Мақолалар

Жонин берса берсун, лекин...

“Атомиздан меҳрибон Тангримиз жалла ва таоло Қуръони каримда «Ла тулқув биайдикум илат таҳлука», яъни ўз қўлларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз, дер. Биз бўлса, бадбахтона ва Худонинг амриға бўюн қўймасдан кофирона бир суратда тўй ва азо деган, йўқ бўлушимизға сабаб бўлган одатларга бору йўқимизни сарф ва исроф этармиз” (Маҳмудхўжа Беҳбудий).

Арслар оша тўй-маъракаларни тартибга солиш бўйича кўп чоралар кўрилса-да, аммо уни бир меъёрга келтириш учун юз йиллар ҳам камдек, назаримизда.

 Илк бор Амир Олимхон тўйларда паловдан бошқа овқат тарқатганларга 75 дарра, кўпкари, улоқ чопиш тадбирларини ташкил қилганга ўлим жазосини жорий этган. Бундан ташқари Бухоро муфтийси домла Икром билан кўплаб бидъат-хурофот амалларни бекор қилган. Лекин уни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш ишлари охирига етмаган.

Афсуски, инсоният турмуш тарзи, илм-фан қанчалик ривожланмасин, дунё қарашимиз ўша-ўша – бир аср ортда қолаётгандек. Чунки тўй-маъракалардаги исрофгарчиликлар бир дам тўхтагани йўқ. Буни кўриб Асқад Мухторнинг “Бу халқ жон берса берадики, жаҳолатни бермайди” (“Бухоронинг жин кўчалари” асари)  деган сўзлари ҳақ эканини англайсан киши.

Яқинда Самарқанд вилоятида бир ўрта ҳол бир кишининг тўйига бордик. Дастурхон тўкин-сочин: ноз-неъматлар билан тўла. Қай бирини ейишни билмайсан. Яхна, товуғу балиқлар, турли салатлар, ширинлигу тортлар, чақ-чуқлар, шоколаду мевалар. Ичимликлар ҳам ўзига хос. Бу дастурхонни кўрган одам тўй қилаётган киши бой-бадавлат бўлса керак, деб ўйлаши тайин. Лекин унинг тўйдан кейинги аҳволи ҳавас қиларли эмасди...

Кейинги пайтда тўю зиёфатларда дастурхонга қўйиладиган ноз-неъматлар сони тобора ортиб боряпти. Биргина гўшт маҳсулотларининг ўзи бир қанча: яхна, тандир, товуқ, дудланган гўштларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Чўнтагингга қараб олаверасан. Буларсиз  зиёфатлар ўтмайди.  

Хўш, тўй дастурхонига қўйилган бу ноз-неъматларнинг қанчаси ейилади?

Маълумотларга кўра, воҳа тўйларида асосан гўшт маҳсулотлари 70–80 фоиз, мевалар 40–50, ширинликлар 10–20, чақ-чуқлар 10–20, салатлар 60–70, ичимликлар 70–80, нон 30–50 фоиз ейилади. Тўйда бериладиган биринчи овқат 70–80 фоиз ейилса, иккинчи овқат эса 40–60 фоиз тановул қилинади. Агар тўй қилаётган киши бадавлатроқ бўлса, таомлар тури яна кўпаяди.

Эътибор қаратсак, дастурхонга қўйилган неъматларнинг ярми ейиш учун, қолгани кўрк учун экан. Қанча егуликлар ташлаб юборилаётгани бизни қизиқтирмайди. Нима бўлса ҳам меҳмонларнинг кўнглини олиш: пул кетса кетсин обрў кетмасин қабилида.

Дастурхонга қўйилган шунча ноз-неъматларни бир ўтиришда еб бўлмайди. Яримта нон, бир коса овқат билан қорнимиз тўяди. Лекин нафсимиз қонганича еймиз-у, аммо  соғлиғимизни ўйламаймиз. Бунинг турган битгани чўнтакка ҳам, соғлиққа ҳам зарар-ку!

 Бу тўйлардаги биргина дастурхон безатишдаги ортиқча ҳолатлар. Бундан ташқари, яна қанча кераксиз урфларимиз бор. Кийим-кечакдан тортиб, уй безашу, машиналарнинг  турна қатор бўлиб юриши...

Абу Толиб Али розияллоҳу анҳу Пайғамабаримизнинг севикли қизлари Фотима онамизга уйланаётганида тўй дастурхонида бир қўй гўшти ва бир неча соъ жўхори бўлган. Бу неъматлар ҳам саҳобалар томонидан ёрдам сифатида олиб келинган.

Бугун тўйларимизга битта қўй тугул, битта буқа ҳам етмаяпти. Ҳатто бирор нозик меҳмон келса, унинг шарофатига қўй сўйилиб, яна бир қўйнинг пулига бозорлик қилинади. Ейилмаса ҳам, дастурхон тўкин бўлиши керак.

Бу ҳолат гўё ўзимизни ўзимиз чоҳга ташлаётганга ўхшайди. Чунки имконимиз етмаса-да, қарз олиб, ўзимиз оч қолсак-да, элга катта зиёфат берамиз. Бу на ақлга ва на мантиққа тўғри келади.  Минг афсус, бугун тўй қиламан деб боши берк кўчага кириб қолаётганлар кам эмас. Қанчалаб йигитларимиз пул топиш, тўй-ҳашам қилиш илинжида чет элларни кезиб юрибди. Қиз чиқараман деб уйини сотиб, уйсиз қолганлар ҳам бор. Буларнинг барчаси дабдабабозликдан бошқа нарса эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” дея марҳамат қилади (Бақара сураси, 195-оят). Бу билан Раббимиз ҳар бир ишни ўйлаб, мулоҳаза қилиб гўзал тарзда бажаришга, ўзини қийнаб ҳалокатга ташланмасликка, балки бирор ишни чиройли адо этиб, Аллоҳга севикли бўлишга буюради.

Яна бир ояти каримада: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”, деб марҳамат қилинади (Исро сураси, 26–27-оятлар). Бу оятда Парвардигоримиз исрофга йўл қўймасликка қаттиқ амр этиб, ҳатто исроф қилгувчини шайтонга тенглаштирмоқда. Ношукрлар қаторида бўлиб қолишимиздан огоҳлантирмоқда.

Сўзимиз сўнггида Беҳбудий бобомизнинг қуйидаги сўзлари билан якунлашни лозим топдик:  “Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва-дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.

Бобур МУҲАММАД

           

1092 марта ўқилди

Мақолалар

Top