Мақолалар

Сув ҳайвонлари ва ундаги ўлимтикларга доир ҳукмлар

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Денгиз ови ва унинг таоми сизга ва сайр қилувчиларга ҳалол қилинди. Модомики, эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг» (Моида сураси, 96-оят).

«Денгиз ови»дан мурод балиқдир. «...унинг таоми»дан мурод денгиз тўлқини билан қуруқликка чиқариб ташланган ўлик балиқдир. Агар балиқ сув ичида туриб, ҳеч қандай ташқи таъсирсиз ўлиб қолса, уни еб бўлмайди. Чунки у бирор зарарли нарса таъсирида ўлган бўлади. Ўзи ўлган ҳайвонларни еб бўлмаслик ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар келган. Ҳанафий мазҳабида сув ҳайвонларидан балиқдан бошқаси ҳалол эмас.

Мастоний “Доиратул маориф” китобида балиққа бундай таъриф берилган: “Балиқ сув ҳайвони бўлиб, умуртқали ҳайвонларнинг энг қуйи қисмида туради. Қони қизил, ойқулоқ (жабра) орқали нафас олади ва бошқа умуртқали ҳайвонлар каби жуссаси катта бўлади”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Баҳрайнда бўлганимда баҳрайинликлар мендан денгиз қуруқликка чиқариб ташлаган балиқ ҳақида, уни ейиш мумкин ё мумкин эмаслиги ҳақида сўрашди. “Уни еяверинглар”, дедим. Мадинага қайтганимда, у ҳақда Умар розияллоҳу анҳудан сўрадим. У: “Уларга нимани буюрдинг?” деди. Еяверишларини буюрганимни айтдим. Умар розияллоҳу анҳу: “Агар бошқача буюрганингда, сени дарра билан урардим” деди ва “Денгиз ови” оятини ўқиди».

Креветка (ирбиён, денгиз чувалчанги)ни истеъмол қилиш бизнинг мазҳабимизда ножоиз. Чунки ҳайвонотшунослар наздида балиқ: “Умуртқали, сувда яшайдиган, сузгичлари билан сузадиган ва ғалсама, яъни кичик тил билан нафас олувчи ҳайвондир”. Шу таърифга кўра, креветкада умуртқа суяк йўқлиги эътиборидан, у балиқ эмас. Ҳайвонотшунослик илми мутахассислари ҳайвонларни икки қисмга бўлишади: умуртқали, умуртқасиз. Балиқлар биринчи, креветка эса, иккинчи қисм ҳайвонлари қаторига киради. Креветкада умуртқа суяк йўқ ва у жабра билан нафас олмайди. Юқоридаги фиқҳий ва илмий фикрларга диққат билан назар солсак, креветкани ейишдан сақланиш авлодир. Саккизоёқ, калмар, қисқичбақа каби ҳайвонларни ҳам ейиш ҳанафий мазҳабида мумкин эмас. Чунки улар балиқ ҳисобланмайди. Сув ҳайвонларининг балиқдан бошқа турларида инсон саломатлигига зарар бор. Ҳайвонотшунослар хулосасига кўра, ирбиён балиқ эмас ва ҳанафий мазҳаби наздида ҳам креветканинг истеъмоли жоиз эмас.

 

Ҳабиба БОҚИЕВА,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти

403-гуруҳ талабаси

1319 марта ўқилди

Мақолалар

Top