Мақолалар

Воқелик фиқҳи

 

Шариат илмлари, хусусан, Ислом фиқҳи билан шуғулланувчи ҳар бир киши воқелик фиқҳини яхши билиши лозим. Воқелик фиқҳи шариат ҳукмларини яхши англаганидан сўнг уни тўғри татбиқ этиш учун муҳим  дастак ҳисобланади. Воқелик фиқҳи ҳам алоҳида мавзу бўлиб, тадқиқотни талаб қилади. Шунинг учун бу китобимизда мавзуга доир қисми билан танишамиз, холос.

  Ҳанафийлар шайхи, аллома Қозихон[1] раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фатавои Қозихон” китобида (1/209) “Таровиҳдаги қироатнинг миқдори” ҳақида гапирганидан сўнг бундай дейди:

  Баъзи машойихлардан ривоят қилинади:

  “Замона аҳлини билмайдиган киши жоҳилдир”.

  Абу Саъид Ходимий Ҳанафий “Бариқа”да (3/126):        “Воиз ва фатво берувчилар халқнинг ҳолини билишлари, уларнинг қабул қилиш ва инкор этишлари, интилишу  дангасалик ва шунга ўхшаш нарсалардаги одатларини билишлари лозим” [2].

  Айтилганидек, ҳар бир жойнинг ўз сўзи ва ҳар соҳанинг ўз одами бор. Ўз замонасидаги халқнинг урф-одатини билмаган киши жоҳилдир. Чунки Зайлаъий раҳматуллоҳи алайҳдан тушунилганидек, ҳукмлар замон ва шахсларнинг ўзгариши билан ўзгаради.

  Замонамизнинг таниқли катта олимларидан бири шайх Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ “Фиқҳул воқеъ”га алоҳида урғу беради ва бу борада доим Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳнинг “Раддул муҳтор” асари (5/359) “Қозилик китоби”да келган қуйидаги нақлни келтиради:

“Замонанинг ҳолатини билмаган киши жоҳилдир”.

  Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, илмли кишилар, аввало, ўзлари ҳолатни тўғри баҳолаб, уни тўғри таҳлил қила олишлари ва шундан келиб чиққан ҳолда мулоҳаза юритишлари лозим. Уларни баён қилишда эса унинг олтин қоидаларига амал қилиш даркор. Сўзлашнинг олтин қоидалари жой, ҳолат ва миқдорни ҳисобга олиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, қаерда, қандай ва қанча гапиришни билиш лозим. Мана шу қоидалар бузилган тақдирда кўпинча турли ноқулайлик ва келишмовчиликлар келиб чиқади. Бу эса фитнага сабаб бўлади.

 

Гуноҳни тарк қилиш муҳимроқдир

Фасодни кетказиш фойдани жалб қилишдан олдин туради. Фиқҳда бу қоидага жуда катта боб ажратилиб, бир қанча ҳукмларга асос бўлади. 

 “Фасодни кетказиш фойдани жалб қилишдан устундир”.

Бу қоидага кўра, бир жойда фасод билан фойда  тўқнаш келса, дастлаб, ишни фасодни кетказишдан бошлаш керак.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларга бир нарсани буюрсам, уни олинглар. Сизларни бир нарсадан қайтарсам, ундан четда бўлинглар”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривоят қилган).

  Бошқа ривоятда эса: “Сизларга бир нарсани буюрсам, қудратингиз етганича қилинглар”, дейилган.

  Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадиси шарифда: “Сизларни бир нарсадан қайтарсам, қўлингиздан келганича, қурбингиз етганича, имкониятингиздан келиб чиқиб ундан қайтинглар”, демадилар, балки “қайтинглар”, дея мутлақ айтдилар. Гуноҳдан қайтиш тоқатга боғланмади. Шундан маълум бўладики, инсон фасодни дарҳол кетказиши ва ундан зудлик билан қайтиши лозим. Шу ўринда зарарни кетказиш фойдани жалб қилишдан устун қўйилади. Зарар кетказиб олинса, фойда ўз-ўзидан жалб қилинган бўлади. Ҳатто бу фиқҳий қоида халқимизнинг кундалик ҳаётида кўп қўлланадиган иборага айланиб улгурган – “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ”. 

 

Хутбада кишилар номи зикр қилинмайди

Хутба[3] воиз ва хатиблар учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган энг гўзал суннатдир. Хатиб ёки воиз хутба қилар экан, бу борада  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатган йўл-йўриқларини билиши ва унга амал қилиши лозим. Шунда ул зотнинг суннатларига эргашган бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам диний асослар ва долзарб мавзуларда хутба қилар эдилар. Ислом асослари, шариат қонун-қоидаларини таълим бериб, одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарардилар.  Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутбаларидан кўзлар ёшга, қалблар эса имон ҳаловатига тўларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одатда хутбани қисқа, намозни узоқ ўқирдилар. Бу Аммор ибн Ёсир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда ҳам собит.

Аммор ибн Ёсир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бундай деганларини эшитганман деган: “Кишининг намози узун, хутбаси қисқа бўлиши унинг фиқҳидан далолатдир. Бас, намозни узоқ, хутбани қисқа қилинглар. Дарҳақиқат, сўзда сеҳр бор”, дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).

Хутба одамларга динимиз ҳукмларини тушунтириш, уларни савоб ва хайрли амалларга йўллаш, тарбия ҳамда одоб-ахлоқ масалаларини эслатиш ва етказиш учун жорий қилинган. Хатибнинг вазифаси эса бу омонатни қулай фурсат сифатида ҳис этиб, бу ишга ихлос билан ёндашмоғи лозим.

