Қуръони карим нозил бўлган даврда арабларнинг сўз усталари, шоир ва қасидаҳонлари эътиборли шахс ҳисобланишган. Улар доимо шеър, вазхонликдан мусобақа ўтказар, ғолибнинг шеърлари Каъба деворига осиб қўйиларди.
Қуръони карим араб тилида юксак балоғат ва фасоҳат билан нозил бўлди. Шунга қарамай, кўп араблар унинг илоҳий калом эканига шубҳа қилишди. Аллоҳ таоло мушриклар шубҳаларини бартараф этиш учун уларга бирор сура ёки оят келтиришни таклиф қилди: “Агар ростгўй бўлсангиз, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва бу (ишга) Аллоҳдан бошқа, кучингиз етганича, кимни хоҳласангиз, чақиринг” (Юнус сураси, 38-ояти).
Макка мушриклари Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни одамларга етказишга тўсқинлик қилишди. Бу ҳақида Қуръони каримда: «Куфр келтирганлар: “Бу Қуръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринг, шоядки ғолиб бўлсангиз”, дедилар» (Фуссилот сураси, 26-оят). Сўнгра Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга “Муқаттаот ҳарфлар” билан бошланган сураларни нозил қилди. Бу ҳарф ва ҳарф бирикмалари мушрикларнинг эътиборини тортди ва улар Қуръонни тинглашни бошлади.
Қуръон каримнинг 114 тадан 29 сураси الم, ص, حم, المص, كهيعص каби муқаттаот ҳарфлари билан бошланади. Улар алифбодаги ҳарфларнинг номи билан айтилади.
“Муқаттаот” яъни “узилган” маънонисини беради. Бунда ҳарфлар бирикиб, сўзга айланса-да, маъно ифода этмайди. Уламолар уларни “Ҳуруф ал-фаватиҳ”, “Аваъил ас-сувар” ва “Фаватиҳ ас-сувар” деб аташган. Ғарб олимлари “Сирли ҳарфлар” деб номлаганлар. Истеъмолда кўпроқ “Фаватиҳ ас-сувар” ва “Аваъил ас-сувар” номлари билан қўлланилади.
Уламолар муқаттаот ҳарфлари алоҳида оят ёки йўқ экани борасида турли фикрлар бор. Куфа мактаби вакиллари: “Улардан баъзилари алоҳида оятларни ташкил қилади”, деса, Басра мактаби вакиллари алоҳида оят эмаслигини айтади. Саҳоба ва салафлар: “Муқаттаот ҳарфларининг маънолари Аллоҳга маълум ва уларнинг хақиқий маъноларини тушуниш мумкин эмас”, дейдилар.
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Муфассирлар сураларнинг аввалидаги “муқаттаот” ҳарфларнинг тафсири борасида ихтилоф қилишди. Бунинг асосий сабаби, улар ҳақида на Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ва на саҳобалардан бирорта ривоят йўқ эканидир. Бир гуруҳ муфассирлар: “Бу ҳарфларнинг маъноси Аллоҳга аён”, деб тафсир қилишмаган (“Фазоилул-Қуръон”).
Муқаттаот ҳарфлари билан бошланган барча суралар Маккада нозил бўлган. Бақара ва Оли Имрон суралари бундан мустасно.
Айрим муфассирлар муқаттаот ҳарфларини турлича тафсир қилишган. Баъзилар: “Улар сураларнинг исми”, деса, айримлар: “Ҳар бири Аллоҳнинг исм ва сифатларидан бирига далолат қилади. Масалан, Бақара сураси аввалида келган الم калимасидаги “алиф” Аллоҳ, “лам” Латиф, “мим” Мажид исмини билдиради (“Мухтасору тафсири Ибн Касир”). Баъзилар: «الم калимасидаги “алиф”дан мурод “Аллоҳ”, “лам”дан мурод “Жаброил”, “мим”дан “Муҳаммад” алайҳиссалом ирода қилинган”, дейди» (“Бахрул улум”). Чунки оят давомида: “Бу китобда, унда шак-шубҳа йўқ” (Бақара сураси, 12-оят) деб баён қилинмоқда. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Бу Аллоҳнинг исми аъзамидир”, деган (“Мадорикут танзил ва ҳақоиқур таъвил”). Баъзи муфассирлар: “Суралар бошидаги бу ҳарфлар башарни ожиз қолдириш мақсадида келтирилган. Инсонлар сўзлашадиган ҳарфлардан ташкил топган бўлса-да, одамзод уларга ўхшаш бирор-бир нарса келтиришга ожиздир”, дейишган.
Қуръон каримда ҳам, ҳадисларда ҳам бу ҳарфларнинг маъноси ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаса-да, ҳар бирини ўқишда ўзгача савоб борлиги уқтирилади. Имом Термизий "Сунан" асарида Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Ким Аллоҳнинг китобидан бир ҳарф ўқиса, унга битта яхшилик ёзилиб, у ўн баробарига кўпайтирилади. Мен “алиф, лом, мим”ни битта ҳарф демайман. Балки, “алиф” бир харф, “лом” бир харф ва “мим” бир ҳарфдир».
Аксар уламоларнинг фикрига кўра муқаттаот ҳарфларда илоҳий сир бор. Уларнинг маъносини ҳар қандай талқин қилиш, шунчаки тахмин қилиш мумкин эмас. Халифа Абу Бакрнинг сўзлари фикримиз тасдиғидир: “Ҳар бир илоҳий оятда ўзига хос сир бор ва Қуръони каримнинг сири баъзи сураларнинг бошидаги ҳарфларда”.
Баъзи уламолар муқаттаот ҳарфларининг маъноларини тушунтиришга уринади. Уларнинг фикрича, агар бу ҳарф бирикмалари аниқ маънога эга бўлмаганида, улар керак бўлмасди ва уларни Аллоҳ нозил қилмаган бўларди. “Фатху ал-Баён лил-қанужий” тафсирида бу ҳарфларга абжад (Абжад ҳисоби — араб алифбосидаги харфлар воситаси билан ифодаланган сонлар асосидаги хисоб.) хисоби бўйича маъно берилган. Масалан: “Алиф”дан 1-ни, “Лом”дан 30-ни, “Мим”дан 40-рақамини ирода қилинади. Шунда маъно: “Аллоҳ таоло 30 пора Қуръони каримни Муҳаммад алайҳиссалом 40 ёшга етганларида нозил қилди”, деб таъвил қилганлар. Зайд ибн Аслам: “Ҳарфлар сураларни исми” деса, Калбий: “Қасам ҳарфлари. Аллоҳ таоло уларнинг фазли ва шарафи билан қасам ичади”, деди.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Қуръони каримни илмий жиҳатидан ўрганишга кенг йўл очилди. Муфассирлар ёзиб қолдирган асарлар маънавий-маърифий ҳаётимизда ўзига хос ўринга эгалиги муносиб даражада қайд этилмоқда. Бундай шароитда муқаддас Қуръони каримни тўғри тушуниш ҳамда тафсир этишга оид асарларни изчил тадқиқ этиш, илмий истифодага киритиш муҳим вазифалардан биридир.
Адурасул АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти