Мақолалар

Сурма қўйиш ҳақида

Ҳадис шарҳи

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Албатта, сурмаларингизнинг яхшиси исмиддир. Кўзни равшан қилиб, киприкларни ўстиради” (Сунан эгалари ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

Абдуллоҳ Ибн Умардан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингизга исмидни лозим тутинг. Зеро, у кўзни равшан қилади ва киприкларни ўстиради”, деб марҳамат қилдилар. Жобир ибн Абдуллоҳнинг ривоятида “Ухлаш олдидан...”, деган зиёдаси бор (Иккисини Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким сурма қўйса, тоқ қўйсин. Ким шундай қилса, яхши қилган бўлади, ким қилмаса, ҳараж йўқ”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурмани тоқ қўярдилар” (Имом Баззор ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Исмид билан сурма қўйинглар. Албатта, у кўзни равшан қилади ва киприкларни ўстиради”, дедилар.

У айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сурмадонлари бўлиб, ундан ҳар кеча буниси (ўнг кўзлари)га учта, буниси (чап кўзлари)га учта сурма қўярдилар”» (Имом Термизий ривояти).

Исмид сурманинг энг яхши наъви бўлиб, ранги қизилликка мойил бир тошдир. Ҳижоз ўлкаларида бўлади. Унинг энг сифатлиси Асбаҳондан келтирилади. Сурма кўзни муҳофаза қилади, кўздаги хираликни аритиб, чиркинларни чиқариб ташлайди, қувватлантиради, кўриш қобилиятини оширади, киприкларни ўстиради. Бу хусусият, айниқса, исмидда кўпроқ бўлиб, кекса ёшдаги кишилар учун фойдалироқдир.

Юқоридаги ҳадислардан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсий гигенага аъло даражада эътибор қилганларини кўришимиз мумкин. У зот муборак кўзларининг парвариши учун сурмадан фойдаланганлар. Унинг фойдалари ҳақида айтиб, умматларига ҳам тавсия қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурма қўйишларини диққат билан ўрганадиган бўлсак, у зот сурмани кечаси, ухлашдан олдин қўйганлари ва уни ўнг кўзларига учта, чап кўзларига учта (ёки ўнг кўзларига иккита, чап кўзларига иккита ва яна биттани икки кўзларига ёки ўнг кўзларига учта, чап кўзларига иккита) қилиб тоқ қўйганлари маълум бўлади. Умматларига ҳам уни кечаси қўйишни ва тоқ қилишни буюрганлар.

Сурманинг кечаси қўйилишида фойдалар кўп. Кўзлар юмилган ҳолда сурмадан узоқ вақт – тонггача озиқланади ва сурмадан кўзланган мақсад юзага чиқади. Кундузи эса бундай натижага эришиб бўлмайди.

Ҳанбалийлар, баъзи шофеъийлар ва аҳли ҳадислар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам феълларининг зоҳирига эътиборан эркаклар учун сурма қўйиш (зарурат бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар) мустаҳаб деган йўлни тутганлар.

Ҳанафийлар эса, модомики, у билан зийнат кўзланмас экан, эркакларнинг ҳам сурма қўйиши жоиз, дейдилар. Ҳанафийларнинг баъзилари ман қилинган ҳолатдан такаббурлик учун зийнатланиш назарда тутилган, жамол ва виқор учун зийнатланиш эмас, деб изоҳлашган.

Имом Моликдан ҳам икки қавл бўлиб, бирида жоиз деган бўлса, иккинчисида аёлларга ўхшаб қолиши эътиборидан макруҳ деган.

Демак, эркаклар учун сурмадан даъво сифатида, кўзнинг парвариши учун фойдаланиш билиттифоқ жоиз. Зийнат учун бўлса, ҳанафийлар ва моликийлар наздида макруҳдир.

Агар собит бўлган ҳадислар тааммул қилиб кўрилса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурмани зийнат учун эмас, балки кўз ва киприклар парвариши учун қўйганлари аён бўлади. Сурмани кечаси, ухлашдан олдин қўйганлари ҳам бу ишнинг зийнат учун бўлмаганини таъкидлайди.

Қолаверса, уни зийнат учун қўйиш кераклиги борасида фиқҳ жиҳатидан буйруқ собит бўлмаган. Шунинг учун у одатий ишлардан деб эътибор қилинади. У замон, макон ва аҳволларнинг ўзгаришига қараб ҳукми ўзгариб турадиган ташаббуҳ (эркакнинг аёлга ўхшаб қолиши ва аксинча) қоидасига ҳам алоқадордир. Шунга кўра, сурма қўйишнинг ҳукми аслида мубоҳ экани келиб чиқади.

Сурмадан зийнатланиш мақсадида фойдаланиш фақат аёллар учун мустаҳабдир. Чунки улар эрларига чиройли суратда кўринишлари лозим. Аммо эридан бошқаси учун зийнатланиши жоиз эмас.

Эркакларнинг сурмадан зийнат мақсадида фойдаланишлари эса, агар ўша жамиятда бу иш одат тарзига айланган бўлса, у ҳолда зарари йўқ. Қадимда араблар чўлнинг жазирама иссиғида кўзнинг хиралашиб, шикастланмаслиги учун сурмадан фойдаланишган ва уни кундузи ҳам қўйиб юришган. Шу боис уларда эркакларнинг ҳам сурмадан фойдаланишлари оддий ҳол бўлган. Аммо бошқа халқларда, масалан, бизнинг минтақаларда бу ҳолат ўзини аёлларга ўхшатиш қабилидаги хатти-ҳаракат деб баҳоланади.

“Фатавои ҳиндийя”да: “Машойихлар иттифоқига кўра, эркакларнинг исмид (сурмаси)дан фойдаланишларида зарар йўқ. Зийнат учун қора сурма қўйиш билиттифоқ макруҳдир”, дейилган.

Эркакларнинг сурмадан зийнат учун фойдаланишлари суннат эмаслигига Имом Молик раҳимаҳуллоҳ замонларида мадиналиклар ўртасида бу иш жорий бўлмагани ҳам далолат қилади. У зот айтади: “Эркакларнинг кечаси ҳам, кундузи ҳам сурма қўйишларини кариҳ (ёмон) кўраман. Фақат унга эҳтиёжи борларгина бундан мустасно. Зеро, заруратсиз сурма қўйганларни кўрмадим” (“Ал-фажрус сатиъ”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини салафи солиҳларнинг манҳажлари билан тушуниш мана шундай бўлади. Зотан, саҳобалар ва тобеинларнинг суннатларга ва уларни ривоят қилишга ҳарис бўлишларига қарамай, саодат асрининг ўзидаёқ мазкур ишнинг тарк қилиниши эркакларнинг сурма билан зийнатланишлари мустаҳаб эмаслигига далил бўлади.

Эркаклар учун сурма қўйиш тартиби: кечаси ухлашдан олдин қўйиб, эрталаб ювиб ташланади.

Таъкидлаш лозимки, сурма саломат кўзлар учун фойдали бўлади, яъни унинг саломатлигини сақлаб туриш учун хизмат қилади. Касали бор кўзлар учун сурма зарар бўлиши мумкин. Шифокор билан билан маслаҳатлашиш керак.

 

Манбалар асосида

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ

тайёрлади

 

1840 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Имтиҳоннинг зўри Қазои қадарга имон »

Мақолалар

Top