Биз улар орасидан имон-эътиқодимиз, анъанаю қадриятларимизга МОС КЕЛАДИГАНЛАРИНИГИНА саралаб олмоғимиз шарт. Бу мақсадга эса ёшларимизга телефон, телевидение, компьютер ва интернетдан оқилона фойдаланиш йўлларини ўргатиш, уларнинг мазкур ахборот манбаларидан фойдаланишларини назорат қилиб бориш орқалигина эришиш мумкин. Токи ҳали суяги қотиб улгурмаган ёшларимизнинг беғубор маънавиятига жиддий зарар етмасин.
Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, АҚШда жиноятчиларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экани маълум бўлган. Уларга ота-онасининг ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба ўрта ёш, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиши аниқланган.
2) «Жонли» тарбия – бу улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган олтиндан қиммат ривоятлари ва ноёб ҳикматлари, буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари, меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари, элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари, жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар.
Бу «жонли» тарбиядаги маълумотлар эса маънавият ва маърифат йўналишига ҳамда тарбия соҳасига дахлдор ҳар бир инсон учун, ҳар бир (!) ОТА УЧУН, ҳар бир (!) ОНА УЧУН беқиёс энциклопедик манба бўлиб хизмат қилади.
Оилада бобо ёки буви, ота ёки она ҳар куни оилавий дастурхон атрофида ўтирганларида оиласининг ҳар бир аъзоларини исмларини номма-ном айтиб, уларнинг ҳақларига яхши тилаклар, яхши дуолар қилсалар – бу ҳам «жонли» тарбиянинг бир бўлагидир. Шунда «мени отам мени ҳақимга бундай дуо қилганлар», «мени онам мени бундай бўлишимни Худодан сўрар эдилар» деган онги-шууридаги дастурхон атрофидаги сурат уни кўз олдида доим туради. Дастурхон атрофида, оиласи ҳузурида айтилган ота-онасининг умидлари, орзулари уни бошқа ножўя хатти-ҳаракатлардан тийилишга, ҳар куни қўл очиб Яратгандан сўраётган тилакларни эслаб, мазкур тилакларга мос келмайдиган ишлардан сақланишга ундайди. Зеро бу ота-боболаримиз, она-момоларимиз ана шундай чин ихлос билан, соф эътиқод билан, гўзал намуна ва чиройли ибрат бўлиб, баркамол даражага эришган.
Халқимизнинг миллий маънавияти, оилаларимизда амал қилинадиган бу тартиб-қоидалар ёшлар тарбиясида муҳим аҳамиятга эгадир. Улар оила мустаҳкамлигини таъминлашда улкан пойдевор вазифасини ўтайди.

Оилада эрнинг мавқеи баландлиги, хотин ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларига эгалиги, фарзандларнинг ота-онани ҳурмат қилишларини олайлик. Кўп йиллар давомида ота-боболаримиз қалбига сингиб кетган ушбу миллий ва диний қадриятларни бугун янада сайқаллаш кераклигини замон талаб этмоқда. Айниқса шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги замонда бемаъни хуружлар кўпайиб, уларнинг инсон ва жамият ҳаётига салбий таъсирлари мисли кўрилмаган даражада кучайиб бормоқда. Шунинг учун зийраклик ва огоҳлик билан бундай ҳамлаларга қарши курашмоғимиз лозим.
Айниқса ҳозирги ёзги таътил ойларидан сермаъно, сермаҳсул, мазмунли ва унумли фойдаланиб, ҳар бир ота, ҳар бир она ўз фарзандига одоб-ахлоқ намуналарини, киндик қони тўкилган мислсиз Ватанига – ватанпарварлик ҳис-туйғуларини, бобо-бувига – эҳтиром-ҳурматни, ота-онага – меҳр ва итоаткорликни, оила аъзоларига – раҳмдиллик ва меҳрибонликни, ўз жуфт ҳалолига – ҳақиқий муҳаббат ва содиқликни, қўни-қўшниларга – оқибат ва чиройли муносабатни, қавм-қариндошларга – саховат-мурувватни, синфдош-касбдошларга – чин дўстлик ва ёрдам беришни, атрофдаги барча одамларга – инсонпарварлик ва самимийликни, ҳайвон-парранда-ҳашаротларга – раҳм-шафқатни уқтириб, юқтириб, тушунтириб, сингдиришимиз – ҳам бурчимиз, ҳам қарзимиз, ҳам фарзимиздир! Худони олдида ҳам, бандасини олдида ҳам, юрт-халқимиз олдида ҳам!
Буларни ҳаммасини болаларимизга ўргатиш учун бизларга ҳеч қандай махсус олий маълумот ҳам, тегишли сертификат ҳам, ҳеч қандай қизил диплом ҳам керак эмас. Ёшларимизда бу жиҳатларини уйғотишимиз (!) керак холос. Зеро шу сифатларнинг ҳаммаси фарзандларимизнинг қонида бор.
Кимнинг она Ватанни севиш туйғуси кучли ва имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, ўзининг ўтмишини ҳурматлаб, яхши билса, «оммавий маданият» тузоғига тушиб қолмайди, дину давлатимизнинг “ҳақиқий дўстлари”нинг қармоғига илинмайди. Бунинг учун оилада ота-оналар фарзандлари билан миллий мусиқа, халқ қўшиқ-ашулаларимизни эшитишса, биргаликда китоб ўқишса, ўқиган асарларини биргаликда муҳокама қилишса, уларни турли спорт секцияларига ва мусиқа тўгаракларига жалб этишса, эришилган ютуқлари ва эгаллаётган тажрибаларига қизиқишса, илм-ҳунар ўрганишларида ҳамнафас бўлишса, ёшларнинг ёт ғоялар учун вақти ҳам, қизиқиши ҳам бўлмайди.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қиладилар: «Болаларингизни ҳурмат қилинг ва одобларини гўзал қилинг!» (Имом Қузоий ривояти)
Фарзандларимизни ана шундай суннат мувофиқ тарзда тарбиялаш барчамизга насиб этсин.

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

1112 марта ўқилди

Мақолалар

Top