Мақолалар

АЛЛОҲНИНГ САЛОМИНИ ОЛГАН АЁЛ — ХАДИЖА ОНАМИЗ

Аёллар саййидаси. Отасининг исми Хувайлид, онасининг исми Фотима бўлган. Жоҳилят даврида Хадижа онамизни Тоҳира деб чақиришар эди.  Умму Қосим деб куняланаган. Асли Қурайш қавмидан. Оқила, олийҳиммат, саховатли, меҳрибон жаннатий аёл бўлган.

Расулуллоҳга ўзи ҳаридор бўлган. Уйланишларини таклиф қилган. Расулимиз алайҳиссалом рози бўлганлар ва 25 ёшида уйланганлар. Маҳрига 20 туя берган. Хадижа онамиз Расулуллоҳдан 15 ёшга катта эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзандлари шу онамиздан туғилган. Ер юзида Расулуллоҳни биринчи бўлиб тасдиқлаган ва ҳаммадан олдин иймон келтирган энг бахтли аёл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий келганда, амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг олдига олиб борган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамизни кўп тилга олардилар ва бошқа оналаримиздан афзал билардилар. Ҳаттоки Оиша онамиз шундай дегандилар:

ما غرت من امراءة ما غرت من خديجة

Расулуллоҳ Хадижани кўп эслагани туфайли, Ул зотни бирорта хотиндан Хадичадан рашк қилиб қизғонганимдек қизғонмаганман. (Бухорий).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамиз ҳаётлик чоғида бошқа аёлга уйланмаганлар. Кейинги оналаримиз билан Ул зоти шарифанинг вафотидан кейин турмуш қилганлар.

Сердавлат, ишбилармон аёл эди. Расулуллоҳга молиявий жиҳатдан кўп ёрдам қиларди. Расулуллоҳ Хадижа онамизнинг савдо ишларини юритар эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссалом орқали Хадижа онамиз учун жаннатдан бир қаср барпо қилганлик башоратини етказган. (Бухорий ва Муслим).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча марта: “Эй Хадижа, сенга Жаброил салом айтди”  баъзида эса “Сенга Аллоҳ салом йўллади”—деганлар. (Бухорий).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат аёлларининг саййидаси марям, Фотима, Хадижа ва Фиръавннинг хотини Осиёдир”—деб марҳамат қилганлар. (Ибн Абдулбар).

Оиша онамиздан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хадижа онамизни кўп хотирлар эдилар. Ҳар доим ёдга олганда Хадижа онамизни мақтар, ҳаққига истиғфор айтиб дуо қилардилар. Бир куни Оиша онамиз рашки келиб: “Аллоҳ сизга ўша кампир ўрнига ёш аёлларни бердику?!”—деб юборади. Шунда Расулуллоҳнинг ғазаблари келади. Қилмишидан афсусланган Оиша онамиз “Эй Раббим, Хадижани қайтиб ёмонлик ила эсламайман” деб онт ичадилар. Расулуллоҳ: Эй Оиша, одамлар мени ёлғончига чиқарганда у менга ишонган, одамлар мендан юз ўгирганда у менга жой берган, у менга бола туғиб берган сизлар эмас—деб Хадижа онамизнинг фазлини эслатиб қўядилар.

Ҳижратдан 3 йил, Абу Толибнинг вафотидан эса 45 кун олдин, 65 ёшида Рамазон ойида, Исломда ҳали намоз фарз бўлмай туриб вафот этган. Ҳажун номли ерга дафн этилган.

Авазбек МЎМИНОВ

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имоми

5725 марта ўқилди

Мақолалар

Top