Мақолалар

Ўзбекистон муфтийси Шайх Нуриддин Холиқназар нуфузли ташкилотга аъзо бўлиши диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг юксак эътирофидир

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши табриги

Яратганга шукрки, тараққиётимизнинг янги даврида амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар мусулмон дунёсида юксак эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда, юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги тўла таъминланиши, араб-мусулмон мамлакатлари билан алоқалар жадал тараққий этаётгани ва нуфузлий ташкилотлар билан ҳамкорлик фаоллашаётгани фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Халқаро мусулмон уламолар кенгаши аъзоси сифатида қабул қилинганлари ва ушбу халқаро ташкилот сафида фаолият бошлаганлари мана шундай салмоқли ишларининг улкан натижаси бўлди. Шунингдек, мазкур мақом Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофи бўлиб, юртимиз уламоларининг динимиз ривожига қўшаётган ҳиссаларига берилган юксак баҳодир.

Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси, профессор доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига йўлланган хатда, жумладан, шундай дейилади:

— Халқаро мусулмон уламолар кенгаши Сизга ўзининг юксак эҳтиромини ифода этиб, доимий соғлик-саломатлик ва муваффақият тилайди. Сизга ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасига самимий саломларим ва юксак эҳтиромимни йўллайман...

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Халқаро мусулмон уламолар кенгашига аъзо этиб қабул қилинганини мамнуният билан маълум қиламан.

Биз ишонамизки, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Халқаро мусулмон уламолар кенгаши сафига қўшилишлари бутун дунёда Ислом ва мусулмонлар хизматидаги муштарак саъй-ҳаракатларимизни янада ривожлантиради.

 

Шунинг билан бирга, мазкур халқаро ташкилот раҳбари томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, фазилатли Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ ҳазратларига, деб бошланган алоҳида мактубда эса шундай жумлалар келтирилади:

— Халқаро мусулмон уламолар кенгаши Сизга ўзининг энг юксак ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этиб, доимо соғ-саломатлик ва муваффақиятда бўлишингизни тилайди.

Аллоҳ таолодан Сизга ташкилотнинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи фаол аъзолардан бўлиш, мусулмон уммати хизматида, унинг турли муаммоларини ҳал этишдаги мақсадларини рўёбга чиқаришда ўз ҳиссангизни қўшишингизда Яратганнинг Ўзи ёрдам беришини сўраймиз...

 

Таъкидлаш жоизки, профессор доктор Алий Муҳйиддин Қорадоғий ўз мактубларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва уламолари билан ҳамкорлик қилиш имконияти пайдо бўлганидан мамнун эканини изҳор этган. Мусулмонлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топишга умид боғлаган. Шунингдек, мазкур ҳамкорлик алоқалари ушбу олий мақсадлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши ва илмий-маърифий тажриба алмашишга асос бўлишига ишонч билдирган.

 

Қайд этиш керакки, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлишлари Аллоҳ таолонинг иродаси билан 35 йилдан зиёд вақт мобайнида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашдаги меҳнатлари самарасидир.

Шайх ҳазратларининг муфтийлик фаолиятларида юртимиздаги ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда илмий-тадқиқот марказлари фаолият бошлаши, Фатво маркази ташкил этилиши, масжид-мадрасалар, Қуръон курслари очилиши, қадамжолар обод этилиши, алломалар мероси тадқиқ этилиши ҳамда ҳаж-умра қилувчилар сони кескин ошишида муносиб ҳиссалари бор, албатта.

Муфтий ҳазратларининг Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Туркия, Озарбайжон, Германия ҳамда Қозоғистон, Қирғизистонда ўтказилган халқаро анжуманларда диний-маърифий ислоҳотлар ва мўмин-мусулмонларни қийнаётган муаммоларга ечим сифатида илгари сурган таклифлари халқаро майдонда юқори баҳоланган.

Шайх ҳазратлари юртимиз ва хорижий ОАВларида мунтазам чиқишлар қиладилар. Хусусан, ижтимоий тармоқлардаги доимий кузатувчилари сони 2 миллион 200 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Ҳазратнинг руҳий тарбия, одоб-аҳлоқ, илму маърифат, фарзанд тарбияси, ота-онани эъзозлаш, она-Ватанга муҳаббат туйғуси каби мавзулар баён қилинган 10 та китоб ҳамда CD, DVD дисклари нашр этилган.

Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг олий бошқарув органлари — Уламолар Кенгаши, Олий ҳайъати раиси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Халқаро Илмий ҳайъати раиси каби масъулиятли вазифаларга сайланганлар. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий кенгаши томонидан “Фахрий доктор” илмий унвони ҳам берилган.

Навбатдаги мартаба ва мақом муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига шараф ва масъулият юклайди.

 

Маълумот ўрнида, Халқаро мусулмон уламолар кенгаши 2004 йилда 50 нафар уламо томонидан тузилган мустақил, нуфузли ташкилот. Бош қароргоҳи Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган.

Ташкилот мақсадлари: уламоларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, уммат олдидаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва амалий саъй-ҳаракатларни амалга оширишдан иборатдир.

Ташкилот вазифалари: Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, замонавий ахборот воситалари ва тарғибот-ташвиқот орқали Ислом дини таълимотларини оммага етказиш, шунингдек, ҳар бир фаолиятда илм-фан ва мўътадилликка асосланиш ҳамда мўмин-мусулмонлар ҳаётидаги муҳим масалалар билан шуғулланишдир.

Ташкилот тузилмаси ва бошқарув шакли: кенгаш бош котиб ва унинг уч нафар ўринбосари томонидан бошқарилади. Шунингдек, кенгаш таркибида “Аъзоликка қабул қилиш”, “Фиқҳ ва фатволар”, “Маданият, ғоя ва тадқиқотлар”, “Исломий масалалар”, “ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш”, “Таржималар ва таълиф” ҳамда “Мулоқот” каби шўъбалар мавжуд.

Халқаро мусулмон уламолар кенгаши ўз тарихида бир қанча муҳим ишларни амалга оширган. Жумладан, Суданнинг Дарфур вилоятида тинчлик ўрнатилишига муносиб ҳисса қўшган.

“Одам ўғирлаш ва савдосига қарши” ва “Бегуноҳ одамларни ўлдириш оғир гуноҳлиги” ҳақида фатволарни ишлаб чиққан. Айрим мамлакатларда бўлиб ўтаётган нотинчликлар юзасидан ҳам ўз муносабати ва баёнотларини  эълон қилади.

Ҳозирги кунда Кенгашга мусулмон дунёсидаги энг кўзга кўринган 46 нафар нуфузли уламо аъзо сифатида қабул қилинган. Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳаётлик даврларида ушбу ташкилотга аъзо бўлган эдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ушбу ташкилотга аъзо бўлишлари Ўзбекистоннинг мусулмон дунёси билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, олдимизда турган муаммоларга ечим топиш ва ислом умматининг бирдамлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, мазкур аъзолик юртимиз алломалари халқаро конференцияларда муносиб иштирок этиши, дунё ҳамжамиятига уламоларимизнинг илмий меросларини янада кенг тарғиб қилиш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўналишидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга муҳим ҳисса қўшади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши,

2023 йил 27 июнь, ҳижрий 1444 йил 9-зулҳижжа,

Тошкент шаҳри

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Матбуот хизмати 

muslim.uz

1399 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top