Мақолалар

Аёлнинг итоати – охирот саодати

Аёлнинг эрига итоат қилиши – унинг эри олдидаги Қуръони карим ва суннати шариф асосида баён қилинган бурчлари орасида биринчиси ҳисобланади. Бу бурчларни эркаклар эмас, Аллоҳ таолонинг шариати белгилаган.

Аёлнинг эрига итоат қилиши – шариатга итоат қилишидир. Шу жиҳатига кўра, шариатга хилоф ишларда аёлнинг эрига итоат қилмасликка тўла ҳаққи бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг  “Нисо” сурасида бундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар” (34-оят).

Оила – кичик жамият ҳисобланиб, унга эркак раҳбарлик бўлишини оламларнинг Роббиси тайин қилган. Демак, ушбу кичик жамият раҳбари бўлмиш эрга итоат қилиш  бу  энг аввало,  Аллоҳга итоат қилиш эканини муслималар яхши тушуниб олмоғи керак.

Маълумки, ҳар қандай ишнинг амалий ва ҳиссий (руҳий) тарафи бўлади. Амалий тарафи бу – ўша ишни нимага асосан, қандай тарзда қилиниши, вақти, чегараси ва тажрибада маълум бўлган самараларини билиш билан юзага келади. Айни эрга итоат масаласининг амалий тарафи хусусида жуда ҳам кўп ва хўб гапирилган. Яъни, аёлнинг эрга итоати Ислом шариатига қандай насслар (матн) асосида киритилган, унинг сабаби, ҳукми нима, у нималарда намоён бўлади,  итоат қайси чегарагача бўлади – булар тўғрисида истаганча маълумот топиш мумкин. Лекин масаланинг бошқа тарафи – руҳий томони ҳам бор.

Аёл эрга итоат қилиши лозимлигини ота-она тарбиясида ҳамда илм-маърифат орқали билиб олади. Шу илмга амал ўлароқ эрига  итоат қилаётганида нималарни ўйлайди, бу пайт унинг онгида қандай ақида асос бўлади. Ана шу ниҳоятда муҳим масала ҳисобланади.

Банда қачон бирор амални шариат буюрганидек бажариб унга ваъда қилинган мукофотга эга бўлади?

Қачонки, бажарилаётган ишни қалбида соф ақида билан, яъни фақат Аллоҳ розилиги учун бажарса!  Ибодатлар, муомалотлар...  барча ҳаракатлару саканотлар фақат Аллоҳнинг розилигини топиш учун қилинса, уринишлар бесамар кетмайди. Вожибни бажариш учун қилинадиган ҳар қандай иш ҳам вожибга айланади, деган умумий қоида бор. Масалан, намоз ўқиш фарз-вожиб, шунга кўра, намозни қоим қила оладиган даражада куч бўладиган овқатни ейиш ҳам вожибга айланади. Ана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, эрга итоат – Аллоҳга итоат бўлади. Эрига қанчалик чиройли  итоат қилса, Аллоҳ таолога  ҳам шунчалик ихлос билан ибодат қилган бўлади.  Аллоҳга қанчалик муҳаббат қилса, Унинг розилигини топиш учун қилган ҳар қандай амали, хусусан, Унинг буюрган ибодати бўлмиш эрга итоат ҳам шунчалик холис ва самимий бўлади.   

Албатта, итоат муҳаббат билан юзага чиқади. Лекин банда ҳеч кимни ва ҳеч нарсани Аллоҳни яхши кўрганчалик яхши кўрмаслиги керак. Агар муҳаббат Ундан бошқа бирор нарса ёки кимсага нисбатан меъёридан ошиб кетадиган бўлса, ғулувга кетишдек иллат пайдо бўлиши мумкин.  Ҳар қандай банданинг қалбидаги энг катта муҳаббати Аллоҳ таолога муҳаббат бўлиши керак. Буни мисолда оддийроқ қилиб тушунтирсак, масалан, аёл киши эрини жон-дилидан яхши кўриб, унинг олдидаги бурчларини тўла англаб, унга сидқидилдан хизмат қилади, жонини гаровга қўйиб, ҳаётининг давомчиларини дунёга келтиради, уларни парваришлаб, тарбия беради, эртаю кеч тиним билмай, рўзғор ташвишлари билан банд бўлади. Қайнота-қайнона, қайин-бўйинлари хизматини қилади. Бутун борлиғини эрига, оиласига бағишлайди.

Бунга жавобан турмуш ўртоғидан ҳам ҳурмат-эътибор, муҳаббатни кўрса, нур устига аъло нур. Ислом шариатида васф этилган ҳақиқий бахтли оила бўлади. Лекин ҳамма эркаклар ҳам инсофли эмас. Шайтон ҳамма ерда ҳозиру нозир. Энг севимли ҳунари – эр-хотиннинг ўртасига нифоқ солиш.  Шу ҳунарини ишга солса, эрдан инсоф кетиб, хотинига беписанд бўлиши, унга бутунлай тескари муомала қилиши, ва энг ёмони, хиёнат қилиши ҳам мумкин. Шундай воқеалар ҳаётда учраб турибди.

Ана шундай ҳолда аёл нима қилади?

Агар аёлнинг жамики эътибори эригагина қаратилган, нияти фақат уни рози қилиш бўлса, бундай вазиятда аёл ниҳоятда оғир аҳволга тушиб қолади. Эридан бундай муносабатни кутмаган аёл, агар ўта тақводор аёл бўлса ҳам, энг камида ўзи руҳий тушкунлик – апатия ҳолатига дучор бўлиши тайин. Мабодо, иймони сустроқ аёл бўлса, эридан ўч олиш пайига тушади. Аламини ё фарзандларидан, ё қайнота-қайнонасидан, ё яна бошқадан олмоқчи бўлади. Ўзининг ҳам, эрининг ҳам обрўсини тўкиб, жанжал кўтаради. Ҳаттоки, мана сенга, сенам бунинг аламини бир тотиб кўр деб, хоин эрига у ҳам хиёнат қилади... Афсуски, ҳозирда шундай қилаётган аёллар ҳам йўқ эмас...

Кейин нима бўлиши аён: оила бузилади, болалар тирик етим бўлади, мувозанат йўқолади, жамият издан чиқади...

Ана шундай вазиятда аёл ниятини холис Аллоҳ учун қилиб, эрининг розилигини ҳам Аллоҳ розилиги учун олишни ният қилган бўлса, у жамики саъй-ҳаракатлари бекор кетмаслигини яхши билади. Ихлос билан қилган ҳар бир амалини бандаси билмаса-да, Алийму Хобийр Зот кўриб турганига шак қилмайди. Заррача машаққати мукофотсиз қолмаслигидан кўнгли хотиржам бўлади. Аллоҳ розилиги учун қилинган амалларининг ажрини ҳам бандадан эмас, Аллоҳнинг Ўзидан кутади. Аллоҳ розилиги учун сабр қилади ва бунинг учун ҳам савоб олади. Бетавфиқ инсонларни Аллоҳга ҳавола қилади. Инсоф сўраб, ҳаққига дуо қилади. Баъзан шундай ҳолларда эрга инсоф бериб, ўзини ўнглаб олиши ҳам мумкин. Бунда аёл ҳам бу дунёда саодатга эришади, бир инсоннинг ҳақ йўлга қайтишига сабаб бўлгани учун ажр ҳам олади.

Хосиятбону ЭРКИНЗОДА,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

13427 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Муҳтожлик малҳами Тоғлар ҳам ҳаракатда »

Мақолалар

Top