Мақолалар

Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий (1-мақола)

Жанубий Осиё минтақасида “Умматнинг руҳий шифокори” номи билан донг таратган ва миллатнинг янгиловчиси бўлмиш Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий XX аср Ислом қайта уйғониш даврининг энг машҳур намоёндаларидан бири эди. Мавлоно Таҳонавий “Ўз даврининг етук олими, серҳосил илмий маърифий китоблар муаллифи ва Ҳиндистон давлатининг буюк сўфийларидан”.

“У жуда тиришқоқ ҳаёт кечирар эди: таълим берар, яхши амалларга тарғиб қилар, китоблар ёзар, мавъизалар ўтказар эди, вақти-вақти билан сафарларга ҳам уюштириб турар эдилар” (“Наим”, 94). У берган таълимотларнинг ҳаққонийлиги ва мўътадиллиги унинг тез орада машҳурлик соҳибига айланишини таъминлади. Мавлоно Таҳонавий Қуръони каримнинг мана бу оятига мос келар эди: “Шунингдек, (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби) сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик” ("Бақара" сураси, 143-оят).

У ўқиган маърузаларда ниҳоятда чуқур Исломий билим ётар эди. Ҳиндистоннинг фақиҳ уламоси Қосимий у ҳақда шундай деган: “Унинг маърузалари ичида Ислом илми қамраб олмаган қисмини топиш мушкул”.

Олимнинг диний услуби ва баъзи саволларга унинг ўзгача фикрий ёндашуви бу инсоннинг Ислом шариатини чуқур билимдони эканига далолат қилади. Унинг теран ақли, Аллоҳ ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга қўйган муҳаббати, вақтни тўғри тақсимлаши, кенг дунёқараши, ўзгача янги ва шу билан бирга диний таълимотга аслий ёндашуви Ислом оламида ўчмас из қолдирди.

Инсонлар қалбида бу инсон ўта билимдон шайх, унумли меҳнат соҳиби, Исломий ҳуқуқ масалалари устаси ва Ислом анъаналари ҳимоячиси сифатида муҳрланиб қолади. Ўша даврларда, мусулмонлар жисмонан ва ақлан мустамлакачилар тарафидан босилганларида мавлоно Таҳонавий мусулмонларга ўзининг маърузалари орқали адабий ва илмий қурол, ҳуқуқий масалалар ечими (фатво), замоннинг динга қарши юришини бартараф қилувчи руҳий тарбия тақдим этди. Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний Мавлоно Таҳонавий соҳибнинг шижоати ва қўлга киритган диний ютуқлари ҳақида шундай дейди: “Илм борасида ўтган асрларда унга тенги бўлган эмас” (“Ҳаким аль-умма ке сияси афкар”, 22).

Туғилишлари ва олган тарбиялари

Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий рабиъул-аввал ойининг 5-санасида, ҳижрий 1280 йилда (Қамарий 1863 йил 19 август) Ҳиндистоннинг Музаффарнагар вилоятига қарашли Таҳона Баҳун қишлоғида таваллуд топдилар. Ашраф Али номини эса, ўша даврнинг машҳур олими Ғулом Муртазо Пани Пати, она тарафларидан бўлган қариндошлари берган.  

Олимнинг оиласи ниҳоятда қадрланар ва Таҳона Баҳун қишлоғида катта мартабада эди. Унинг отаси Абдулҳаққ бой ер эгаси, тақводор мусулмон ва ҳурматга сазовор Таҳона Баҳун  фуқороларидан эди. Абдулҳаққ форсий тилни яхши билар, Қуръонни тўлиқ ҳофизи бўлмаса-да, тиловатига жуда моҳир эди. Ашраф Али Таҳонавийнинг аждодий илдизи иккинчи ҳалифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга  тўғри келар, унинг ўткир тафаккури, тақвоси, самимияти яққол унда кўзга ташланарди.

Болалик чоғларида ҳам ибодатга маҳкам, 12 ёшидан эса тунги қиёмул-лайлни тарк этмас эди. Мавлоно Таҳонавий бошланғич араб ва форс тилларини тоғалари Важид Али ва Мавлоно Фатҳ Муҳаммад томонларидан ўзлаштирди. Ва шу билан бирга ёшлик чоғларида Мерутлик ҳофиз Ҳусайн Али томонидан Қуръон каримни ёд олдилар.

