Мақолалар

Ҳар ерни қилма орзу...

Бугун минглаб юртдошларимиз оиласини боқиш ва яхши яшаш учун Россия, Корея, Америкаю Европада меҳнат қилмоқда. Омади келиб тўкин-сочин яшаётганлар, иш тополмай саргордон юрганлар ё ўзи ялло қилиб, оиласидан хабар олмаётганлар ҳам топилади.  

Айниқса, охирги пайтда Америка қўшма штатларига кетиш “тренд”га чиқди. Бу йўлда кимдир “Гренд кард” ёки шу каби қонуний виза олиб кетаётган бўлса, айланма йўллар орқали ноқонуний боришга уринаётганлар ҳам бор. “Сеҳрли диёрга” айланма йўлдан олиб бориш хизмати 20-60 минг доллар. Бу пулни топиш учун уйини ёки борини сотиб кетаётганлар анча. Бунинг ортидан чув тушаётганлар, манзилга етолмай ярим йўлдан ортга қайтаётганлар ёки бошқа юртларда сарсон бўлаётганлар ҳам кам эмас.

АҚШга минг азобда етиб борганларни ҳам ҳеч ким қучоқ очиб кутиб олмайди. Нари борса, ҳайдовчилигу, бирор оддий хизматчи бўлар. Буларнинг барчаси минг машаққатларга, ҳаётини хавфга қўйишга арзийдими?!

Мўмин киши бирор иш қилишидан олдин ақл тарозисига тортиб, динимиз кўрсатмаларига тўғри келиш-келмаслиги, ишининг паст баландини таҳлил қилиб, шунга кўра иш тутади. Керакли ўринда таваккал қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарса учун қурол-аслаҳа бор, ақл мўминнинг қуролидир.   Ҳар бир нарса учун улов бор, ақл кишининг уловидир. Ҳар бир нарса учун асос бор, диннинг асоси ақлдир. Ҳар бир қавмнинг шиори бор, бандаларнинг шиори ақлдир. Ҳар бир савдогарнинг сармояси бор,  ғайратли савдогарнинг сармояси ақлдир. Ҳар бир уй аҳли учун қўриқловчи бор, сиддиқлар хонадонининг қўриқчиси ақлдир. Ҳар бир харобани обод қилгувчиси бор, охиратни обод қилгувчиси ақлдир. Ҳар бир кишининг унга нисбат бериладиган зурриёди бўлади ва ўша зурриёди билан эсланади. Сиддиқларга нисбат бериладиган ва улар эсланадиган   зурриёд ақлдир. Ҳар бир мусофир учун бошпана бор, ақл мўминнинг бошпанасидир”, деганлар.   

Аллоҳ таоло инсон зотини мана шу ақл туфайли мукаррам этиб, уни барча жонзотлардан афзал қилди. Уни ишлатиш, ҳар бир ишда тадаббур, мулоҳаза қилиш мўминга хос ҳислат.

Юқоридаги каби охирини ўйламай иш қилаётган, ўзини ҳам яқинларини ҳам қийин аҳволга солиб, хорижга отланаётганлар ҳақида бу гапни айтиш қийин. Айниқса, неча йиллаб хорижда юриб, оиласидан хабар олмайдиган, аросатга солиб қўйганларни нима дейиш мумкин?!

      Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз)  билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара сураси 195-оят), дея марҳамат қилган. Аммо орамизда бу амрнинг тескарисини қилаётган, тақдирига енгил қараётганлар кўпгандек.

Ҳар бир эр-йигит учун оиласини боқиш, меҳнат қилиш фарздир. Бу йўлда четда ишлаши ҳам мумкин. Бунга Қуръони каримнинг: “У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг!” (Мулк сураси, 15-оят) далил.

Аммо уламоларимиз хорижда ишлашнинг ҳукми ҳақида, ўз мамлакатида энг зарурий тирикчилик воситаларига эга бўлолмаса, муҳтожликка кириб қолса, бошқа жойга ишлаш учун бориши жоиз деганлар. Бу узрли деб қаралади. Бунинг учун оиласи азият чекмаслиги зарур. Уларнинг таъминотини бир дам тўхтатмаслиги ёки ўзга муҳтож қилмаслиги керак. Чунки эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва  ссаллам: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” (Имом Абу Довуд ривояти), дея марҳамат қилганлар.

Аммо ўз юртида тирикчилиги бўла туриб, ўзга юртларга мол дунёни кўпайтираман деб, роҳат-фароғат мақсадида кетса, бу ишда кароҳият бор дейилган. Афсуски, бугун молу дунё умидида кетаётганлар кўп. Чунки  иши юришмаган ёки топиш-тутиши бироз камроқ киши борки, қаноат қилиш ўрнига четга кетиш пайида. Хорижда гўё ҳамма нарса муҳайёдек.

Бир танишимизнинг ўғли тайёр ишини ташлаб Россияга кетди. Ҳар йили бир ишлаб келиб камини ямайди. Уй қуради, тўй қилади шу билан эрта баҳорда яна Россияга отланади. Ҳеч ками битмайди. Буёғига болалари катта бўляпти... 

Шуниси аниқки, ҳар бир йигит ёшлигидан касб-ҳунар ўрганса, илм олса, ҳеч бўлмаса чет тилини ўрганса,  ҳеч қаерда хор бўлмайди. Хоҳ четда, хоҳ ўзимизда бўлсин ишини топиб кетаверади.

Асосийси, ризқ Аллоҳдан эканига имон келтириб, ҳалол ризқ пайида бўлса, буни Аллоҳдан астойдил сўраб, ҳаракат қилса, Аллоҳ мўл ризқ беради, иншоаллоҳ. Қуръони каримда: “...Бас (шундай экан), сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар ва Унга шукр қилинглар!” (Анкабут сураси 17-оят), дея марҳамат қилинган.

 Бобур МУҲАММАДИЕВ

979 марта ўқилди

Мақолалар

Top