Мақолалар

Ҳар бир нарса ибрат

Аллоҳ таоло башарият учун коинотни илоҳий қудратининг бир кўргазмаси, айни пайтда имтиҳон дарсхонаси ўлароқ яратди. Тафаккур қилувчи инсонлар коинотнинг ҳар бир бурчагида қудрат ирмоқларидан ва илоҳий нақшлардан ишоратлар, сирлар, ҳикматлар ва очиқ аломатлар бор.

Бу аломатлар инсонга:

  • илоҳий буюклик ва қудратни кўрсатади;
  • бу буюклик қаршисида инсоннинг ожизлигини ва Парвардигор ҳузурида қуллик имтиҳонини ёдига солади;
  • бу имтиҳоннинг охирида эса ўлимни, қиёматни, ҳашр (йиғилиш), ҳисоб-китоб ва ўзининг оқибатини эслатади.

Бу дунёдаги ҳар бир нарса ақл ва қалб соҳиблари учун бир ишоратдир. Ояти каримада айтилади: “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир” (Оли Имрон сураси, 190-оят).

Кун ботишини бир бор тафаккур ила томоша қилиш соғлом ақл соҳиби учун кўнгилда чуқур из қолдирадиган кўргазмадир.

Ғофил инсонгина рассомнинг чизган табиат манзараларини мақтаб томоша қилади-ю, коинот ва унинг Холиқи қаршисида мақтов ҳиссини туя олмайди. Илоҳий қудратни оддий иш сифатида қабул қилади.

Аллоҳнинг маърифатли дўстлари эса Жаноби Ҳақнинг мўъжизалари қаршисида ҳайрат ва ҳаяжонга тушадилар.

Бир заминда униб-ўсаётган ўсимликлар; ранго-ранг япроқ ва гуллар, уларнинг товланишлари, дарахтларнинг ранг, таъм, ҳид ва шаклда бир-биридан тубдан фарқ қиладиган меваларини, кичик уруғдан катта дарахтнинг униб чиқишини, бир тухумдан товуқнинг пайдо бўлишини, нуқтадек бир ҳужайрадан инсоннинг вужудга келишини, фақатгина бир-икки ҳафта яшаса-да қанотида гўзал суратлари бор капалакни, инсоннинг яратилишидаги ажойибликка назар ташлайдилар ва кўзнинг кўриши, миянинг идрок этиши каби илоҳий мўъжизаларни ҳайрат билан кузатадилар.

Қуёшнинг ҳар ботиши, кун чиқиши, амал дафтарини нималар билан тўлиши номаълум бўлган бир саҳифа эмасми?

Кун ва туннинг бир-бирини қувалаши каби йил давомида фасллар ҳам алмашиб туради. Баҳорда қайта жонланган ва яшнаган табиат кузда сарғая бошлайди ва қишда “ўлади”. Табиатда ҳар йили такрорланадиган бу мавсум алмашинуви инсон умрида фақат бир бош яшалади. Ёшлик баҳори асло ортга қайтмайди.

Инсон янги узилган новдадек чақалоқ бўлиб дунёга келади, юриб-югуриб улғаяди, ёш ва кучли йигит бўлиб етишади. Фақат бу силсила ўрта ёшга кириш билан тескарисига айлана бошлайди. Дарахтларнинг ям-яшил, ҳаётийлик рамзи бўлган барглари сарғайиб, шамолларда тўкилганидек, инсоннинг ҳам қоп-қора сочлари аста-секин оқаришни, териси буришишни, тик қадди букилишни ва қуввати кесилишни бошлайди. Касалликлар танада зуҳур этади: бора-бора бел букилади, тиззаларда дармон қолмайди. Яъни инсоннинг умри ўзи учун энг катта ибратдир. Ояти каримада бундай марҳамат қилинади: Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини хам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?! (Ёсин сураси, 68-оят).

Инсон ўз ҳаётдаги “қишга кириш” борасида тафаккур қилиши керак эмасми?!

Нигора АБДУМУХТОР қизи тайёрлади.

1640 марта ўқилди

Мақолалар

Top