Мақолалар

Муҳаррам ойи фазилатлари

Ҳижрий сананинг бошланиши бўлган Муҳаррам ойи юртимиз ва элимиз учун баракали бўлсин. “Муҳаррам” ‒ луғатда “ҳурматланган”, “ҳаром қилинган” маъноларини билдиради. Яъни Аллоҳ таоло тўртта ойда урушни ҳаром қилган бўлса, уларнинг бири шу ой эрур. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда рўза тутишга тарғиб қилганлар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рамазондан кейинги рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг муҳаррам ойи”, ‒ деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ҳазрат Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Рамазон ойидан кейин рўза тутишга қайси ойни буюргайсиз?” ‒ деб сўраганларида “Рамазон ойидан кейин рўза тутадиган бўлсанг, Муҳаррамда тут. Чунки у Аллоҳнинг ойидур. Бу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган ва шу ойда  бир қавмнинг тавбасини қабул қилгай”, ‒ деб жавоб берганлар.   (Термизий ривояти )

Бу ойнинг ўнинчи кунида улуғ воқеалар бўлгани учун халқимиз Ашуро (ўнинчи кун) ойи деб аташга одатланган. Ривоят қилишларича, Иброҳим алайҳис салом Ашуро кунида туғилганлар. Жаброил, Микоил ва Исрофил алайҳис саломлар, Арш – Курси, Ер, осмон ва жаннат ҳам мазкур кунда яратилган.

Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида қишлоқ аҳлларининг имон келтирмаганлари сабабли ҳалок бўлганларини баён қилар экан жумладан шундай дейилади: “Юнуснинг қавми, қачонки имон келтирган эдилар, Биз улардан дунё ҳаётида хўрлагувчи азобни кашф қилиб (олиб) қўйдик”.

Имом Насафий ва Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳимо тафсирларига кўра, Юнус алайҳис салом қавмини ҳидоятга ҳар қанча чақирса ҳам даъватга ижобат қилишмаганлари туфайли дарғазаб бўлиб, уч кун ичида азоб келиши хабарини айтиб, юртдан чиқиб кетди. Бало келиши муқаррар бўлиб қолганидан сўнг бола-чақа, эркагу-аёл, чорва ҳайвонларигача бир жойга тўпланиб, подшоҳлари бошчилигида ҳаммалари хокисор кийимда Аллоҳ таолога тазарруъ қилиб қирқ кун нола қилдилар. Қирқ кунгача бало ҳам уларнинг тепасида кетмай туриб қолди. Ниҳоят, қирқинчи куни бало қайтиб кетди, қавм нажот топди. Ўша қирқинчи кун Ашуро  кунига тўғри келиб қолган, шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилиб, балони қайтариб юборган экан. 

Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Ким Ашуро кунида оиласига нафақани кенг қилса Аллоҳ унга йилнинг қолганини ҳам кенг қилиб қўяди”, ‒ деганлар. Шунинг учун бу кун ибодат куни бўлиши билан бирга, ўша кунги дастурхонга имкон даражасида кўпроқ неъматларни тўкиб солинадиган ҳақиқий байрамона шодиёна куни. Уламоларимиз ушбу башоратни ҳаётда синаб кўрдик, деганлар. Ушбу ожизона жумлалар муаллифи ҳам бунинг гувоҳи бўлган.

Ашуро кунида имкони борича, яхши амалларни қилиш марғуб. Жумладан қариндошлик ришталарини боғлаб, муҳтожларнинг ҳожатини чиқариш, камбағал ва мискинларга эҳсон-садақалар қилиш, рўза тутиш каби манфаъатли ишларни қилиш лозим.

Илоҳи, Парвардигор! Юртимизга, барча мусулмонларнинг юртларига баракаларингни ёғдиргин. Халқимизга тақво ва ҳидоятни бардавом айла.

 

  Шаҳобиддин  ПАРПИЕВ,

Асака тумани бош имом хатиби.

6199 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « ЎЗИНГДАН ЎЗГА... Ёшлигингда ўйнаб қол (ми)! »

Мақолалар

Top