Шаръиат илмларини Дорулулум Девбандда ўзлаштиришлари

Девбанд уламоларининг ақийдалари Ашъарий ва Мотуридий асосида, фуруъотда эса Ҳанафий мазҳабида эканликларини бутун дунё мусулмонлари эътироф этадилар.

Ҳижрий  1295 йилда Мавлоно Таҳонавий Дорулулум Девбанд мадрасасига ўқишга кирдилар ва ўша даврнинг кўзга кўринган Исломнинг фақиҳ олимларидан дарс олиб, ҳижрий 1301 йилда уни муваффақиятли тамомладилар. Устозларидан Муҳаммад Қосим Нанутвий, Рашид Аҳмад Гангоҳий, Муҳаммад Ёқуб Нанутвий ва шайхул Ҳинд Маҳмуд Ҳасан Девбандийлардан дарс олганлар. Мавлоно Таҳонавий Девбандда 6 йил истиқомат қилиб, тақволи, Ҳожи Имдодуллоҳ Муҳожир Маккийнинг шогирдларидан бўлган олимларнинг илмини ва тарбияларини олдилар.

Дорулулум Девбанддаги руҳий озуқага бой бўлган муҳит, етук устозлар ва мавлоно Таҳонавийнинг табиий фаҳми ҳамда тақвоси унинг илмий ва амалий билимларини янада зиёда бўлишини таъминлади. Адабиёт йўналишидаги илк қадамлари ҳам Дорулулум Девбандда, уларнинг 18 ёшларида форсий тилда ёзган “Маснавий зер о бам”лари билан бошланди. У жуда кўп сўз бойлигига эга бўлиб, араб, форс ва урду тилларида камол топдилар.

Устозлар устози

Мавлоно Таҳонавийга Дорулулум Девбанд асосчиси Қосим Нанутвий қўлида ўқиш бахти камдан-кам насиб этарди. Чунки у кишининг мадрасага кирган вақти олимнинг охирги ҳаёт йиллари эди. Шундай бўлса ҳам, мавлоно Таҳонавий имкон бўлганида Қосим Нанутвийнинг “Тафсирул-Жалолайн” (Жалолиддин Маҳаллий ва унинг шогирди Жалолиддин Суютийнинг Қуръонга ёзган маъновий тафсири) дарсида иштирок этар эди. Рашид Аҳмад Гангоҳий ва Муҳаммад Ёқуб Нонутвийлар ҳам мавлоно Таҳонавининг камолотига қаттиқ эътибор берар эдилар.

Мавлоно Таҳонавий айтадилар: “Мен учун Гангоҳий ҳамма устозларимдан ҳам яқинроқ, лекин Ҳожи Имдодуллоҳ Муҳожир Маккий бундан мустасно эдилар. Мен ҳаётий вақтим давомида Рашид Аҳмад Гангоҳий каби ички ва ташқи гўзаллик ва комиллик соҳибини учратган эмасман” (“Алви”, 51). Гангоҳий мавлоно Таҳонавий ҳаётида катта руҳий тарбиячи сифатида унга ўз меҳрини улаша олди. Мавлоно Таҳонавий ташриф буюрганларида Гангоҳий айтардилар: “Сенинг ташрифинг мени жонлантиради” (“Алви”, 52). Бир куни мавлоно Таҳонавий дарс ўтиб бериш учун Гангоҳийни йўқлади. Гангоҳий барча ўқувчиларини ана шу дарсга юбориб, шундай деди: “Бу ерда нима қиляпсиз? Зудлик билан ҳаққоний олимни олдига бориб дарсини тингланглар”. Шу билан бирга Гангоҳий ўз шогирдларини Таҳона Баҳунга, Ашраф Али Таҳонавий эгаллаган чуқур билимларни ўрганиш учун юборар эди.

Мавлоно Таҳонавий тақводор сўфий Муҳаммад Ёқуб Нанутвийнинг ҳам мухлисларидан эди. Мавлоно Таҳонавий Муҳаммад Ёқуб Нанутвийнинг дарсларини қуйидагича таъриф этади: “Унинг дарслари оддий дарслардан кескин фарқланарди, унинг дарслари кенгаш даражасида, бутун диққат Аллоҳга қаратилган бўларди. Қуръоннинг тафсирини ўргатувчи дарсларида эса кўзлари қаттиқ намланарди” (“Алви”, 51).

 

Авазбек МЎМИНОВ

Манба: Fiqh.uz

 

858 марта ўқилди

Мақолалар

Top