Мақолалар

Муҳаррам ойининг қандай фазилатлари бор?

Аллоҳ таоло ўта меҳрибон ва карами кенг, фазли улуғ ва ҳикмати беназир Зотдир. Зотан, буюк Аллоҳ яратган мавжудотларининг баъзисини баъзисидан ўзининг ҳикмати ўлароқ фазилатли қилиб қўйган.

Ана шундай фазилатга муҳаррам ойини мисол қилишимиз мумкин. Бу ой муборак, фазли улуғ ой бўлиб, ҳижрий сананинг биринчи ойидир. Шу билан биргаликда, муҳаррам ойи уруш ҳаром қилинган муқаддас ойларнинг бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

 إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنْفُسَكُمْ 

Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда (жанг қилиб) ўзингизга зулм қилмангиз!… (Тавба сураси, 36-оят).

Динимизда уруш тақиқланган тўрт ой бор. Улар – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир йил ўн икки ойдан иборат. Шулардан тўрттаси ҳаром (уриш тақиқланган) ойлардир. Учтаси кетма-кет келади. Зул-қаъда, Зул-ҳижжа ва Муҳаррам ойлари ва тўртинчиси Жумод ва Шаъбон орасидаги Музор қабиласининг Ражаб ойидир” (Бухорий ривояти).

Демак, бу ой Аллоҳ субаҳанаҳу ва таолонинг наздида жуда мақоми улуғ ойлардан экан. Бу ойни қадрлаб кўпроқ яхши эзгу амалларга интилмоғимиз даркордир. Шариатимизда ҳам кўпроқ нафл ибодатларни қилишга тарғиб этилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Афзалликда Рамазон ойининг рўзасидан кейин Аллоҳнинг ойи Муҳаррам рўзаси туради”-деб марҳамат қилганлар (Муслим ривояти). Ҳадиси шарифда муҳаррам ойини “Аллоҳнинг ойи” деб айтилмоқда. Бу шу ойнинг улуғлигидан ҳамда фазилатларининг кўплигига далолат  қилади.

Муҳаррам ойининг энг афзал куни ўнинчи кунидир. Бу кунни динимизда “явму ашуро” ашуро куни деб юритилади. “Ашуро” сўзи луғатда “ўнинчи кун” деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда рўза тутишга қизиқтирганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилгандилар” (Термизий ривояти). Ҳанафий мазҳабимиз уламолари ашуро куни яъни муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутишни суннат дейишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кун – Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб ва ушбу ой – Рамазон ойи рўзасини истаб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини истаганларини кўрмадим, деганлар” (Бухорий ривояти).

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзасини ўзидан олдинги сана (гуноҳлари)нинг каффороти бўлса”, дедилар” (Термизий ривояти). Бир кун нафл рўза тутган бандага Яратганнинг марҳаматини қаранг? Тўлиқ бир йиллик гуноҳларни кечирилиши бўлса?! Бундай фазл Буюк Аллоҳнинг марҳаматидандир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар”. Ушбу ривоятдаги кенглик яратишдан мақсад емоқ, ичмоқ, хурсандчилик маъносидаги бемалолликдир.

Уламоларимиз: “Ким Зул-ҳижжа ва Муҳаррам ойларини рўзасини тутса, гўё йилни тоат-ибодат билан тугатиб, тоат-ибодат билан бошлабди. Умид қиламиз-ки, йил давомида шу фазилат эга бўлинса”-деб таъкидлаганлар.

Демак, муҳаррам ойини хусусан, ашуро кунининг фазилатидан умид қилиб, яхши амалларга бел боғласак, Аллоҳнинг улуғ фазлу баракотига эга бўлиб, ҳам дунёмиз ҳам охиратимиз, ҳам тирикларимиз ҳам вафотларимиз, ҳам хонадонимиз ҳам юртимизга раҳмат ва мағфиратлар ёғилса деб умид қиламиз. Яратган барчамизни улуғ кунлар фазлидан насиб этсин!

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

1337 марта ўқилди

Мақолалар

Top