Мақолалар

Она қишлоғим Олақўйлиқ баҳаво, хушманзара ва обод маскан. Саришталик, тоза-озодалик унинг ҳар бир гўшасида кўзга ташланади. Қишлоқдошларимиз ободликни севади. Мисол учун, ҳудудимиздаги “Ғойиб ота” қабристони дарвозасидан кирар экансиз, истироҳат боғига келиб қолдимми, деган иккиланиш пайдо бўлади: боғу роғлар, гулзорлар, ишком арклар, сўри-супалар... Деворларга зарҳал ҳарфлар билан оят ва ҳадислар битилган. Мусофирлар учун ётоқхона, мини артезиан қудуқ мавжуд. Қабр қазиш пайтида тепаликдан топилган турли сопол идишлар, сопол қувурлар ва бошқа осори атиқалар алоҳида хонада сақланмоқда. Мактаб ўқувчилари учун ўлкашунослик музейининг айни ўзи.

Уч йил олдин қурилган “Олақўйлиқ” жоме масжиди барча талабларга жавоб беради. 50 ўринли таҳоратхона, мусофирхона, кутубхона, гардероб хонаси – намозхонлар учун қулайлик яратган. Масжиднинг ўзида 400 нафар ва ҳовлисида 800 нафар намозхон сиғими мавжуд. Энг муҳими, масжидимизда соғлом муҳит, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат ўрнида. Шу боис намозхонлар сафи кун сайин кенгайиб-ёшариб бормоқда.

Қишлоғимиз аҳолиси барча шароитга эга. Замонавий мактаб, болалар боғчалари, стадион, 3 та кичик ўйингоҳ, билярд ва стол тенниси, соғломлаштириш тренажёр хонаси, стоматология, 3 та қассобхона, 2 та дорихона, 3 та кафе, токарлик-пайвандлаш хонаси, Маданият уйи, тўйхона, 3 та супермаркет ва 3 та мини маркет, 3 та хўжалик дўкони, 2 та сартарошхона, гўзаллик салони, почта ва ҳоказолар. Қишлоғимиздан кўплаб ижодкорлар ва олимлар етишиб чиққан.

Юз ёш билан юзлашаётган кексаларимиз – Абдували бобо, Жўрақул бобо, Эргаш бобо, Қурбон бобо, Ҳаким бобо, Мунаввар буви, Рўзихол буви, Фаина аяларнинг ҳаёт йўллари барчамизга ибрат. Уларнинг дуолари, панд-насиҳатлари ёшларимизни яхшиликка, диёнатга, ҳақгўйликка ўргатмоқда.

Ражаб ИБРОҲИМОВ,

Китоб тумани

1382 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Худо хоҳласа, яхшиликка!” Ҳар бир нарса ибрат »

Мақолалар

Top