Мақолалар

 “Албатта, мен Раббим ва Раббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Раббим тўғри йўлдадир” (Ҳуд сураси 56-оят).

Ҳуд алайҳиссалом қавмини кўп маротаба ҳақ йўлга чақирса-да, юз ўгиравердилар.  Ушбу ояти карима у зот алайҳиссалом айтган сўзларидан бир парчадир. Мушриклар Набийларига имон келтириш ўрнига: “Сени олиҳаларимиз ёмонлик билан урибди” дейишди ва  даъватидан тўхтатишга уринишди. Ҳуд алайҳиссалом: “Бас, ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар. Албатта, мен Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим” (Ҳуд сураси, 55–56-оятлар), деб уларга қарши турди.

Абу Жаъфар бундай дейди: «Оятнинг маъноси қуйидагича: “Менга ёмонлигингиз тегмаслиги учун ўзим ва сизнинг Раббингиз, Подшоҳингиз, барча махлуқотларни кузатиб турувчи Аллоҳга таваккул қилдим. Чунки ер юзида ҳар бир ўрмалайдиган жонзотнинг хожаси Аллоҳдир. Барча Унга  бўйсунувчи ва муҳтож”. Шунинг учун: “Албатта, мен Раббим ва Раббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим”. Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккал қилинадиган зот йўқ.

“Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир”. Яъни: “Парвардигорнинг рухсатисиз ҳеч бир жонзот ҳаракат ҳам қилолмайди, ҳаракатдан ҳам тўхтолмайди. Аллоҳ истаса вафот эттиради, истаса ҳаёт беради. Шундай экан, барчангиз менга нисбатан бирон ёмонликни режалаштирсангиз ҳам уни амалга оширолмайсиз. Агар Аллоҳ насиб этса, изн берсагина қодир бўлишингиз мумкин. Бу иш эса Парвордигор ҳузуридан ҳикмат билан амалга ошади. Шу боис мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳрли Аллоҳдан қўрқаман ва Унгагина суянаман”.

Оятдаги “Дааббатун” сўзи ҳар қандай ўрмаловчи, яъни ҳаракатланувчи жонзотга нисбатан ишлатилади. “Пешонаси” деб таржима қилган сўзим пешонанинг тепасидаги сочга ишорадир.

 “Нима учун Аллоҳ таоло “пешонаси Унинг чангалидадир”, деб  бошқа аъзоларни эмас айнан пешона ёки пешона сочни айтмоқда?”деган ҳақли савол туғилади. Бунга жавоб бериш учун айрим мисолларни келтириб ўтамиз:

Араблар ушбу иборани ҳор бўлиш ва бўйсуниш маъноларида қўллайди. Масалан: “Фалончининг пешона сочи фалончининг қўлида”, деб: “Фалончи фалончига мутеъ, уни хоҳлаганча ишлатади”, дейишни назарда тутишади.

Яна ўша даврларда одамлар кимнидир асир олишса, кейин озод қилишни истаганларида пешона сочини қирқиб олишарди. Пайти келиб миннат қилиш, имкони бўлганида ҳамманинг олдида мақтаниш учун бу ишни қилишарди. Демак, Парвардигор уларга ўзлари тушунадиган тилда хитоб  қилди.

Ҳаким Термизий “Наводирул усул” китобида айтади: «Аллоҳ таолонинг: “Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир”, ояти бизнингча шундай тафсир қилинади: “Парвардигор бандалари амалларини белгилаб, ўлчаб қўйди. Сўнгра амалларига назар ташлади. Ундан сўнг халқини яратди.

Аллоҳ таоло бандаларни яратишидан олдин амалларига назар ташлаган эди. Яратганидан кейин ушбу назари нурини пешоналарига қўйди. Ана ўша нур пешоналаридан тутиб туради ва ўзларига тақдир қилинган амаллари томон йўллайди. Парвардигор бандалари тақдирларини осмонлару ерни яратишдан эллик минг йил аввал битди”». 

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Аллоҳ таоло бандалари тақдирини осмонлару ерни яратишдан эллик минг йил аввал яратган”, деганларини эшитганман».

Шу сабаб ҳам пайғамбарлар алайҳимуссалом кучли бўлишган ва “Улул азм” (Азму матонат соҳиблари)га айланганлар. Чунки улар пешонадаги нурнинг ҳикматини тушиниб етишганди. Барча халойиқнинг ушбу нур кетидан кетаётганига ишончлари комил эди. Бу нарсани кўпроқ англаган кишининг матонати ҳам шунчалик кучли бўлган. Шу сабаб ҳам Ҳуд алайҳиссалом аввалги оятда: “Бас ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилаверинглар, менга муҳлат берманглар. Албатта, мен Раббим ва Раббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккал қилдим” (Ҳуд сураси, 55–56-оят), деб матонат билан айта олди. Буюк Раббисига таваккул қилди.

Валид ибн Муслим Сафвон ибн Амрдан, у киши Айфаъ ибн Абдул Килоъийлдан ушбу оят тафсири ҳақида шундай келтиради: “Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир”. Аллоҳ таоло мўъминни ҳам кофирни ҳам пешона сочидан тутади.  Мўминни пешона сочидан тутганида, уни ота ўз фарзандига кўрсатадиган шафқатдан ҳам ортиқ шафқат билан қўяди. Кофир пешона сочидан тутилиб, унга мана бундай дейилади: “Эй инсон! Нима сени Карамли роббинг ҳақида ғурурга кетказди” (Инфитор сураси, 6-оят).

“Албатта, Роббим тўғри йўлдадир”. Раббим мени юборган ва мен чақираётган йўл ҳақдир. “Раббим тўғри йўлдадир” оятининг маъноси бундай ҳам бўлиши мумкин: Аллоҳ таолонинг ишлари ғоятда мустаҳкам, Унинг сўзи ҳақ, ваъдаси ҳақ. Парвардигорга боғланган барча ишларда мустақимлик, тўғрилик бор.

Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқ. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда.

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар устидан ғолиб, тизгинлари Унинг чангалида бўлса-да, бандаларга зулм қилмайди. Уларга фақат яхшилик ва адолат қилади. Яхшиликнинг мукофотини беради, ёмонликни авф этади ёки ўзига яраша жазо тайинлайди.

 

“Қуртубий”, “Табарий”, “Ибн Касир”, “Вайзовий”, “Фатҳул Қодийр”,

“Азвоул баён фий ийзоҳил Қуръан бил Қуръан” асарлари асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Сурайё ИБРОҲИМОВА тайёрлади.

 

1078 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Никоҳ ҳам ибодат "Ҳаж-2023" таасуротлари »

Мақолалар

Top