Бу ишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзига ибрат ва ўрнак деб билиши керак. Аллоҳ таоло айтади:

“Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари хутба асносида одамларнинг исмларини айнан айтмасдилар. Ҳатто у зотнинг суннатларига зид иш қилган бўлса ҳам, унга индамасдилар.  “Одамларга нима бўляптики, мана бундоқ, мана бундоқ демоқдалар...” қабилида гапирардилар. У зотнинг шахсиятларни зикр этмасликларида жуда кўп ҳикмат ва фойдалар бор. Бу ҳолат жуда кўп ҳадисларда ворид бўлган. Жумладан, Абу Ҳумайд Соъидий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

Абу Ҳумайд Соъидий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аздлик Ибн Латбия исмли бир кишини закот йиғувчи қилиб тайинлаганларида, у келиб: “Булар сизларга, мана буларни эса менга ҳадя қилишди”, деган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, Аллоҳга ҳамд айтгач: “Аллоҳга қасамки, сизлардан бирон киши ҳақи бўлмаган бирон нарсани олса, у қиёмат кунида ўша нарсани кўтарган ҳолда Аллоҳга дуч бўлади. Сизлардан биронтангизни бўкираётган туя ёки маъраётган сигир ё мараётган қўйни кўтариб, Аллоҳга дуч келганини кўрмайин”, дедилар. Кейин қўлтиқларининг оқи кўринадиган даражада қўлларини кўтариб: “Эй Аллоҳим, етказдимми?” деб айтдилар»  (Имом Бухорий ривояти). 

Ушбу ҳадисда одамлардан йиғилган закот молларини ҳали тақсимланмай туриб олишга уринган кишилар ҳақида гап кетмоқда. Бундан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дарҳол хутба қилдилар. Хутбалари умумий бўлди. Бундай ишни қилганлар қиёмат кунида ўша нарсани бўйнида кўтарган ҳолда келишларини айтдилар. Лекин ўша ишни қилганлар кимлигини ва исмларини ошкор этмадилар. 

Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишни қилиб, унга рухсат бердилар. Бироқ, айрим кишилар ундан тийилишга уринди. Бунинг хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач, у зот хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамд айтгач: “Одамларга нима бўлдики, мен қилаётган ишдан ўзларини тортмоқчи бўладилар?! Аллоҳга қасамки, мен улар ичида Аллоҳни билувчироқ ва Ундан қўрқувчироқман”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга  бирор киши ҳақида хабар келса, “Фалончи нима деяпти?” демасдилар. Балки, “Одамларга нима бўляптики, мана бундоқ демоқдалар...” дердилар» (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаларининг уйларига у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга хабар берилганида худди у (ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: “Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган”, дедилар. Улардан бири: “Мен умрбод тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман”, деди. Бошқаси эса: “Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман”, деди. Яна бошқа бири: “Мен аёллардан четда бўламан, абадулабад уйланмайман”, деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг: “Одамларга нима бўлдики, мана бундоқ демоқдалар...”, лекин мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам,  рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади ва аёлларга уйланаман ҳам. “Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Қуйидаги ҳадисда олдинги ҳадисда келмаган маънолар борлиги учун келтирдик.

Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қанча асҳоблари у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаларидан у зотнинг ошкор бўлмаган амаллари ҳақида сўрадилар. Улардан бири: “Аёлларга уйланмайман”, деди. Бошқа бири: “Гўшт емайман”, деди. Яна бири: “Кўрпада ухламайман”, деди. Шунда у зот: Одамларга нима бўлдики, бундоқ, бундоқ, дейишибди?! Лекин мен намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам юраман, аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган).

Бу ҳақда бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Ҳадисларда келган ушбу ибрат ва кўрсатмаларга саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлардан бизнинг асримизгача ўтган барча азизларимиз гўзал амал қилиб келганлар. Улар ўз хутбаларида шахслар номини айтмаганлар. Маълумки, минбар ёки меҳроб туҳмат, бўҳтон, уят ва турли нотўғри гапларни айтадиган жой эмас. Балки бу муборак жой омонатни энг гўзал тарзда етказиладиган масъулиятли ўриндир.

 

[1] Аллома Қозихон ҳижрий 592 йилда вафот этган. Шунингдек, Зоҳидий  “Рамазон фазилатлари”да, Ҳаскафий “Ад-Дурр ал-Мухтор”да (2/47), Ибн Обидин “Раддул муҳтор”да (3/724) шайхул машойих аллома Соиҳонийдан бироз фарқли иборалар билан ривоят қилган. Олусий “Руҳул маъоний”да ва Таҳтовий “Ал-Марақий”нинг ҳошиясида (415-саҳифасида) шунга ўхшаган нақлни келтирган.

[2] Ушбу тўқ рангда ёзилган жумлалар Имом Биркивийнинг “Ат-ториқотул муҳаммадия” китоби матни. Ундан кейинги ингичка ёзувда берилган матн эса унинг энг машҳур шарҳи Имом Ходимий қаламига мансуб “Бариқа” китобидан олинган.

[3] Хутба бир жамоа инсонларга етказиш учун махсус сифатларга эга бўлган ваъз-насиҳат, амри маъруф ва наҳйи мункарлар мажмуасидир.

1244 марта ўқилди

Мақолалар

Top