Мақолалар

Аллоҳнинг Ўзи замондир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз зинҳор «Замон ўлсин» («ундан кўнглим қолди»), демасин. Чунки Аллоҳнинг Ўзи замондир», дедилар.

Шарҳ: Бунинг маъноси шуки, замонда бўлаётган ҳамма иш Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунинг учун замондан шикоят қилиш мумкин эмас.

Одатда, одамларга бирон зиён етса, «Қандай замонга қолдик ўзи?» дея замонни сўкишга ва ундан шикоят қилишга ўтадилар. Аслида замонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг, ўзгаришларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади. Шунинг учун, замонни сўкиш, ундан норози бўлиш. Аллоҳ азза ва жалланинг иродасига қарши чиқиш, Унга куфр келтириш билан тенгдир. Аслида, замоннинг ўзгариб туриши Аллоҳ таолонинг синовидир. Бас, мўмин-мусулмон киши ҳар қандай замонда ҳам иймонни пок сақлашга жидду жаҳд қилмоғи керак.

Кўпинча инсоннинг бошига етган мусибатга ўзи сабабчи бўлади. Баъзида ғафтада қолади. Гоҳида керакли чора-тадбирларни кўрмайди. Қилиниши керак бўлган ишларни ортга суради. Қилинмаслиги лозим бўлган ишни ҳаддан зиёд ошиқчаси билан қилади ва ҳоказо. Бундай пайтда замондан шикоят қилиш ўз айбини замонга тўнкашдан бошқа иш бўлмай қолади. Мана бу ҳолат эса айни адашишнинг боши ва манбаидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз «Замон ўлсин» демасин. Чунки, Аллоҳ азза ва жалла: «Мен замонман. Тунни ҳам, кунни ҳам келтираман. Қачон хоҳласам, икковини ҳам олиб қам қўяман», деган. Яна узумни зинҳор «карм» демасин. Чунки карм мусулмон одамдир», дедилар».

 Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ўзидан олдингисини такидлаб ва тўлдириб келмоқда. Бунда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўзининг замон эканини айтмоқда.

«Яна, узумни зинҳор «Ал-карм» демасин. Чунки «Ал-карм» лафзи мусулмон, деган маънони англатади» дейишади, баъзида уни «карм» (кўпроқ «курм») сўзи билан ҳам атайдилар. «Карм» «Карам»дан олинган бўлиб, бу сифатга мўмин киши сазовордир. Узум сазовор эмас.

Фойда: бу ҳадис узумни «Ал-карму», деб айтишдан қайтармоқда. Сабаби жоҳилият даврида узум мевасидан маст қилувчи шаробни тайёрловчилар уни шундай айтишар эди. Ҳозир ҳам баъзилар шундай дейишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай аташдан қайтармоқда.

Дарҳақиқат, бугунги кунда айрим кишилар ўзи билмаган ҳолда Аллоҳ қайтарган сўзларни айтиб қўйиб гуноҳкор бўлиб қолганини билмай қолмоқда.

Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир сўзни ўйлаб гапирса, кейин афсус ва надомат чекишига ҳожат қолмайди. Яратган Раббимиз тўғри йўлдан адашиб қолишимиздан асрасин. Омин!

 

Одилжон РАСУЛОВ,

Марҳамат туманидаги 22-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

 

5891 марта ўқилди

Мақолалар

Top