Мақолалар

“Валий сонго” силсиласи

Аслида қанақа?

Журналимизнинг жорий йил тўртинчи сонида “Индонезияда Исломни ёйган самарқандликлар” номли тарихий маълумотларга таянган мақола чоп этилганди. Билдирилган қизиқиш ва сўровлар асосида ўша мақоланинг давоми ўлароқ “Валий санго” силсиласининг фаолияти кенгроқ ёритилмоқда.

 “Валий Сонго” атамаси Индонезияда Ислом дини ва тасаввуф тариқатларини кенг миқёсда тарқатган мусулмон авлиёларга нисбатан қўлланади. У “Валий санга” шаклида ҳам талаффуз қилиниб, “тўққиз авлиё” деган маънони ифодалайди. Атама араб ва маҳаллий ява тилидаги икки сўз қоришмасидан шаклланган. “Валий” арабчада “ишончли киши”, “Аллоҳнинг дўсти” маъноларини берса, Индонезия аҳолиси томонидан “қўриқчи” маъносида ҳам ишлатилади. “Сонго” ёки “санга” сўзи эса ява тилида тўққиз рақамини англатади.

Силсила илк даврда Жумадил Кубро, Иброҳим Самарқандий, Мавлоно Исҳоқ ва уларнинг авлодлари бўлган тўққиз авлиёдан ташкил топган. Аммо кейинги даврларда силсила таркиби кенгайиб, ўзгариб борган.

Валий сонго валийлари XIV асрдан XVI аср ўрталаригача Ветнамнинг жанубий минтақалари, Яванинг шимолий қирғоқлари, Шарқий Явадаги Сурабая-Гресик-Ламонган, марказий Явадаги Демак-Қудус-Мурия ва Ғарбий Явадаги Чиребон ҳудудларида кенг фаолият юритган.

            Явадаги ислом дини авлиёлари иккига бўлинади биринчи тоифа Валий сонго таркибига кирувчи валийлар, иккинчиси, ушбу силсила таркибига киритилмайдиган авлиёлар. Маҳаллий анъаналарга кўра “Валий сонго” силсиласи ҳар бир даврда тўққиз авлиёдан иборат бўлган. Ушбу валийлар турли даврларда яшаган бўлишига қарамасдан уларнинг кўпчилиги бир-бири билан боғланиб кетган оила аъзолари саналади.

Баъзи манбаларда силсила фақат самарқандликлар оиласидан бўлган қуйидаги тўққиз авлиёлардан иборатлиги тўғрисида маълумотлар келтирилади: Малик Иброҳим Самарқандий, Сунан Ампел, Сунан Бонанг, Сунан Гири, Сунан Дражат, Сунан Калияга, Сунан Қудус, Сунан Муриа ва Сунан Гунунг Жатий. Бироқ, силсила таркибига кирган авлиёлар сони тўққиздан ошади. 

“Валий сонго” авлиёлари дастлабки даврда тўққиз кишидан иборат бўлган. Анъанага кўра пир вафот этганда унинг ўрнини шогирди эгаллаган ва силсила авлиёси сифатида устозининг ишини давом эттирган. Бу анъана бугунги кунгача шу тарзда давом этиб келмоқда. Бу улуғлар Индонезия архипелагида Ислом дини тарқалишида ва минтақа маданияти шаклланишида муҳим ўрин тутган.

Тадқиқотчилар фикрига кўра, “Валий сонго” минтақага аҳли сунна вал-жамоа эътиқодини олиб кирган бўлса-да, буни жамиятга етказишда тасаввуф тариқатлари томонидан ишлаб чиқилган усуллардан фойдаланган. Авлиёлар ислом таълимотини тарғиб қилиш жараёнида Қуръоннинг “Наҳл” сурасидаги 125 оят: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” асосида тарғибот олиб боришган.

