Мақолалар

ҲАЖДА ТИҚИЛИНЧ ХАВФИ САБАБЛИ МУЗДАЛИФАДАН АЁЛЛАР ВА ҚАРИЯЛАР ЭРТА ЧИҚИБ КЕТИШЛАРИНИНГ ҲУКМИ

❓1090-САВОЛ: Муздалифада тунаб қолиш шартми? Агар тиқилинч юзага келиш хавфи юқори бўлса, ундан эртароқ кетиш жоизми?

? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муздалифада туриш ҳажнинг вожибларидан биридир. Унда ҳайит куни бомдод вақти киргандан кейин қисқа муддат бўлсада туриш вожиб, бомдод вақтидан то кун ёришгунича туриш суннат ҳисобланади. Бу ҳақда фиқҳий китобларимизда шундай дейилган:
قدر الواجب منه ساعة لطيفة، وقدر السنة امتداد الوقوف الى الإسفرار جدا
“Муздалифада туришнинг вожиб миқдори (бомдод вақти киргандан кейинги) қисқа муддатдир. Суннат миқдори эса, у ерда туриш кун жуда ёришиб кетунича давом этишидир” (“Ғунятун носик” китоби, 266-бет).
   Демак, ҳайит куни бомдод вақти бўлиши билан Муздалифада бомдод намозини  адо этиб, кун ёришгунича ўша ерда дуо ва зикрлар билан машғул бўлиб туриш орқали ҳам вожиб, ҳам суннатни адо этилган бўлади.
   Агар Муздалифада тиқилинч юзага келиш хавфи юқори бўлса, кечанинг иккинчи ярмида аёллар, беморлар ва қарияларни эртароқ чиқиб кетишларига рухсат берилган. Бу ҳақда мазҳабимиз уламолари шундай дейишган:
ولو ترك الوقوف بها فدفع ليلًا فعليه دم إلا إذا كان لعذر بأن يكون به ضعف أو علة أو كانت امرأة تخاف الزحام فلا شيء عليه، كذا في «الهداية» و«اللباب»، فإن كان رجلا يخاف الزحام لا لنحو عجز أو مرض فتركه يلزمه دم.
“Муздалифада туришни тарк этиб, тунда у ердан (Минога) кетса, қон вожиб бўлади. Лекин заифлиги ёки касаллиги сабабли ёхуд аёл киши бўлиб, тиқилинчда қолишдан хавфсираши сабабли кетса, узрли ҳисобланиб, зиммасига ҳеч нарса вожиб бўлмайди, “Ҳидоя” ва “Лубоб” китобларида шундай дейилган. Агар эркак киши, касалликсиз, ожизликсиз тиқилинчдан хавфсирасаю, Муздалифада туришни тарк қилса, зиммасига жонлиқ сўйиш вожиб бўлади” (“Ғунятун носик” китоби, 266-бет).
   Демак, ҳанафий мазҳабимизга кўра, аёллар, беморлар ва ёши кекса кишилар Муздалифада тонгга қадар қолмасдан, ундан эртароқ – ярим тунда кетишлари жоиз. Бунда улар бирор жиноят қилган ҳисобланмайдилар ва зиммаларига бирор нарса лозим бўлмайди. Уламоларимиз бунга далил сифатида қуйидаги ривоятни келтирадилар:
عن سالم قال كان أبي يقدم ضعفة أهله من المزدلفة إلى منى ويذكر أن رسول الله صلى الله عليه وسلم كان يفعله
“Отам (Абдуллоҳ ибн Умар) аҳлларидан заиф кишиларни Муздалифадан Минога эртароқ кеткизар эдилар ва “Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар”, дер эдилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).
   Демак, аёллар, беморлар ва ёши кекса кишиларни Муздалифадан Мино водийсига бошқалардан эртароқ – ярим тунда кетишлари жоиз бўлиб, бу айнан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одатларига мувофиқ саналар экан. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

YouTube (https://www.youtube.com/@Fatvouzb) | Instagram (https://www.instagram.com/fatvouz/) | Facebook (https://www.facebook.com/diniysavollar) | Telegram

(https://t.me/diniysavollar)@muslimuzportal | @Muftiy_Nuriddin_domla | @mp3muslim | @diniysavollar

1213 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top