“Валий сонго” вакилларининг архипелагда Исломни тарқатиш борасидаги муваффақиятини қуйидаги ёндашувларда кўриш мумкин:

Биринчиси, оила ва никоҳ орқали даъват қилиш. Бунга мисол тариқасида Иброҳим Самарқандий Чампа ҳукмдорининг қизи билан, Мавлоно Исҳоқ Баламбанг ҳукмдорининг қизи билан турмуш қурганини келтириш мумкин. Аммо, Раден Раҳматнинг бу борада қилган ишлари алоҳида эътиборга сазовор. “Бабад танаҳ Жавий”да келтирилган маълумотларга кўра у ўзининг маҳаллий ҳукумрон табақа вакили бўлган мусулмон шогирдлари билан қариндошлик ришталарини боғлашни издошлари орасида алоҳида анъанага айлантирган. Бу эса келажакда Явада Ислом дини ривожланишига таъсир кўрсатган ҳамда ҳукумрон қатлам томонидан янги динга нисбатан ижобий муносабат билдирилишига сабаб бўлган.

Иккинчиси, дастлаб Иброҳим Самарқандий томонидан асос солинган Ислом таълимотини ўргатувчи песантрен диний мактаблари Нусантара Ислом цивилизациясини барпо этишда муҳим рол ўйнаган. Ислом динин қабул қилган барча маҳаллий аҳоли вакиллари песантренларда таълим олиш учун жалб қилинган. Бу мактабларга илм олиш учун келган талабалар песантренда яшаб таълим олганлар.

Учинчиси, Ява маданиятини ривожлантириш орқали Ислом маданиятини жамиятга тарғиб қилиш. Силсила вакиллари Индонезия маданиятининг турли соҳалари ривожига ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Бу борада Иброҳим Самарқандийнинг набираси Сунан Бонанг фаолиятини келтириш мумкин. У ҳиндуийлик фалсафасига катта таъсир кўрсатган анъанавий Ява қўшиқларини ўзгартириб уларни Исломий маъно билан бойитган. Унинг машҳур ишларидан бири “Томбо ати” (Қалб шифоси) анъанавий ява қўшиғи. Ушбу қўшиқ мусулмоннинг таҳажжуд, Қуръон тиловати, рўза тутиш, тақводорлар мажлисларида қатнашиш, Худони зикр қилиш орқали руҳий хотиржамликка эришиш йўллари ҳақида ҳикоя қилади. “Томбо ати” бугунги кунда ҳам песантренларда ўқитилади ҳамда Индонезияда ўтказиладиган исломий қўшиқлар танловининг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Тўртинчиси, одамларнинг кундалик ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалалар орқали Исломни тарғиб қилиш. Силсиланинг еттинчи даври вакили бўлган Сунан Мажагунг иқтисодий соҳада наяка (вазир) этиб тайинланган. У озиқ-овқат, пазандачилик, қишлоқ-хўжалиги ва бошқа бир қанча соҳалар бўйича ҳаром ва ҳалол масалаларини ёритиб, бу борада ижтиҳод қилган. Сунан Калияга эса қишлоқ хўжалиги ривожига ҳисса қўшган “Filsafat bajak dan cangkul” (Қўш ва шудгор фалсафаси) номли китоб ёзган.

Бешинчиси, вакиллар минтақада Исломни тарғиб қилишда сиёсий воситалардан ҳам моҳирона фойдаланган. Бунга мавлоно Исҳоқнинг фарзанди Сунан Гирий амалга оширган ишларни мисол қилиб келтириш мумкин. У суд жараёнлари бўйича шариатга асосланган маъмурий қоидалар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқади. Бу борада унга ислом фиқҳи ва шариати борасида олим бўлган Сунан Қудус ёрдам берган. Сўфий даъватчилар томонидан қўлланилган ушбу ёндашувлар натижасида исломий анъаналар аввал маҳаллий урф-одатлар билан ассимиляция жараёнини бошдан кечирган, сўнгра аҳоли томонидан қабул қилинган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур силсила таъсирида архипелагнинг диний таълим тизими, устоз-шогирд анъаналари, масжидлар маданияти ва яна бошқа кўплаб ижтимоий турмуш тарзи элементлари шаклланди. “Валий сонго”нинг биринчи пири Иброҳим Самарқандий томонидан асос солинган песантрен диний мактаблари бугунги кундаги замонавий Индонезия таълим тизимининг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Феруз ХОЛМЎМИНОВ,

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот

маркази илмий ходими 

 

918 марта ўқилди

Мақолалар

Top